Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига берган жавобларини ўқир эканман, давлатимиз раҳбарининг сўнгги беш йилда мамлакатимизда кенг миқёсдаги демократик ўзгаришлар, ислоҳотлар ва янгиланишлар мазмун-моҳиятини чуқур очиб берганликларининг гувоҳи бўлдим. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маърифий соҳаларда қадамма-қадам амалга оширилиши керак бўлган вазифалар, фан, таълим тўғрисидаги ўринли мулоҳазалар билдирилган.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазият тақозоси сифатида ҳамда халқимизнинг асрий интилишлари ва миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган Янги Ўзбекистон барпо этиш зарурати тўғрисидаги фикрлари том маънода бугунги куннинг ҳавосидир.

Айни пайтда юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва олиб борилаётган сиёсат натижасида қанчадан-қанча иш ўринлари яратилди, иқтисодиётда ечилмаган муаммолар ўз ечимини топди ва муҳими халқ дарди, муаммоси билан яшаш тушунчаси юзага келди.

Президентимизнинг сўнгги 5 йилликда янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, ички ва ташқи сиёсати, бугунги ва эртанги кунига доир устувор вазифалар ҳақидаги мулоҳазалари билан танишар эканман, қисқа муддат ичида эришилган ютуқлар ва олдинга қўйилган улкан марралар камтарона қилиб баён қилинган, зеро Ўзбекистон ушбу қисқа вақт давомида дунёга юз тутди, сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари биринчи ўринга кўтарилди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг узоқ йиллар давомида давлат бошқарувининг барча бўғинларида орттирган тажрибаси сабабли эски бошқарув тизимининг нуқсон ва камчиликларини, халқ дарди ва муаммоларини англаган ҳолда, реал ислоҳотлар жараёнида давлат идораларининг халқимизга хизмат қилишини таъминлаш амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Шунингдек, таълим тизимидаги ўзгаришларни алоҳида таъкидлашни истардим. Ўтган вақт давомида таълим тизимига катта эътибор қаратилди. Айниқса, охирги йилларда олий таълим муассасалари 141 тага етгани, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилганини, «Янги Ўзбекистон университети» ташкил қилинганлигини фахр билан тилга олиш мумкин. Тўрт йил олдин ОТМлар сони 77 та эди. Бундан тўрт-беш йил олдин мактаб битирувчиларининг фақат 9 фоизи олий маълумотга эга бўлиши керак бўлса, ҳозир бу рақам 28 фоизга етди.

Шу ўринда шуни таъкидлашим лозимки, муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил, 20 мартдаги «Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан МДҲда ягона, замонавий турар жой ва спорт комплексларига эга бўлган АҚШ университетининг айнан Тошкент шаҳрида очилиши ҳам бевосита олиб борилаётган ислоҳотлар, таълимга қаратилаётган эътиборнинг кичик бир намунаси, деб биламан. Зеро, Янги Ўзбекистон остонаси таълимдан бошланади.

Тошкент шаҳридаги Вебстер университетида ҳозирги кунда ёшларга бизнес бошқарув, иқтисодиёт, халқаро алоқалар, ахборот тизимларини бошқариш, медиашунослик бўйича таълим олиш имконияти яратилган.

Магистратура йўналишида эса инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш (MA TESL), бизнес бошқарув (MBA), таълим ва инновация (MA EDIN) бўйича таълим дастурлари олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда университет халқаро Олий таълим муассасалари рейтингида кучли 600 таликдан ўрин олган, мамлакатимиздаги илғор ОТМ ҳисобланади. Тошкент шаҳридаги Вебстер университети ташкил этилганига қисқа муддат бўлганига қарамасдан ҳозирги кунда 2000 га яқин талабага эга. Университет битирувчилари, ўзларининг муваффақиятли таълим босқичларидан сўнг Вебстер университетининг (АҚШ) халқаро тоифадаги дипломига эга бўлишади ва бу уларга келажакда дунёнинг исталган нуқтасида меҳнат фаолиятини олиб бориш имкониятини беради.

Бугунги кунда Президентимиз томонидан таълимга берилаётган эътибор натижасида қисқа муддатда капитал таъмирдан чиққан университет Кампуси ва талабалар учун замонавий турар жой мажмуаси қад ростлади.

Ушбу амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари нафақат Ўзбекистонлик талабалар, балки хорижий талабалар учун ҳам катта имкониятлар яратилаётганлигидан далолат беради. Замонавий бино талабалар билан ишлаш ва ўқув жараёнларини мукаммал тарзда олиб бориш учун қулай жойлашган, 4 қаватдан иборат ва барча талабларга жавоб берувчи синф хоналарини ўз ичига олади. Бунда талабалар учун 24/7 тизимида фойдаланиш имкониятини берадиган бепул Wi-Fi хизмати ҳам мавжуд.

Ўйлайманки, яратилаётган имкониятлар ёшларни изланиш ва интилишида, юксак марраларга эришишида пойдевор бўлади ва албатта ҳаётимизнинг бугуни кечагидан, эртаси бугунгидан яхши ва обод бўлишига, онгу тафаккуримизнинг юксалишига хизмат қилади. Яратилаётган имкониятларнинг гувоҳи бўлган фуқаро сифатида шуни ишонч билан айтаманки, биз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўламиз.