Менинг 19 нафар ўғлим 9 нафар қизим бор. Ажабланяпсизми? Икки нафари ўзимнинг фарзандим. Қолганларининг бари 14 ёшни қаршилаган ва қаршилаётган қоракўз ўқувчиларим. Мана шу болажонларим, жонимнинг бўлаклари — шогирдларимнинг камолини кўрмоқлик олий мақсадим. Насиб қилса, бунга албатта, эришаман. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан устозларга берилаётган эътибор, уларнинг шарафланиши ва албатта "Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади" — дея таъкидлагани мен каби устозларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. Китобий тилда айтганда, денгиз тубидан то етти осмон қадар парвозга шай қанотлар бахш этди. Бугун ўқитувчиларга берилаётган кенг имкониятлар республикамизнинг ҳар бир ҳудудида таълим сифати билан бирга ўқитувчининг ҳам нуфузини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Президентимиз яқиндагина вилоятимизга ташрифи давомида турли жабҳаларда бораётган иш жараёнлари билан танишди, кўп жойларни бориб кўрди. Маҳаллаларда одамлар билан ҳамсуҳбат бўлди. Айниқса, "Мен андижонликларни яхши кўраман, бу ердаги ҳамма ватанпарвар" деган сўзларини эшитганимда, қувончим ичимга сиғмай кетди ва Президентимизга "Ҳурматли Президент, мен ўқитувчиман. Менинг ўқувчиларим бобурийзода ўқувчилар. Ўзбекистон учун ниҳоятда керакли ва жонкуяр инсонлар бўлиб етишади. Ўзбек ақл-зиё брендини бутун дунёга намоён этади. Ҳар қандай соҳанинг ўсиш нуқтасидан то маррага етгунга қадар бобурийзода ўқувчиларим, бўлажак даҳоларим билан ёнингизда камарбастаман", дедим. Шу сўзларим юртбошимизнинг менга 3 хонали уйни туҳфа этишига сабаб бўлди. Энди айтингчи, қаерда кўргансиз фақат юксак режалари, ҳали амалга ошмаган мақсадлари учун тақдирланган устозни?! Бу тақдирлов мен ва оилам учун жуда катта хурсандчиликка сабаб бўлди. Худо хоҳласа, қўлимда таълим олаётган ўқувчиларим дунё минбарларида Ўзбекистон аталмиш юртнинг байроғини, шони ва шавкатини тоғлардан-да юксакларга кўтаришига бор имкониятим, салоҳиятимни сафарбар этаман. Менинг тиришқоқ ўқувчиларим сингари юртимиздаги минглаб эртамиз эгалари нафақат спортда, билимда ҳам рекорд даражалар кўрсата олишига ишонаман.

 Сўзим якунида аввало, илм-маърифат ривожига беқиёс ҳисса қўшаётган, Учинчи Ренессанс сари катта карвонни етаклаётган муҳтарам Президентимизга мингдан минг ташаккур айтаман. Шунингдек, вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг янги уй калитини топшираётиб "Биз сизга ишонамиз, устоз" деган сўзлари, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билдирган самимий тилаклар, бошқарма бошлиғи Aзизбек Миркомиловнинг юксак ишончи учун ўз миннатдорчилигим, чексиз ҳурматимни билдираман. Уй жуда ҳам чиройли ва шинам. Ҳеч муболағасиз айтаман, бундай уйларни фақат киноларда кўрганман. Уйни номимга ўтказиб беришди. Мен бугун Янги Ўзбекистонинг энг бахтли ўқитувчиси, бахтдан масрур қизиман. Қувончларим қалбимга сиғмай, миннатдорлигим ифодаси сифатида ушбу шеъримни қоғозга туширдим.

Ватан мадҳинг учун сўзларим ожиз,

Лойиқ сўз тополмай ҳижолатдаман.

Бахтли ёшлик бердинг, иқболлар бердинг

Истиқлол қўйнида фароғатдаман.

 

Aндижон тонгида урмоқда бонглар,

Кенг қирлар бағрида ҳаёт чашмаси.

Ҳар бир ёш қалбида шижоат, шиддат

Янги Aндижоннинг бу нишонаси.

 

Қўлларим кўксимда, қалбим поёндоз,

Фаранг-у Олмонга андоза халқим.

Буюк даҳоларга бўлолган маёқ

Янги Aндижонинг муборак юртим!

 

Меҳриноза ЖИЯНАЛИЕВА,

Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги

 12-мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси