Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан кўп қаватли уйларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар ҳисоб-китобини юритувчи "Менинг уйим" биллинг тизими ишга туширилди.
Бугунги кунга қадар “Менинг уйим” ягона электрон базасига ширкат ва бошқарув ташкилотлар бошқарувидаги кўп квартирали уйлардаги 1 218 689 та хонадон тўғрисидаги маълумотлар киритилди.
Шундан 731 849 таси вилоятлар ва 486 840 таси Тошкент шаҳрига тўғри келади. Вазирликнинг расмий-веб сайтида “шаффоф коммунал” ойнаси яратилди ҳамда электрон реестр ва электрон рейтинг платформаси ҳаволасида ишга туширилди. Ахборот тизимидан фойдаланиш йўриқномалари бўйича видео роликлар тайёрланиб, вазирлик расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида тарғиб қилиб келинмоқда.
“Менинг уйим” ахборот тизимида кўп квартирали уй-жойлар хонадонларининг маълумотлар базасини автоматик шакллантириш мақсадида кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамларига боғланган ҳамда ягона манзиллар реестри билан, шунингдек, уй-жойлар мулкдорларининг қарздорлигини нотариал идоралар томонидан текшириш учун Адлия вазирлигининг маълумотлар базаларига интеграция қилинган.
“Менинг уйим” ахборот тизими Марказий банкнинг клиринг “МУНИС” тизимига интеграция қилиниб, мажбурий бадалларни тижорат банклари кассалари ҳамда электрон тизимлар орқали қабул қилиш имконияти яратилди. Бу тизим орқали жорий йил бошидан 31 октябрга қадар Марказий банкнинг клиринг “МУНИС” тизими ва электрон тизимлар орқали 173 млрд сўм пул маблағи келиб тушган.