Юртимизда пишиб етилган мева-сабзавот маҳсулотларининг 2023 йил январь-август ойларига доир экспорт кўрсаткичлари таҳлил қилинди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари ўтказган таҳлилга кўра, ушбу даврда хорижий мамлакатларга умумий қиймати 763,6 миллион долларга тенг бўлган 1 246,9 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу эса 2022 йилнинг шу давридагига нисбатан 16,7 фоиз кўп, демакдир.

Мева-сабзавотлар экспортида қиймат жиҳатидан энг катта улушни шафтоли (нектарин) – 8,8 фоиз, гилос – 6,9 фоиз, пиёз – 6,9 фоиз, узум – 6,1 фоиз, майиз – 5,5 фоиз, ўрик – 4,3 фоиз, қовун ва тарвуз – 4,8 фоиз, помидор – 3,3 фоиз эгаллади.

Экспортнинг умумий ҳажмида мева-сабзавотлар улуши 4,6 фоизни ташкил этган. Россия (42 фоиз), Покистон (15,4 фоиз), Қозоғистон (12,1 фоиз), Қирғизистон (8,4 фоиз), Хитой (8,3), Туркия (2,2 фоиз), Беларусь (1,6 фоиз), Афғонистон (1,3 фоиз), Эрон (0,9 фоиз), Ироқ (0,9 фоиз) Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорларидир.