Ўзбекистон ҳамиша кўп миллатлилик ва кўп динлилик шароитида миллатлараро ҳурмат ва тотувлик руҳи билан ажралиб келган. Ҳуқуқий давлат барпо этиш сари бораётган жамиятимизнинг маданийлиги ва давлатимизнинг демократиклилик даражаси, миллий ва этник гуруҳларга яратиб берилган шароит ва имкониятлар билан белгиланади. Шу туфайли улар маданий ўзига хосликни қарор топтириб, ўзларининг маънавий ва ақлий салоҳиятини тўла-тўкис тарзда рўёбга чиқариб келмоқдалар.
Виждон эркинлигини таъминлаш, миллатлараро вa динлараро муносабатларни уйғунлаштириш соҳасида ўтказилаётган ҳар томонлама пухта ўйланган давлат сиёсати ўз самарасини бераётганлиги билан фахрланиш учун ҳамма асосларга эгамиз.
Суверен Ўзбекистон ўз тарихи, мамлакатнинг табиати ва жуғрофий-сиёсий ҳолати хусусиятларини, демографик вазият, ўзбек халқининг менталитетини эътиборга олиб, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиш соҳасида ўз йўлини танлаб олди.
Мустақил ривожланиш йўлини танлашда республиканинг кўп миллатлилигига катта аҳамият берилади, чунки гап Ўзбекистонда яшовчи турли миллатларга мансуб юз минглаб кишиларнинг тақдири ҳақида, уларнинг ўз мамлакати равнақи йўлидаги жипслашган бунёдкорлик иши ҳақида боради. Республикада яшовчи турли-туман аҳолининг кўпчилиги учун Ўзбекистон қадрдон ватан бўлиб қолган.
Кўп миллатли жамиятда бағрикенглик, ўзаро ишонч ва ҳурмат- миллатлараро ҳамжиҳатликнинг пойдевори, мамлакатдаги халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни уйғунлаштиришнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Миллат ва элатларнинг бағрикенглиги, ўзаро ҳурмати - жамият маданиятлилик даражасининг кўрсаткичи, давлатдаги миллатлараро тотувликнинг асоси ва шу билан бирга келгусидаги муваффақиятли ривожланишнинг энг муҳим шарти ҳамдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ва миллатлараро ҳамжиҳатлиги тўғрисидаги, Ўзбекистон – унда истиқомат қилувчи барча ҳалқларнинг умумий уйи ҳақидаги баёни, республикамизнинг тегишли расмий ҳужжатлари ва аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. «Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этади», - дея таъкидланади Конституцияда.
Жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, давлат ва жамиятнинг сиёсий тузилиши, тизимини белгилайдиган, фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайдиган халқаро қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга жавоб берадиган ва халқнинг тарихий тажрибасига мос келадиган Конституция - мустақил, демократик, ҳуқуқий давлатни қарор топтириш ва ривожлантиришнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.
Мустақил Ўзбекистон Конституцияси янги жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатидир. Уни тайёрлаш ва қабул этишда Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ирқи, миллати, қайси динга мансублиги, тили, туғилган жойи, ижтимоий келиб чиқиши, сиёсий эътиқодларидан қатъий назар, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигига асосланиши кераклиги қатъий равишда ҳисобга олинди.
Эътибор беерсангиз ,Бош Қомусимизнинг 18-моддасида ҳам бу мустаҳкам асос қилиб белгилаб қўйилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”дейилган.
Бу борада бугунги кунда юртимизда миллатлараро аҳиллик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласи бошқа даврларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг янги босқичида ҳам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан устувор йўналиш сифатида эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, Президентнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”деган эдилар президентимиз. Мамлакатимизда олиб борилаётган миллатлар аро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсати нафақат ички балким ташқи сиёсатда ҳам ўз аксини кўрсатмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ялпи мажлиси томонидан муҳим бир ҳужжат – «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинди. Ушбу резолюцияни қабул қилиш ташаббуси 2017 йил 19 сентябрда Бош Ассамблеянинг 72- сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган эди. Ўзбекистон Президенти томонидан билдирилган ушбу таклиф Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 193 та давлат томонидан кенг қўллаб қувватланди ва қабул қилинди. Жаҳон ҳамжамиятида Президентимизнинг бу ташаббусларини нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган юксак ҳаракат деб баҳоланди.
Мамлакатимизда амалга оширилгаётган ислоҳотлар натижасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолият юритмоқда. Мазкур қўмита давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилди .
Айрим суверен давлатлардан фарқли ўлароқ бизнинг мамлакатимизда инсоннинг ҳаётий муҳим халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳужжатларида тан олинган асосий ижтимоий-иқтисодий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари камситишга дучор қилинмайди.
Юқорида таъкидланган жиҳатларни эътиборда тутиб шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда юқорида санаб ўтилган ижтимоий соҳаларда салбий ҳодисаларни рўй бериши учун ҳеч қандай асос йўқ, чунки республикада фуқаролик тўғрисида, аҳолини иш билан таъминлаш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа бир қатор қонунлар қабул қилинганки, уларда фуқароларнинг туб жойли миллатга мансуб бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари бошқалар билан бирга фуқароликка эга бўлиш, озод меҳнат, эркинлик, машғулот ва иш турини танлаш каби ҳуқуқлар билан таъминланади.
Ўзбек халқининг ҳаётида рўй бераётган чуқур ўзгаришларда Ўзбекистонда яшовчи бошқа халқларнинг вакиллари ҳам бир жон, бир тан бўлиб қатнашмоқдалар. Ана шу халқларнинг ҳаётида ҳам чуқур тарихий ўзгаришлар фаол содир бўлмоқда. Миллатлараро ҳурмат ва тотувлик руҳи билан ажралиб турадиган Ўзбекистонда миллати, диний эътиқоди, тилидан қатъи назар, барча фуқароларнинг якдиллигини таъминлаш сиёсати юритилаяпти. Айни пайтда юртимизда яшаётган миллат ва элатлар тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, таъминлаш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаши, миллатига хос анъана ҳамда қадриятларини ҳурмат қилиш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратилган.
Толерантлик (бағрикенглик) тамойиллари дунёдаги кўпчилик давлатларнинг қонун ҳужжатларида, инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилган ва халқаро декларацияларда ўз ифодасини топган. Бу соҳада БМТ томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумий декларацияси, шунингдек Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт энг асосий ҳужжатлар бўлиб хизмат қилади. Европа Кенгаши доирасида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси амал қилади. Конвенция юзасидан тузилган ва уни ратификация қилган давлатлар зиммасига барча ҳуқуқларни ҳеч бир камситишсиз кафолатлаш мажбуриятини юклайдиган ва мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда жазо чорасини қўллашни кўзда тутадиган 12-баённома кучга кирди.Ҳозирги кунда бағрикенглик муаммоси бутун дунёда долзарб муаммо сифатида топилиб, тегишли халқаро ташкилотларда муҳокама қилинмоқда. Чунончи, ЮНЕСКО бағрикенгликни шакллантириш йўлида муҳим ишларни амалга оширмоқда. Унинг Париждаги қароргоҳида 1993 йили толерантлик бўлинмаси тузилди. Орадан икки йил ўтиб (1995 йил 16 ноябрда) ЮНЕСКО Бош Конференцияси "Declara tio n of princip le s on to lerance” ни тасдиқлади. Бу ҳужжатни 185 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон ҳам имзолади . Декларацияда миллий , этник, диний ва тил
гуруҳларига нисбатан зўравонлик, ётсираш ва камситишнинг ялпи авж олишига қаршилик кўрсатиш лозимлиги таъкидланади .Бағрикенглик халқлар ўртасида муросага келиш йўлини топиш ,можароларнинг тинч йўл билан бартараф этишнинг муҳим шарти эканлигини кенг жамоатчилик эътироф этмоқда.
Мана кўп йиллардан буён 16 ноябр кунини халқаро толерантлик куни сифатида нишонланиши одат тусига кириб қолди. Шу куни бутун дунёда сабр-тоқат ва ҳамжиҳатликни тарғиб қилишга бағишланган қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг ёрқин намунаси 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”дир. Ҳозирда ушбу куни бутун дунёда “Ҳалқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик, осойишталик беғубор осмон, мунаввар кунларимизнинг қард қиммати, аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Ана шу тинчлик, осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Юртимизда хилма–хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида хамкор ва ҳамжихат бўлиб яшашлиги бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.
Президентимиз ташаббуслари билан 30 июль Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилинди.Давлатимиз томонидан миллатлараро дўстлик ва аҳилликни мустаҳкамлашда фаол бўлган инсонлар давлат мукофотлари ва шунингдек “халқлар дўстлиги “ кўкрак нишонлари билан тақдирланмоқда.Шу йил байрам арафасида
Ўзбек халқини Халқлар дўстлиги куни билан табриклаб Президентимиз “Кўп миллатли халқимизнинг мустақиллик йилларида эришган энг катта бойликларидан бири – “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган шиор остида мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва аҳилликни сақлай олганимиз ҳисобланади, десак, адашмаган бўламиз.
Бизнинг барча ютуқларимиз – у хоҳ ташқи ёки ички сиёсатда бўладими, хоҳ иқтисодий ёки маданий-гуманитар соҳаларда бўладими – қўлга киритаётган муваффақиятларимиз замирида жамиятимиздаги осойишталик ва тотувлик ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, янги даврга қадам қўйган Янги Ўзбекистоннинг бош мақсади – жамиятда ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат .
Янги Ўзбекистонда . эришилаётган ютуқлар ,унинг ниҳоятда бой тарихий мероси ,маданияти ва санъати бутун дунёда доимий қизиқиш уйғотиб ,сармоядорлар ва саёҳатчиларни ўзига жалб этиб келмоқда. Бу вазиятда Ўзбекистон Республикасининг кўпмиллатли фуқароларининг тафаккури,турмуш тарзи ва феъл –атворидаги бағрикенглик тамойиллари шубҳасиз муҳим ўрин тутади.
Раҳбар Холиқова,
Тарих фанлари доктори, профессор