Бу йўналишдаги ижобий янгиланишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиляпти. Шу билан бирга, ҳали ўз ечимини кутаётган, ислоҳотларга соя солаётган айрим масалалар ҳам бор.
Юртимизда ўзига хос кутубхоначилик тизими шаклланган бўлиб, минтақамиздаги бошқа мамлакат кутубхоналари билан тенгма-тенг рақобатлаша оларди. Бироқ йиллар давомида молиялаштириш масаласида йўл қўйилган камчиликлар туфайли тизимни қисман бой бердик. Ҳали ҳам кеч эмас, лекин, аввало, масаланинг моҳиятига чуқур етиб, ечимига астойдил киришиш зарур.
Шу ўринда савол пайдо бўлиши шубҳасиз: хўш, кутубхоначиликдаги самарасиз трансформациянинг сабаби нимада?
Биринчидан, 2006 йили соҳага доир қабул қилинган қарор натижасида барча кутубхоналар бир вазирлик тасарруфидан чиқди ва ўзлари бўйсунадиган вазирлик тасарруфида ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказлари сифатида қайта ташкил қилинди. Узоқ қишлоқларда фаолият кўрсатадиган кутубхона филиалларининг салмоқли қисми ёпилди ёки бирлаштирилди. Шу билан зиё масканлари турли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, юридик мақомга эга бўлмаган, тизимдаги бир бўғим сифатида фаолият бошлади. Бу эса кутубхоналарнинг мустақил ўз сиёсатини юритолмаслигига, эҳтиёжидан келиб чиқиб хизмат кўрсатиш ҳамда ривожланиш тенденцияларини ўзи белгилай олмаслигига сабаб келди.
Иккинчидан, ягона кутубхоначилик сиёсати, соҳани тўғри ташкил қилиш ва юритишда меъёрий-ҳуқуқий базага амал қилиш тамойили йўқотилди. Вазирликларнинг соҳани тушуниб-тушунмасдан қабул қилган қарорлари ташкилий-ҳуқуқий хаосни келтириб чиқарди. Кутубхона фондларининг йўқ қилиниши юзага келган хаоснинг аянчли оқибати бўлди.
Учинчидан, деярли барча камчиликлар кутубхоналарга давлат бюджетининг сурункали маблағи кам ажратилиши билан боғлиқ. Ахборот-ресурс марказлари филиалларининг янги нашрлар билан умуман тўлдирилмагани, моддий-техник базаси шаклланмагани, мавжудлари ҳам янгиланмагани, биноларда китобхонлар учун етарли шароит ва имкониятлар яратилмагани, эътибордан четда қолиб кетгани кутубхоналарнинг тўлиқ инқирозга учрашидаги энг асосий омил, десак тўғри бўлади. Бундай кутубхоналар фақат қоғоздагина ишлади. Чунки аҳоли мавжуд китоб фондини ўқиб бўлган, аҳоли, айниқса, ёшлар учун эса янги адабиёт (лотин алифбосига асосланган ўзбек тилидаги) билан тўлдирилмаган, газета ва журналлар обунаси умуман ташкил қилинмаган.
Профессионал ахборот-кутубхона соҳаси, яъни профессионал кутубхоначилик сегментидан ташқари кутубхоналар мавжуд бўлиб, улар турли ташкилот ва муассасалар таркибида фаолият кўрсатади. Маҳалла кутубхоналари (кўп ҳолларда маънавият бурчаги, кутубхона бурчаги кўринишида) ёшлар кутубхоналари, маданият уйлари кутубхоналари шулар жумласидан. Ушбу ташкилотларнинг ихтисослиги кўп тармоқли бўлиб, кутубхона унинг бир бўлаги ёки шўъбаси сифатида фаолият юритиши мумкин.
Аммо кутубхоналар мақомининг ташкилот устав ҳужжатларида акс этмаслиги, шунингдек, кутубхоначи штати йўқлиги (қайсидир ходимга бу вазифани бажариш юклатилган), молиялаштириш тизимининг мавжуд эмаслиги бугунги кун кутубхоналаридан талаб этилаётган вазифаларни тўлиқ бажаришга халал беради. Кутубхонанинг асосий фаолият олиб бориши билан боғлиқ жараён тизимли ташкил қилинмаган. Кўпроқ бундай ташкилотларда кутубхона қўшимча фаолият юритади. Ҳамкорликда турли тадбирлар, асосан, маданий, ҳордиқ чиқаришга йўналтирилган тадбирларни ташкил қилади.
Бундай ташкилотлардаги зиё масканлари фаолияти қанчалик тараққий этишини вақт кўрсатади, бироқ кутубхонанинг ижтимоий институт сифатидаги хусусияти йўқолмоқда. Уларда ким ишлаши, маълумоти ҳар доим ҳам аниқ эмас. Профессионал нуқтаи назардан айтиш мумкинки, ахборот-кутубхона соҳасининг асосий жараёни, жумладан, жамлаш, каталоглаштириш, фондларни сақлаш, ахборот технологияларини қўллаш, маълумотлар базалари, услубий ёрдам, кадрлар малакасини ошириш сифати тушиб кетади. Китоб фондлари эскиради. Ташкилий бошқарувдаги турли ғовлар ягона автоматлаштирилган тизимни яратиш, электрон ресурслардан ҳамкорликда фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.
2019 йил 7 июнда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Кўпдан бери кутилаётган ушбу ҳужжат асосида республикамизда аҳолига хизмат кўрсатадиган, универсал фондларга эга туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил қилинди. Қарорда маҳаллий ҳокимликларга кутубхоналар учун бино ажратиш, қуриб бериш, мавжудларини қайта таъмирлаш вазифалари юкланган эди. Бироқ ўтган давр мобайнида республика бўйича саксон-тўқсон фоиз кутубхоналар учун бино ажратиш масаласи ҳал этилмади. Ваҳоланки кутубхона юридик мақомга эга мустақил давлат муассасаси бўлиб, расмий ўз биносига эга бўлиши лозим.
Бу масала нақадар муҳим экани тушуниб етилмаган. Кутубхоналар ижтимоий институт экани ёддан чиқарилиб, улар учун ажратилган бинода фитнес зали, маиший буюмлар дўкони, ошхона, гўзаллик салони фаолиятига йўл қўйилган.
Ҳудудларни ўрганиш натижаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жойлардаги айрим мутасаддилар кутубхонани эски китоблар омбори деб тасаввур қилади. Унинг учун янги бино қурдириш, мавжудини таъмирлатиб бериш ўрнига буткул йўқ қилинишига сабабчи бўлмоқда. Ҳолбуки кутубхоналарда миллатнинг интеллектуал капитали шаклланади.
Кутубхоначилар фаолияти жараёнида бюджет маблағларининг сурункали етмаслигига дуч келади. Ваҳоланки кутубхона фондини жамлаш ва сақлаш, бино ва иншоотларни сақлаш, технологик парк ва лицензияли дастурий таъминотни янгилаш, узлуксиз интернетдан фойдаланиш учун бадал тўлаш, турли ижтимоий-маданий тадбирларни ташкил қилиш учун етарли маблағ зарур.
Туманларда аҳолининг барча қатлами учун хизмат қиладиган ахборот-кутубхона марказларининг ташкил этилиши юртимизда ахборот-кутубхона соҳасининг муҳим жиҳати, десак муболаға эмас. Чунки уларда давр талабига уйғун трансформация жараёни бошланган. Ҳозир кутубхонада бажарилган барча саъй-ҳаракат фойдаланувчи эҳтиёжини таъминлашга қаратилган. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, ахборот-кутубхона муассасаларида бошқача амалиёт ҳам бўлган, яъни зиё масканлари фойдаланувчи талабини шакллантирган ҳам.
Мижозга қаратилган ислоҳот, хоҳласа-хоҳламаса, кишини интеллектуал ва ахлоқий ривожланишдан маънавий истеъмолчилик томон етаклайди. Биз китоб ва бошқа ахборот-кутубхона ресурсларининг иккинчи ўринга тушишига йўл қўймаслигимиз, кутубхоналар бора-бора дам олиш масканига айланиб қолмаслиги керак.
Давр шиддат билан ривожланяпти. Ахборот-кутубхона муассасалари ҳам бу жараёндан четда эмас. Ахборот асрида ахборот олувчи манбалар кўп. Кутубхоналар уларнинг орасида йўқ бўлиб кетмай, ўрнини қатъий эгаллаши, ижтимоий институт сифатида сақлаб қолиниши талаб этилади. Зеро, кутубхона миллатни тарбиялаш, олган билимини мустаҳкамлашда муҳим қон томири эканини доимий исботлаши, керак бўлса, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши зарур.
Умида ТЕШАБОЕВА,
Миллий кутубхона директори