“Миллий армиямиз – ёшлар нигоҳида” шиори остидаги мазкур фестивал Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ёшларда катта қизиқиш уйғотган фестивал доирасида ёшлар ўртасида тимбилдинг, камондан ўқ отиш, шахмат-шашка, арқон тортиш, стол тенниси, алпинизм,  велосипед ёрдамида тўсиқлардан ўтиш каби мусобақалар ўтказилиб, ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Ватанпарварлар боғи” шу куни чинакам ватанпарвар йигит-қизлар билан гавжум, ёрқин хотираларга бой воқеалар билан тўлди. Турли спорт мусобақалардан  ташқари, рассомларнинг табиат ва инсон уйғунлигини бирлаштирган гўзал тасвирий санъат намуналари, ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг портретлари кўчган суратлар тадбирга янада фусункорлик бахш этди.

Қурол-яроғлар ҳамда спорт техникаларидан иборат кўргазмалар эса ёшларга миллий армиямиз куч ва салоҳиятидан сўзлаган бўлса, боғ ичидаги “Хотира” музейидаги ўтмишнинг қонли сатрлар билан битилган саҳифаларидан қорақалпоғистонликларнинг кўрсатган жасоратлари, фронт ортидаги хизматлари ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Фахрий қоровул ва ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари фестивал иштирокчиларига янада манзур бўлди. Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси томонидан тақдим этилган куй ва қўшиқлар гулдастаси ёшларга хушкайфият улашиб, рақсларга чорлади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати