Ҳаётимизга маъно ва мазмун олиб кирувчи тинчлик-хотиржамлик каби неъматнинг қадрига етиш, шукр қилиш, Ватан тинчлигини асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамизга айланган. Буни, айниқса, юрт ҳимоячиси деган шарафли ва масъулиятли касбни танлаган ҳарбийларимиз янада теранроқ англайди.
Бир неча кундирки, шукуҳи билан яшаётганимиз — Ватан ҳимоячилари куни санаси нафақат ҳарбий хизматчилар, балки айни вақтда армия сафларида ўз бурчини ўтаб қайтган ватандошларимиз ва эртага хизматга шай турган минглаб навқирон йигитларимиз байрами. Унинг катта тантана билан нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, алп йигитларига нисбатан ифтихорини билдиради. Шунингдек, бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва барқарорлик самарасидир.
Доно халқимизнинг “Юрт қўри — элинг ўсар, қўримасанг — уйинг тўзар”, деган мақоли бор. Ватанни ҳимоя қилиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга шу эл фарзандиман деган ҳар бир юртдошимиз бурчли дедик. Зеро, инсоннинг ўз халқига садоқати ва фидойилиги она Ватанни ҳимоя қилиши, юртнинг тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб ҳозирги вазиятда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Кейинги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланди. Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армиямиз ёшларимиз учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда. Энг муҳими, халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишламоқда.
Ҳақиқий маънодаги ватанпарвар авлодни тарбиялаш долзарб масалалардан бири. Бинобарин, мамлакатимиз тараққиётини, халқимизни янада жипслаштирган Учинчи Ренессансни эл-юртимизни юракдан севган, унинг тақдирини ўз тақдири деб билган фидойи ва ватанпарвар инсонларгина таъминлай олади.
Бугун кўплаб ота-оналар фарзандининг Темурбеклар мактабида таҳсил олиши, ҳарбий бўлиб, Ватанига сидқидилдан хизмат қилишини истайди. Бу янгиланаётган ва фаровон Ўзбекистонга муҳаббат, унинг танти халқига садоқатдан далолатдир. Зеро, ҳарбийлар қалбида халққа, юртга муҳаббат туйғуси қанчалик жўшқин бўлса, халқ ҳам уларга шунчалик яқин бўлади. Айниқса, ён-атрофимизда нотинчлик ҳукм суриб турган шу таҳликали кунларда одамларимиз барча орзу-умидлари, эртасини миллий армиямиз ва унинг истиқболи билан боғлайди.
Миллий армия — бизнинг фахримиз ва ғуруримиз! Унинг қудратини намоён этиб турган мард ва жасур ўғлонларимиз кечаю кундуз сергак туриб, давлатимиз сарҳадларини қўриқлаётгани, халқимиз фаровонлиги йўлида жонларини-да беришга тайёр турганини барчамиз юракдан ҳис қилишимиз керак.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони томонидан илгари сурилаётган ғоялар, фикр ва мулоҳазаларнинг мазмун-моҳияти ёш авлод таълим-тарбиясининг нақадар муҳим масала эканини урғулайди. Бугунги ёшларимиз мана шу Ватан, шу муқаддас тупроқнинг эртанги эгалари эканини қалбларимизга теранроқ англатади.
“Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи ва жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки ҳар қандай курашнинг тақдирини шахсий таркибнинг билим ва малакаси, ирода ва қатъияти, ўзига бўлган ишончи, мардона фазилатлари ҳал қилади”.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида айтилган юқоридаги ташбеҳлар ҳам барчамизда билдирилган жуда катта ишончни оқлаш масъулиятини кучайтиради.
Зеро, ҳарбийларимиз азму шижоати, эл-юртга садоқати туфайли халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланмоқда, мамлакатимизнинг мудофаа салоҳияти мустаҳкамланмоқда, миллий армиямизнинг жанговар қобилияти юксалмоқда.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири