Давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга юксак даражада эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ватан ҳимоячиларининг оила аъзолари учун муносиб турмуш шароити яратилиб, имтиёзли кредитлар асосида уй-жойлар билан таъминланмоқда. Ҳарбийларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинмоқда. Қолаверса, ҳарбий шаҳарчалар ҳудудида замонавий инфратузилмалар барпо этиш ва ободонлаштириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар барчанинг ҳавасини келтиради.
Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавфхатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланди. Халқимиз ва ҳарбийларимизнинг ҳамжиҳатлиги тобора мустаҳкамланмоқда. Юртдошларимиз орасида фарзандини ҳарбий соҳага ўқитиш иштиёқи тобора ошмоқда. Армия сафларида йигитлик бурчини ўташ ҳозирги ёшларнинг катта мақсадларидан бирига айланди.
Минтақамизда очиқлик ва миллий манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда, Марказий Осиёдаги қўшни давлатларнинг юқори даражадаги ҳарбий делегация раҳбарлари билан ҳарбий соҳада яқин шериклик алоқалари ўрнатилди, қўшма меморандумлар имзоланди. Шунингдек, ҳарбий дала ўқув майдонларида амалий қўшма ўқув машғулотлари биргаликда ўтказилди. Натижада тезкор ва жанговар тайёргарлик борасида тажриба алмашдик. Бизнинг тобора кучайиб бораётган бундай ҳамкорлигимиз бугунги кунда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни, Марказий Осиё деб аталмиш умумий уйимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бормоқда.
Қуролли Кучлар академиясида бошқарувнинг тезкорстратегик бўғинида хизмат қиладиган офицер кадрларни тайёрлайдиган янги факультет ташкил этилди. Шу билан бирга, Махсус вазифаларни бажарадиган бўлинмалар учун ҳарбий хизматчилар тайёрлайдиган ихтисослаштирилган ўқув марказ Миллий гвардия тасарруфида ташкил этилиши фикримизнинг исботи, деб ўйлайман.
Бугун ҳарбийларимиз ўзларининг профессионал тайёргарлик даражаси бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар армиясининг ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботламоқда. Халқаро ҳарбий ўқув мусобақалари, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида, жаҳон ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда, айниқса, олимпиадаларда Қуролли Кучларимиз ҳарбий хизматчилари юртимиз байроғини баланд кўтармоқда. Ўзларининг маҳорати, руҳан ва жисмонан бақувватлиги, ғалабага ишончини намоён этиб, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканларини яққол кўрсатмоқда. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси халқимизда, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурматэҳтиром ҳиссини юксалтирмоқда.
Халқ ва армия ўртасида ишончли кўприкка айланган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятида муайян ютуқлар кўзга ташланяпти. Ушбу секторлар ташкил этилганидан буён “Халқ ва армия — бир тану бир жондир” деган шиор остида ҳарбий инфратузилмаларни модернизация қилиш ва тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани таҳсинга лойиқ. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бугун Ўзбекистон Қуролли Кучлари юртимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда.
Бугун жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада самарали ташкил этишни биз, ҳарбийлар энг устувор вазифамиз деб биламиз. Ҳеч шубҳасиз, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ана шундай эзгу мақсад ва марраларга эришишга, халқимизнинг тинч осойишта ҳаётини, юртимизнинг мусаффо осмонини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳар томонлама қодирмиз. Мен ва жанговар ҳарбий биродарларимиз ўзимизнинг муқаддас қасамёдимизга содиқ қолиб, хизмат бурчини ҳар қандай шароитда сидқидилдан бажаришга ва сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлашга доимо тайёрмиз.