Муқовада акс этган “Нарвондаги одамлар” манзараси — оддий иллюстрация эмас, балки ёш Алишернинг эстетик дунёқараши ва тафаккури шаклланишидаги илк илҳом манбаи бўлган.
Ўша ҳолат бизга бир муҳим ҳақиқатни кўрсатади: инсоннинг маънавий ва ақлий ривожланиши кўпинча кўз билан кўрган, қалб билан ҳис қилган илк таассуротлардан бошланади. Демак, инсоннинг бутун умрига йўл очиб берувчи илк тасаввурлар гўдаклигидан гавдаланади ва келгусида бу шунчаки хотира эмас, балки келажагига сочилган маърифат шуъласига айланади. Бу кичик шуъла эса вақт ўтиши билан янада порлаб, инсон руҳини нурга тўлдиради. Ана шундай илҳом ва руҳий таъсирнинг ёрқин намунаси Алишер Навоийнинг китоб муқовасидаги оддий расмдан илҳом олиб, умрини маърифат ва ижодга бағишлаганидир. Шунингдек, тарих гувоҳ, жаҳон адабиётида ўз ўрнини топган ёзувчилар, кашфиётчилар ва илмий тараққиёт асосчилари учун ҳам болаликда кўрилган бир манзара, эшитилган бир ҳикоя туртки бўлган.
Бироқ бугунги кунда манзара ўзгарган. Аввалги каби китоб, журнал, эртак ва бадиий расмлар болалар онгидаги асосий “илҳом манбаи” эмас. Илгариги авлодлар бобо ва бувилар айтган эртаклар орқали яхшилик билан ёмонликни ажратишни, адолат ва меҳр-оқибатни англашни ўрганган бўлса, энди болаларнинг илк ички таассуротлари кўпинча телефон экранларидан, тез алмашувчи видеолар ва виртуал образлардан шаклланяпти. Бунда энг хавфлиси, экранда кўрилган ҳар бир сунъий образ бола учун ҳақиқат сифатида қабул қилинади ва унинг ички маънавий мезони шунга қараб шаклланади. Шу боис, экран бола учун илҳом ва маърифат нарвони бўла оладими ёки маънавий бўшлиқ сари етаклайдиган чуқур жарми, бу аввало, бизнинг танловимизда намоён бўлади. Чунки телефон жонсиз бир матоҳ, унга “жон” бағишлайдиган, мазмун қўшадиган ўзимиз. Агар биз миллий руҳ, эзгу ғоя ва чуқур маънолар билан тўлдирилган, соф маърифат ва теран фикрга хизмат қиладиган медиа муҳит яратмасак, болаларимиз маъно ва мақсаддан узоқ, ташқи кўриниши ёрқин, аммо ички дунёси бўш “виртуал манеж” қуршовида улғайиши мумкин.
Виртуал сояда сўнаётган меҳр
Инсон қалби ва онгидаги энг соф, энг покиза туйғулар, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлар, аввало, оила бағрида шаклланади. Боланинг маънавий қиёфаси, ахлоқий мезонлари ва дунёқарашида оила муҳити энг биринчи устоз вазифасини ўтайди. Оиладаги ҳар бир меҳрли сўз, самимий муомала, яхши одатлар бола қалбида маънавиятнинг илк куртакларини уйғотади. Халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” деган маъноли мақоли ана шу азалий ҳақиқатни яққол акс эттиради. Аммо бугун оилалардаги қимматли вақтнинг катта қисми телефондаги виртуал мулоқот ва тасвирлар намойиши ҳисобига “бойиб”, ҳақиқий мулоқотлар камайиб бормоқда.
Бугун смартфон ва бошқа гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бўлган. Том маънода, биз уларсиз яшай олмайдиган бўлиб қолдик, туну кун ажралмас ҳамроҳимизга айлантирдик. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда мобил алоқа билан таъминланган абонентлар сони қарийб 36,3 миллионни ташкил этмоқда. Бу шуни англатадики, бизда катталарнинг деярли ҳар бирида, ўсмирларнинг аксариятида смартфон бор, ҳатто айрим оилаларда бир кишига иккитадан қурилма тўғри келади. Бу техникага бўлган “ҳавас” табиий жараён сифатида кўриниши мумкин, аммо аслида у ижтимоий, маънавий ва иқтисодий ҳаётда туб ўзгаришларга олиб келаётган кучли тенденциядир.
Тўғри, телефоннинг ўзи нейтрал восита, лекин ундаги кўнгилочар манбалар, ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалар инсоният муносабатларининг табиий оқимини ўзгартира бошлади. Илгари яқинлик юзма-юз мулоқотда, бир дастурхон атрофидаги самимий суҳбатда, кўз кўзга тушганидаги меҳрда акс этарди. Энди эса ўша яқинлик телефон экранидаги алмашинаётган хабарлар ва виртуал “дўстлар” суҳбати соясида сўниб бораётгандек. Охирги статистик рақамлар биз яшаб турган замоннинг қанчалик рақамли ҳаёт тарзига ўтиб бораётганини кўрсатадиган энг ёрқин кўзгудир. Бугун дунё аҳолисининг қарийб 70 фоизи ижтимоий тармоқларда фаол экани бу фақат ахборот олиш ёки кўнгилочар контент истеъмоли эмас, балки одамлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланганини англатади.
Ижтимоий тармоқлар энди “бир қараб қўйиш” ёки “бўш вақт ўтказиш” платформаси эмас, балки шахсий муносабатлар, иш жараёнлари, савдо-сотиқ, ҳатто сиёсий жараёнларга таъсир кўрсата оладиган кучли оммавий муҳитга айланди. Бугун ёшларимиз аксарияти “виртуал олам”нинг беқиёс лабиринтларида кезиб, у ердан “янги” ахборотлар оқимини қабул қилмоқда. У ерда турли “сара хабар”лар, янги трендлар, мода, ҳаётий қарашлар билан танишади. Бу билан улар ижтимоий тармоқлардаги вақтини ўқиш, изланиш, янги кўникмалар эгаллашга эмас, асосан, мияни чалғитувчи, бир марталик ҳузур бағишлайдиган, аммо маънавий ва амалий фойдаси йўқ контентлар ҳазмига сарфлаяпти. Бундай “ақлий хомашё”лар вақт ўтиши билан фикрлаш қобилиятини пасайтиради, чуқур таҳлил қилиш одатини йўқотади ва инсоннинг ўз ҳаётига қўйган мақсадларини ҳам хиралаштиради. Бундан ҳам хавфлиси, тармоқларда авж олган “лайкомания”, яъни лайк ва томошалар орқали ўз қадрини баҳолаш иллати ёшлар онгини секин-аста эгаллаб бормоқда. Одамлар, айниқса, ёшлар воқеа-ҳодисанинг моҳиятини эмас, балки қанча лайк олишини ўйлайдиган бўлди. Шу йўлда улар мантиқий фикр ва маънавий мезонларни қурбон қилиб, хавфли, ахлоққа зид, ҳатто ҳаёт учун хатарли ҳаракатларга қўл ураётир. Виртуал оламнинг бу тарздаги “юлдузлик қиймати” эса ҳақиқий ҳаётдаги қадриятларни секин-аста емириб, жамиятда маънавий бўшлиқ яратиш хавфини кучайтираётир.
Ўзликни англатувчи манба
Миллий руҳдаги кино, сериал, клип, ролик ва бошқа медиа маҳсулотлар фақатгина кўнгилочар восита эмас, балки ёш авлод тафаккурига йўналиш берадиган, уларнинг кимлигини англатадиган, миллий ғурур ва ўзликни уйғотадиган маънавий таъсир манбаи ҳисобланади. Бир неча йил аввал “Шабнам” фильмидаги бош қаҳрамон қиз экранда пайдо бўлганидан сўнг кўп ўтмай, шаҳар кўчаларида қирқ кокил қилиб соч ёйган, ўзини ўша образга яқинлаштирган қизлар кўпайди. Бу ёқимли ҳолат биргина бадиий образ орқали ёшларга қанчалик тез ва кучли таъсир ўтказиш мумкинлигининг ёрқин исботи бўлди. Демак, агар биз миллий руҳдаги саҳна асарларини кўпайтирсак, улар орқали ёшлар қалбида миллий ғурур ва ўзликни англаш каби мақсадлар чуқур илдиз отади. Энг муҳими, бундай таъсир қуруқ гап билан эмас, амал билан яратилади.
Дарҳақиқат, ҳар бир яратиладиган миллий контент инсон онгини ёт ғоялардан асрайдиган қалқон. У нафақат профилактика, балки маънавий фронтдаги кучли қурол ҳамдир. Бу вазифа телевидение, блогосфера, рақамли медиа, театр, кино, мусиқа, китоб ва санъатнинг ҳар бир йўналишида амалга оширилиши мумкин. Масалан, миллий контент фақат тарихий ёдгорликлар олдида суратга тушиш ёки миллий либослардаги фотолавҳалар акси билан чегараланмаслиги лозим. У болалар мультфильмларида, қиссалар ва ўйинларда, тарихий сериаллар, кинофильмларда, интернет тармоқларидаги челленжларда, мусиқий клип, театр ва санъат орқали акс этиб, миллатнинг туйғу ва ҳиссиётини бойитиши керак. Чунки бугун ёшлар учун ғоялар майдонида кураш кечмоқда. Ким ўз ғоясини таъсирчанроқ етказа олса, келажак шу томонда бўлади. Шунинг учун миллий контентни фақат маърифий эмас, балки стратегик ресурс сифатида кўриш вақти келди. У ёшлар онгидаги фойдаланилмаган имкониятлар майдонини тўлдириши, қалбларига меҳр ва ифтихор олиб кириши, она тилини, ўз тарихини, ўз халқини севишга ундаши керак.
Инсон организми каби жамият ҳам ташқи таъсирлардан ҳимояланиши учун ички маънавий-мафкуравий бардош — руҳий иммунитетга муҳтож. У халқнинг ахлоқий қадриятларига, маънавий етуклигига, ватанпарварлик руҳига, тарихий хотирасига боғлиқ ҳолда шаклланади. Ҳозирги глобаллашув, ахборот хуружлари авж олган шароитда миллий контентлар миллатнинг маънавий қалқони бўла олади.
Шуҳрат НОРМУРОДОВ,
журналист