Янги Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ дастурларни амалиётга жорий этиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ҳамда мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида 2021-2022-ўқув йили давамида спорт турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш тартибини белгилаш тўғрисидаги” қўшма қарорига асосан, жорий йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш марказида Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари ўртасида спортнинг “Миллий кураш” тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Ўзбекистон Кураш Миллий Федерациясининг амалдаги қоидаларига асосан, юқори савияда ташкил этилган, мазкур мусобақада Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Жамоат хавфсизлиги университети, Амир Темур номидаги Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Давлат Божхона қўмитаси Божхона институти, Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти ҳарбий хизматчилари, курсантлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мусобақани ФВВ Академияси бошлиғининг ўринбосари полковник Чориёр Хўжанов очиб, спортчиларни бугунги мусобақада муносиб иштирок этиб, муваффиқиятли ютуқларга эришишларини тилаган ҳолда, олий ҳарбий таълим муассаларининг курсантлари ўртасида ўтказилаётган бундай мусобақалар юртимизда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олишга ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ҳар томонлама жисмоний тайёргарлигини оширишга қаратилганини, уларда зарур маънавий-руҳий сифатлар ва амалий кўникмаларни ҳосил қилишга ва соғлиғини мустаҳкамлаш ва организмини чиниқтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Ички ишлар вазирлиги академияси жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринни Фавқулодда вазиятлар вазирлиг академияси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти жамоасига насиб этди.
Шахсий ҳисобда турли вазн тоифаларида рингга кўтарилган спортчиларимиз шиддат билан курашиб, мусобақа якуний натижаларига кўра, 60 кг вазн тоифасида ИИВ Академияси курсанти Шахзод Ибргаимов биринчи ўринни, ФВВ Академияси курсанти Акмал Икромов иккинчи ўринни, Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти курсанти Арслонбек Авлаёров учинчи ўринни эгаллашди. 66 кг вазн тоифасида ФВВ Академияси курсанти Шохрух Юлдашев биринчи ўринни, Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти курсанти Алламберген Тлепов иккинчи ўринни, ДХХ Академияси курсанти Ислом Каримов учинчи ўринни эгаллашди. 73 кг вазн тоифасида ИИВ Академияси курсанти Нажот Нурмуратов биринчи ўринни, ФВВ Академияси курсанти Айдос Джалелов иккинчи ўринни, Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти курсанти Самариддин Менгелов учинчи ўринни эгаллашди. 81 кг вазн тоифасида ИИВ Академияси курсанти Мадиёр Эркинов биринчи ўринни, Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти курсанти Хуршид Суюнов иккинчи ўринни, ФВВ Академияси курсанти Иброҳим Жонтўраев учинчи ўринни эгаллашди. 81 кг.дан юқори вазн тоифасида ДХХ Академияси курсанти Хуррамшох Ботиров биринчи ўринни, ИИВ Академияси курсанти Бохожон Ашуров иккинчи ўринни, ФВВ Академияси курсанти Жасур Эшмўминов учинчи ўринни эгаллашди.
Мусобақа якунида ташкилотчилар томонидан барча совриндорлар медал, диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
─ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар тизимидаги Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари ўртасида миллий қадриятимизнинг бир бўлаги ҳисобланган спортнинг миллий кураш тури бўйича мусобақа Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоаси томонидан юқори савияда ташкиллаштирилди, десак муболаға бўлмайди дейди ─ ФВВ Академияси катта ўқитувчиси катта лейтенант Рустам Чориев ─ Албатта спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиради. Бу соҳада эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, барча юртдошларга ғурур-ифтихор бағишлайди.
Фарҳоджон ХОЖАЕВ,
Академия катта ўқитувчиси, капитан.