Замон талабларидаги ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этди.
Албатта, бу вақт оралиғида мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида юртдошларимиз кўп қийинчиликларни, синовли кунларни бошдан кечирди. Ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлик билан, ягона мақсад ва ғоя остида жаҳонда ўз ўрни ва сўзига эга мустақил давлатни барпо этди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “...бугунги Ўзбекистон, ўтган даврда турли синовларда тобланиб, тажриба орттириб, ўзининг аниқ мақсади ва йўли, позициясига эга бўлган катта давлат сифатида шаклланди”.
Дарҳақиқат, мустақиллик шарофати билан давлат ва жамият бошқаруви демократлаштирилди, ҳар бир инсоннинг қадри улуғланиб, унинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари мустаҳкамланди, ўз истеъдод ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун муносиб шароит яратилди. Бундай ишлар мунтазам давом эттирилиб, уларнинг кўлами йилдан йилга ошириб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, мустақиллик йилларида таълим тизими ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида катта ўзгариш ва ривожланишларни бошдан кечирди. Таълим муассасалари ҳам шаклан, ҳам мазмунан бойитилди, уларга замонавий технология ва услублар олиб кирилди. Таълим ва илм-фан соҳаси вакилларини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрамига бағишлаб қилган нутқи ҳам бунга яққол мисол бўлади.
Муҳтарам Президентимиз таълим соҳасини ривожлантиришни биринчи галдаги устувор вазифа сифатида таъкидлар эканлар: “Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир” дея таълим-тарбиянинг ўрнини яна бир бор юқорига кўтардилар. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг нутқида илм-фан, инновация, IT ва ақлий меҳнатга асосланган соҳалар мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтирадиган локомотивларга айланиши қайд этиб ўтилди.
Албатта, дунё мамлакатларининг барқарор ривожланиши, иқтисодий-ижтимоий фаровонлиги ҳамда фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиши сифатли таълим ва илм-фан равнақига бевосита боғлиқдир. Тарихдан маълумки, саводсизлик ва жаҳолатнинг авж олиши, илм-фан ва таълим-тарбиянинг инқирози дунё тамаддунида мамлакатларни ортда қолишига асосий сабаб бўлган.
Шундай экан, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда ишлаб чиқилган “Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “Тараққиёт стратегияси” мамлакатимиздаги таълим-тарбия ва илм-фан ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Мактабгача таълим тизимидан бошлаб, олий таълимдан кейинги босқичгача, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимигача қайтадан кўриб чиқилди. Уларнинг ташкилий тузилмалари мақбуллаштирилди, иш фаолиятини ташкил этиш ва баҳолаш тизими, самарадорлигини аниқлаш механизмлари мукамллаштирилди, моддий-техник базалари замонавий жиҳозлар билан бойитилди. Шунингдек, соҳа ходимларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ва манфаатдорлигини оширишга хизмат қиладиган адолатли ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизими яратилди.
Сўзимизни мухтасар қилганда, мустақиллик йилларида, айниқса сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган сиёсат, келажак авлод вакилларига яратилаётган шарт-шароитлар, илм-фан ва таълим соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор ўзининг ижобий натижаларини намоён қилмоқда. Ҳукуматнинг таълим-тарбия ва илм-фан равнақига қаратган сиёсати мустақиллигимизнинг туб моҳиятини англаб етадиган, уни қадрига етиб, асраб-авайлайдиган фидойи авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистон жаҳонга фақат хомашё эмас, балки илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берадиган мамлакатга айланади.
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати