Миллий палатанинг Ҳудудларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида бир қатор ҳудудлар аҳолиси орасидан ижтимоий ёрдамга муҳтож қисми бепул ташхислаш пакетлари (ваучерлар) билан таъминланди. Мазкур пакетларга беморларни кардиология, урология ва терапия йўналишлари бўйича скрининг текширувидан ўтказиш учун зарур бўлган лаборатория таҳлиллари киради.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида ташхислаш пакетидан Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар аҳолиси фойдаланади. Иштирокчилар рўйхати Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан шакллантирилади.

«Бугунги кунда Миллий палата ўзининг Ҳудудларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида аҳолининг скрининги масаласини, айниқса ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли скрининги масаласини алоҳида назоратга олган», — дейди мазкур тизим раҳбари Ровшан Изамов.

«SwissLab» компанияси (Ўзбек-Швейцария қўшма корхонаси) мутахассислари жорий йил март-апрель ойлари давомида 6 минг кишини лаборатория таҳлилидан ўтказади. Мазкур компаниянинг лаборатория таҳлиллари Европа сифати стандартларига мос келади. Шундай экан, қўшма лойиҳа энг аввало юқори сифатли скрининг ўтказишни мақсад қилган, деб хабар беради Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.

Бу, ўз ўрнида, беморларни ташхислаш даражасини кўтариш, ташхис қўйишда хатолар сонини камайтириш, тиббий статистикани яхшилашга олиб келади.