«Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган аёлларнинг уй олиши учун бошланғич бадал пулларини тўлаб бериш тизими жорий этилди.

Ушбу тизим орқали биргина ўтган 2020 йилда ана шундай аёлларнинг 1 246 нафарига уй-жой сотиб олиш учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 21 миллиард 746 миллион сўм миқдоридаги бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

Эҳтиёжманд аёлларни янада кенгроқ ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида мазкур жамғармани Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этиш белгиланди.

Жамғарма томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни спортга кенг жалб этиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бандлигини таъминлаш билан боғлиқ тадбирлар молиялаштирилади.

Бунинг учун эса давлат бюджетидан ҳар йили 300 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

Жорий йилда «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган хотин-қизлар учун ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадални тўлаб бериш ва ижтимоий уй-жойлар сотиб олиш учун маҳаллий бюджетларга нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй-жой билан таъминлашга 10 миллиард сўмдан, отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга эса 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши режалаштирилган».