“Mironshox komfort servis” МЧЖ муқобил санитар тозалаш корхонаси биринчилар қаторида маиший чиқиндиларни саралаш ишларини бошлаб юборди.

Аввалроқ, “Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳрида маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида чиқиндиларни “қайта ишланадиган” ва “қайта ишланмайдиган” тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш режалаштирилган.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида фаолият юритаётган “Mironshox komfort servis” МЧЖ Президент қарори ижросини биринчилар қаторида таъминлай бошлагани барчамиз учун қувонарли ҳол. Чиқиндиларни сараланган ҳолда тўплаш мақсадида, корхона ўз тасарруфидаги чиқиндиларни йиғиш шохобчаларига қоғоз ва пластик, озиқ-овқат қолдиқлари, барглар, ўтлар, оёқ кийимлари, салфеткалар, памперслар учун алоҳида қутиларни ўрната бошлади. Энди маҳалла аҳолисида чиқиндиларни саралаб тўплаш ва уларни махсус қутиларга олиб бориб ташлаш имконияти пайдо бўлди.

– Тошкентда тўпланадиган чиқиндилар кундан кунга ортиб бормоқда ва прогнозларга кўра, 15 йилдан кейин унинг ҳажми икки баробар ошади, – дейди  “Mironshox komfort servis” МЧЖ муқобил санитар тозалаш корхонаси раҳбари Толибжон Нурбоев. – Ушбу вазиятдаги ягона ечим эса, чиқиндиларни қайта ишлаш бўлиб, бунинг учун уни саралаш лозим.

Тошкент шаҳрида экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тубдан такомиллаштириш, экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш тизимини янада такомиллаштириш долзарб масала эканлигини унутмаслик лозим.

Жорий йилда чиқинидиларни саралаган ҳолда тўплаш Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманидаги иккита – жами 24 та маҳаллада жорий этилиши кўзда тутилганини яна бир бор эслатиб ўтамиз.