Бунинг учун эса биринчи навбатда  касалликка чидамли, унувчанлиги кафолатлаган   ҳамда  серҳосил  навларни танлаб олиш тавсия этилади.  Шу нуқтаи назардан 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги зиммасига мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш, уларни сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва экспортини ташкил этишга кўмаклашиш вазифаси юклатилган.

Айни вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш  агентлиги ҳамда Мирзаобод иссиқхона комплекси ҳамкорлигида  пилот лойиҳа амалга оширилмоқда. Яъни, мазкур иссиқхонада 100 миллион дона  сара ва сифати кафолатланган  сабзовот  ва полиз экинлари, жумладан булғор қалампири, помидор, бақлажон, карам ҳамда тарвуз, қовун кўчатлари етиштириляпти. Уларни кластер ва фермер хўжаликларига, аҳоли томорқаларига етказиб бериш режалаштирган.

Боғдорчилик ва  иссиқхона хўжаликларни ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Дилшод Остоновнинг қайд этишича, лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – кўчат етиштиришдаги  аънанавий усулдан интенсив  усулга ўтиш ва бу орқали  ички  ва ташқи бозорга  ҳар йилгидан эрта маҳсулот етказиб бериш.

Айни пайтда бу ерда жараёнлар қизғин кечмоқда. Соҳа мутахассислари хориждан келтирилган, айнан бизнинг иқлим шароитига мос сифатли уруғлар асосида касалликка чидамли  сабзовот кўчатлари парвариш қилинмоқда.

Жараёнларнинг асосий қисми Италиядан келтирилган махсус мослама   ёрдамида амалга оширилади, дейди иссиқхона раҳбари Тўлқин Норқулов. Унинг айтишича, бир кунда 2 миллион дона  сабзовот  ва полиз  экинларининг уруғлари  махсус касетларга ўтқазилади.  Ушбу техниканинг ўзига хослиги шундаки, у кўчатлар ўстириладиган  махсус касетларга аввал ўғитни жойлаштиради. Сўнг уруғлар экилади.Шундан кейингина суғориш ишлари бажарилади. Бу жараёнларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида паралел равишда амалга оширилади.

Мирзаобод иссиқхона  комплекси агрономи Шодиёр Ҳусанов эса бу жараёндаги яна бир муҳим жиҳатни эътироф этди. Яъни, мазкур пилот лойиҳа доирасида кўчат намуналари махсус лабараторияларда илмий текширишлардан ўтказилади. Бу ерда иссиқлик, намлик, ёруғлик ва албатта ҳар бир ходим гигиенага қатъйи амал қилиши масаласи доимий назоратда. Кўчатлар фермерларга апрел ойидан етказила бошлайди.

Таъкидлаш ўринли, барча саъй-ҳаракатлар  кластер ва фермер хўжаликларига, аҳоли томорқаларига сара ва сифатли кафолатланган  сабзовот  ва полиз экинларини етказишга қаратилган. Қишлоқ хўжалиги  маҳсулотлари қанчалик сифатли ва эрта тайёрланса, табиийки,  экспорт ҳажми ошади. Бу бевосита бобо-деҳқонларнинг даромади бир неча баробарга кўпайишига, аҳоли турмуш даражаси ошишига хизмат қилади.