Элчихона маълумотларига кўра, Андижон вилоятида туғилган 68 ёшли фуқаро У.К. юрак хуружи оқибатида вафот этган. Ҳодиса ҳақида хабар олинган заҳоти элчихона ходимлари Мисрнинг масъул идоралари билан тезкор алоқа ўрнатиб, керакли ҳужжатларни қисқа фурсатда расмийлаштирди.
Дипломатларимиз марҳумнинг оила аъзоларини маънавий ва ташкилий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди. Элчихона вакиллари авиакомпания ва ритуал хизмат кўрсатиш идоралари билан боғланиб, жасадни ўз вақтида ватанга қайтариш масаласини ҳал этди. Тегишли идораларнинг ҳамкорлиги натижасида марҳумнинг жасади Ўзбекистонга олиб келиниб, миллий қадриятларимизга мувофиқ дафн этилди.
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги дипломатик ваколатхонаси томонидан бундан аввал ҳам Мисрда вафот этган яна бир юртдошимизнинг жасадини репатриация қилишда (Ватанга қайтаришда) зарур ёрдам кўрсатилган эди.
Бу каби чора-тадбирлар давлатимизнинг хориждаги ҳар бир фуқароси тақдирига бефарқ эмаслиги ва инсон қадрини улуғлаш тамойилининг амалий ифодасидир.