Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов “Air Cairo” авиакомпанияси раҳбари Ҳусайн Шариф, Миср араб Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Ҳолид Муҳаммад Фикрий ва Мисрнинг “Lucky tours” туристик агентлиги бош менежери ўринбосари Ёсрий Ҳусайн Али билан учрашди.
“Air Cairo” авиакомпанияси раҳбарияти билан Шариф Миср Араб Республикасининг Қоҳира ва Шарм аш-Шайх шаҳарларидан Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига мунтазам авиарейсларни сонини ошириш ва янги рейсларни йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик масалаларида келишувга эришилди. Шу билан бирга, Миср томон Ўзбекистонда туризм соҳаси мутахассисларини тайёрлашда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.
Бундан ташқари, туристик объектларимиз ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш мақсадида Мисрдаги етакчи ОАВ ва блогерларнинг мамлакатимизга ташрифини ташкил қилишга келишилди. Мисрлик ОАВ вакиллари ва блогерларнинг ташрифи 2021 йилнинг баҳор ойларига режалаштирилмоқда.
Маълумот учун: Миср Араб Республикасининг “Air Cairo” авиакомпанияси штаб-квартираси Қоҳира шаҳрида жойлашган бўлиб, Европа, Африка ва Осиё мамлакатларининг туристик компаниялари билан ҳамкорлик қилади.