Шу муносабат билан жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича тақдимот бўлиб ўтди. Бундан кўзланган асосий мақсад – ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, бюрократия, маъмурий тўсиқларни камайтириш, қоғозбозликнинг олдини олиш, давлат хизматларини жорий қилишни тезлаштириш ва уларни имкон қадар соддалаштириш ҳамда оптималлаштириш орқали аҳолига янада қулайликлар яратишдир.

Бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юридик ва жисмоний шахсларга 260 турдан ортиқ электрон кўринишдаги давлат хизматлари тақдим этиб келинмоқда. Уларнинг 143 таси (55 фоизи) бепул кўрсатилса, 131 тасидан (50 фоизи) фойдаланишда ЭРИ талаб қилинмайди. Хизматларнинг 190 дан ортиғи (73 фоизи) тадбиркорлар учун мўлжалланган.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан 18 турдаги (судланганлик, манзил маълумотнома, солиқдан қарзи бор-йўқлиги, наркология ёки руҳий касалликлар диспансерида туриши ва бошқалар) маълумот/маълумотномаларни талаб қилиш амалиётидан воз кечилди.

Бунда, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан маълумотлар мустақил равишда Ягона портал модули орқали олинади. Мазкур амалиётнинг жорий қилиниши ортидан дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ аҳолининг ўртача бир ойда 1,3 млрд.сўм (йилига 15,6 млрд.сўм) маблағи тежалишига эришилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январидан бошлаб аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларидан қўшимча равишда яна 16 турдаги турли хил маълумотномаларнинг сўралиши ҳам тақиқланди. Мазкур имкониятларни яратиш мақсадида бугунги кунда тегишли ташкилий-техник ишлар амалга оширилмоқда.

Барчамизга маълумки, жорий йил Ягона порталнинг мобил иловаси ишга туширилган бўлиб, аҳолига ушбу илова орқали 40дан ортиқ электрон хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда мобил абонентлар сони 27 млн.дан ошган. Бу – улар мобил интернетга «кира олади» дегани. Шуни ҳисобга олиб, эндиликда ЙИДХПнинг мобил иловасини ривожлантириб, унга янада кўпроқ хизматларни жорий қилишимиз лозим. Ушбу масалага Президентимиз ҳам алоҳида тўхталиб, йил якунига қадар мобил иловада электрон хизматлар сонини 100 тага етказиш бўйича топшириқ бердилар.

Ҳозирда 60дан ортиқ хизматдан иборат рўйхат шакллантирилиб, уларни жорий қилиш бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилган. Йил якунига қадар ушбу хизматлар босқичма-босқич жорий қилинади ҳамда фуқароларимизга ишдами, кўчадами, хуллас, истаган жойларида ва вақтларида 100дан ортиқ электрон хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.