Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Михай Попшой эълон қилди. Унинг аниқлик киритишича, ҳужжатлар янги парламент сессияси бошида кўриб чиқилади, деб хабар берди маҳаллий оммавий ахборот воситалари.

“Биз аллақачон МДҲ билан учта шартномани денонсация қилишни мувофиқлаштириш жараёнидамиз. Бу бизнинг МДҲдаги аъзолигимизнинг асосини ташкил этувчи шартномалар, яъни: 1993 йил 22 январда Минскда имзоланган МДҲ Низоми; 1991 йил 8 декабрда Минскда имзоланган МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома; 1991 йил 22 декабрдаги ушбу шартномага илова”, деди Михай Попшой.

Ушбу қарор Молдова учун нимани англатиши ҳақидаги саволга у республика энди расман МДҲ аъзоси бўлмаслигини тушунтирди, деб хабар берди kaktus.media.

 “Аъзолигимизнинг асосини ташкил этувчи ушбу учта асосий келишувнинг денонсацияси бизга қонуний жиҳатдан Молдова Республикаси энди МДҲ аъзоси эмаслигини эълон қилиш имконини беради. Амалда, биз бир мунча вақт олдин иштирокимизни тўхтатгандик, аммо қонуний жиҳатдан биз ҳали ҳам аъзо эдик”, деб қўшимча қилди вазир.