Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 1 апрель куни корхонада ишловчи икки ходим ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида муштлашув юз берган ва кейинчалик муштлашувга икки томондан ҳам ишчилар аралашиб кетган, дея хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

Иш берувчи вакиллари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда 41 нафар тожикистонлик ва 85 нафар ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳибсга олинган. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси Элчихона билан биргаликда ваколатли ташкилотлар орқали мазкур масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Шу ўринда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиздан ушбу давлат қонунларига риоя қилишни, низоли вазиятларга аралашмасликни, муаммоли ёки низоли вазиятларда ваколатли органлар ҳамда мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги дипломатик идораларига мурожаат қилишни сўрайди.