UZREPORT TV телеканали судга мурожаат қилишининг сабаби «Unitel» МЧЖ («Beeline» савдо белгиси) компанияси ўзига тегишли бўлган «Beeline TV» мобил иловасида УЗРEПОРТ ТВ билан шартнома тузмасдан UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканалларини намойиш қилиб, моддий манфаат кўриб келмоқда.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддасига биноан юридик ва жисмоний шахслар, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган.

Қонуннинг 62-моддасига кўра, ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳисобланади. Қонун нормасига биноан, асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган, деб ҳисобланади.

Демак, асардан муаллиф рухсатисиз ҳар қандай фойдаланиш қонун билан таъқиқланган. Қонунларга ва муаллиф ҳуқуқига риоя қилмаган шахсларга эса маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Телеканал берган маълумотда мазкур ҳаракатлари билан «Унител» МЧЖ UZREPORT TV телеканалининг қонуний ҳуқуқларини бузаётгани айтилган.

UZREPORT TV томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан «Унител» МЧЖ компанияси томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

UZREPORT TV судга киритган даъво аризасида «Унител» МЧЖ компанияси «Beeline TV» мобил иловасида UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканалларини шартнома тузмасдан намойиш этмасликни сўраган, дея хабар беради Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги расмий канали.