Халқ қабулхонаси — борганингда сени илиқ кутиб оладиган, муаммоларингни тинглаб, ўша вақтнинг ўзидаёқ суянчиқ бўлиб, то муаммо бартараф этилгунча сенинг ёнингдан кетмайдиган идора.

"Йиғлаб бориб, кулиб қайтар жой”. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Халқ қабулхонасини ғиждувонликлар шундай атамоқда. Бу халқона номга эга бўлиш ўз-ўзидан кечган эмас.

Халқ қабулхонаси — инсон ночор қолганда, тақдир зарбаларига учраганида, ҳеч кимга айтолмаган дардини айтиб, йиғлаб борган манзилидан кулиб қайтган даргоҳ.

Халқ қабулхонаси — борганингда сени илиқ кутиб оладиган, муаммоларингни тинглаб, ўша вақтнинг ўзидаёқ суянчиқ бўлиб, то муаммо бартараф этилгунча сенинг ёнингдан кетмайдиган идора.

Халқ қабулхонаси — энг яқин одамларингга айтолмаган сирингга сирдош, дардингга дарддош. Сирингни сотмайдиган, ҳасратингни бўлишадиган, изтиробларингни соатлаб тинглайдиган, мурожаатингни ерда қолдирмайдиган, алал-оқибат, дардингга давои малҳам топадиган маскан.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Ғиждувон тумани Халқ қабулхонасига 2018-2020 йиллар давомида 5137 та мурожаат бўлган. Жорий йилнинг 8 ойида туман ҳудудида яшовчи жисмоний ва юридик шахслардан эса жами 1359 та муаммоли масала келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 1100 таси кўриб чиқиш ва қонуний ечимини топиш учун туман ҳудудидаги ташкилотларга, 172 таси вилоят ва республика миқёсидаги ташкилотларга юборилди. 87 та мурожаат бевосита Халқ қабулхонасининг ўзида кўриб чиқилди. Халқ қабулхонасига келиб тушган жами мурожаатнинг 749 таси, яъни 65,5 фоизи қаноатлантирилди, 51,2 фоизи бўйича муаммолар ижобий ҳал этилган, 44,4 фоиз мурожаат юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали қаноатлантирилган.

 32 таси, яъни 4,2 фоизи узоқ муддатга назоратга олинган, 363 мурожаатчига қонуний тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 30 таси рад этилган ва биттаси тугатилган. Шунингдек, Ғиждувон тумани Халқ қабулхонаси томонидан карантин даврида Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, кам таъминланган аҳоли хонадонлари, жойлардаги санитария ва Халқ қабулхонаси, тиббиёт ходимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари билан биргаликда бепул тиббий ниқоблар, антисептик воситалар, дори-дармонлар яшаш хонадонларига етказиб берилди.

Бевосита Ғиждувон тумани Халқ қабулхонасига карантин билан боғлиқ масалаларда келиб тушган 300 дан зиёд мурожаат туман Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази, “Саховат ва кўмак” марказлари ҳамда тегишли идораларга тақдим этилиб, улардан 260 таси қаноатлантирилди ва ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, 2017-2020 йиллар давомида ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган ва уй-жой билан таъминланмаган 18 та оиланинг пандемия давридаги аҳволи ўрганилиб, рўйхатлари шакллантирилиб, ҳар бири билан суҳбатлашилди. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар карантин даврида туманда ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказидан озиқ-овқат билан таъминланиб, ишсиз фуқаролар ишга жойлаштириляпти.

Томорқа ер эгаларига томорқадан унумли фойдаланиш йўллари тушунтирилиб, айримларининг ерлари экин экишга тайёрлаб берилди. 1-сектор раҳбари, туман ҳокими ташаббуси билан энг чекка ҳудуд бўлган “Зарафшон” маҳалласида яшовчи 12 хотин-қизга тикув машиналари ажратилди. Биз ижобий ҳал этилган мурожаатларнинг айримлари билан жойларга бориб танишдик. Туманнинг “Кўшк” маҳалласи Найманобод кўчасида яшовчи ногирон Эркин Эргашов ва Дилфуза Эргашованинг хонадонидамиз.

— Уч фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғим ногиронлиги туфайли уйимизнинг томини шифер қилишга қўлимиз калталик қилди. Ҳар йили ёғингарчилик кунлар бошланишини юрак ҳовучлаб кутадиган бўлдик. Изғиринли, аёзли кунларда-ку, аҳволимиз танг бўларди. Биз туманимизда Халқ қабулхонаси иш бошлаганини, у ерда ўринли мурожаатлар ҳокимлик томонидан инобатга олиниб, ёрдам кўрсатилаётганини эшитдик. Халқ қабулхонасига эса минг бир хижолат чекиб бордик. Чунки авваллари турли идораларга қилган мурожаатимизга рад жавоб олиб, юрагимиз безиллаб қолган эди-да. Бизни Халқ қабулхонси раҳбари Усмон Ҳалимов тавсияси билан туманимиз ҳокими қабул қилди. Ўша куни ҳокимликдан уйимизга келиб, ҳақиқий аҳволни ўрганиб кетишди. Уйимиз томлари шифер қилинди. Нафақат уйимиз томи, балки ичкаридан шифтимиз ҳам қамишлари осилиб, ёғингарчилик ёки шамолда устимизга тупроқ шов этиб тўкилар эди. Аризамизда бу ҳақда ёзмаган бўлсак-да, ёзги айвонимизни ҳам қўшиб оқлаб, ранглаб, чиройли ва чидамли қурилиш моллари билан таъмирлаб кетишди. Халқ қабулхонасининг аралашуви билан мен тумандаги “Очилбекжон” фермер хўжалигига, турмуш ўртоғим эса туман ободонлаштириш корхонасига ишга жойлашдик. Битта мурожаат билан ҳаётимиз бутунлай яхши томонга ўзгарди, — деди мамнуният билан Дилфуза Эргашова.

— Бештуво қишлоғимиз аҳолисини йиллар давомида қийнаб келаётган электр кучланишининг пасайиб кетганлиги, трансформатор эскиргани, энг зарур пайтда электр ўчиб қолаётгани ҳақида шикоят билан туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилдик. Бир ҳафтага қолмасдан “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти ходимлари келиб ҳолатни ўрганди. “Ғиждувон” под­станциясининг 69-трансформатор пунктига қўшимча 63 киловаттли трансформатор ва уч дона темир-бетон таянч ўрнатилиб, 400 метр узунликда симлар тортиш ишлари бажарилди, — дейди шу қишлоқда яшовчи Бекназар Дўдиков.

Ғиждувон тумани Тўқол қишлоғида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Шаҳноза Қўлдошева Халқ қабулхонасига уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш моллари олиб беришни сўраб мурожаат қилгач, уни туман ҳокими қабул қилгани ва 4 кун ичида мурожаати ижобий ҳал бўлганини хурсандчилик билан айтиб берди.

Жорий йилнинг 8 ойида 1148 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланганига ўзимиз гувоҳ бўлдик.

Сафаримиз давомида карантин даврида туманда янги ташкил этилиб, 50 нафар ишсиз, эҳтиёжманд хотин-қизнинг бандлигини таъминлаган “Xojai Jahoh- Green Star” ишлаб чиқариш кооперативи фаолияти билан танишишга бордик. Илгари ўрта махсус касб-ҳунар коллежи жойлашган бинонинг биринчи қаватида иш бошлаган кооперативнинг тикув-бичув ва дазмоллаш хоналарини, шинам ошхонасини кўриб дилимиз яйради.

 50 нафар чевар қиз ишлаётган тикув хонасига кириб, карантин ҳолатига мослаштирилган тикув машиналари ёнида бир-биридан гўзал қизларнинг чаққонлик билан ишлаётганини кўриб, кайфиятимиз кўтарилиб кетди. Менга кўзлари тушгач эса бирров ишларига дам берди. Ҳозир мендан шеър сўрашса керак, деб турсам, уларнинг ўзлари менинг шеърларимни айта бошлади. Шоир учун бундан ортиқ бахт йўқ, албатта. Қизлар, асосан, Ғиждувон туманининг “Чўғалон”, “Армечан”, “Урганж”, “Янги Арабхона”, “Тодон” маҳаллаларида истиқомат қилар экан. Бу қизлар билан суҳбатлашар эканмиз, гўзал орзулар билан яшаётган инсонлар нақадар бахтли эканини яна бир бор ҳис этдик.

Ўз уйингда деворлар ҳам қўллайди

Зулфия МЎМИНОВА,

шоира, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси