Жорий йилнинг 22 май куни пойтахтимиздаги муҳташам “Заковат” аренасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизими ходимлари ўртасида интеллектуал беллашув ташкил этилди.
Ходимларнинг
билим ва салоҳиятини ошириш, жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида
ўтказилган ушбу мусобақада соҳанинг энг зукко ва билимдон вакиллари ўзаро куч
синашди.
Беллашувда Агентлик марказий аппарати, ҳудудий
бошқармалар ҳамда тизим ташкилотларидан шакллантирилган жами 39 та жамоа
иштирок этди. Интеллектуал баҳслар давомида иштирокчилар мантиқий ва таҳлилий
фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш ҳамда жамоавий ишлаш борасидаги
қобилиятларини намоён этдилар.
— Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги марказий
аппаратидан ташриф буюрдик, — дейди мусобақа иштирокчиси Феруза Бабақулова. — Бугунги
“Заковат” ўйинида жамоамиз “Жадидчилар издошлари” номи остида иштирок этди.
Дастлаб кўпроқ тарихий йўналишдаги саволларга тайёрланган эдик. Бироқ бугунги
саволларнинг асосан мантиқий ва таҳлилий фикрлашга йўналтирилгани баҳсларни
янада қизиқарли қилди.
Ўйин жараёнида жамоавий ишлаш, бир-биримизнинг
фикримизни тинглаш ва ҳамжиҳатликда қарор қабул қилиш нақадар муҳим эканини
янада чуқурроқ ҳис қилдик. Энг муҳими, бугунги беллашув барчамизда илиқ
таассурот ва унутилмас хотира қолдирди.
— Бугун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида
ҳақиқий байрам кайфияти ҳукм сурмоқда, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
директор маслаҳатчиси Баҳром Илҳомжонов. —
Марказий аппарат, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларидан жам бўлган
жамоалар “Заковат” баҳсларида иштирок этмоқда. Айни пайтда марказий аппаратдан
19 та, ҳудудлардан 14 та ҳамда тизим ташкилотларидан 6 та жамоа ўзаро
беллашяпти.
“Заковат” — бу шунчаки савол-жавоб эмас. Бу,
аввало, ҳамжиҳатлик, дўстлик ва бир-бирини яқиндан англаш имкониятидир. Шу
маънода, бугунги тадбирда аслида барча ғолиб, деб ўйлайман. Чунки бундай
интеллектуал ўйинлар жамоавий руҳни мустаҳкамлайди, ходимлар ўртасидаги
ҳамкорликни янада кучайтиради.
Мазкур интеллектуал лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий
агентлиги тизимида ходимларнинг профессионал ривожи, маънавий-интеллектуал
салоҳиятини ошириш ҳамда соғлом жамоавий муҳитни шакллантиришга қаратилган
ташаббусларнинг амалий давоми сифатида аҳамият касб этмоқда.
Тадбир
нафақат иштирокчиларнинг касбий салоҳияти, балки уларнинг интеллектуал
тафаккури, билим даражаси ва тезкор фикрлаш қобилиятини ҳам намоён этишга
хизмат қилди. Бир сўз билан айтганда, “Заковат” аренасида интеллектуал баҳслар қизғин кечди.
Мусобақа
якунларига кўра, ғолиб жамоалар Агентлик томонидан муносиб тақдирланди.
Хусусан, 3-ўринни “Фарғона” жамоаси, 2-ўринни “Исломбек Ахмадалиев” жамоаси,
1-ўринни эса “Хоразм” жамоаси қўлга киритди. Ғолибларга махсус сертификат ва
эсдалик совғалари топширилди.
Мадина Ботиржонова,
Лобар Бобохонова