Унда ТДЮУ профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ҳуқуқшунос олим ва мутахассислар, Университет қошидаги академик лицей ўқувчилари, Олмазор тумани мактаб ўқитувчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасининг жамиятимиз ҳаётидаги аҳамияти аввало шу билан белгиланадики, унда сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари билан бир қаторда, галдаги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Президентимиз Мурожаатномасидаги асосий ғоя, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ортга қайтмас, барқарор хусусият касб этганлиги, янгиланиш жараёни бундан буён ҳам қатъий ва изчил давом эттирилишидан иборатдир.
Бунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, айниқса ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади. Давлатимиз раҳбари таклифига биноан жорий йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши ҳам шундан далолат.
Хусусан, Президентимиз ўз Мурожаатномасида таъкидлаб ўтганларидек, биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак.
Тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, бу борада Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари олдида муҳим вазифалар турибди. Бунда юридик фан ва таълимни янада такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, профессионал юридик таълим аввало жамият ҳуқуқий маданиятининг муҳим қисми ҳисобланади ва уни юристларнинг бир авлодидан кейингисига етказади. Қолаверса, юртимизда амалга оширилаётган, ҳар бир соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар кўп жиҳатдан айнан ёш ҳуқуқшунослар салоҳияти ва илмий кадрларнинг имкониятига боғлиқ бўлади.
Бу, аввало, ўқитиш услубиёти ва ўқув дастурларини тубдан янгилаш, замонавий дарсликларни яратиш, таълимга ахборот технологияларини жорий этиш, фаол халқаро интеграция демакдир. Эндиликда юридик кадрларни нафақат давлат ва нодавлат секторда фаолият юритиш учун, балки инновацион ёндашув асосида соҳага оид фаолият билан шуғулланувчи фрилансер ёки стартап-акселератор каби бутун дунёда талаб катта бўлган мутахассисларни тайёрлаш мақсадга мувофиқ эканлиги анжуманда алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, жорий йилда Университет томонидан инновацияларни жорий этиш йўналишида ҳам ишлар изчил давом эттирилади. Жумладан, ҳозирда Тошкент давлат юридик университетида “Ҳуқуқингиз бор” инновацион лойиҳаси орқали кундалик ҳаётимизда дуч келишимиз мумкин бўлган долзарб ва қизиқарли мавзуларда нафақат ҳуқуқий-оммабоп рисолалар, балки Android ва iOS операцион тизимлари учун мўлжалланган “Huquqiy Shahar” мобил иловалари фойдаланувчиларга тақдим этилмоқда. Бу ўз навбатида, ҳуқуқий тарғибот соҳасига инновацион ёндашувларни жорий қилиш орқали аҳоли ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, давра суҳбатида юридик таълимнинг методологик асосларини янада такомиллаштириш йўналтирилган илмий фаолиятни жонлантириш ҳақида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида қонун устуворлигини таъминлаш, айниқса суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларига бағишланган вазифалар – бу давра суҳбатида муҳокама қилинган яна бир мавзу бўлди. Таъкидланганидек, сўнгги 4 йилда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамларни қўйилиб, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани Президентимиз томонидан Мурожаатномада алоҳида айтиб ўтилди. Бунда давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори бўлган адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида энг муҳим вазифалардан бири сифатида эътироф этилди. Жумладан, 2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли ва қонунийлигини таъминлашда бош мезон бўлиши қайд этилди. Тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, бир неча суд босқичларининг бекор қилиниши олий судлов тизимининг мақбуллаштирилишини таъминлайди. Ушбу масалаларнинг ҳам илмий асосларини тадқиқ этиш олимлар олдида турган долзарб вазифа эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари эътиборига ҳуқуқшунос олимларнинг иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришнинг долзарб вазифалари, ижтимоий соҳа ва ташқи сиёсат каби йўналишлардаги маърузалари ҳавола этилди. Давра суҳбати иштирокчилари қизғин баҳс-мунозара чоғида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Тадбир якунида юридик таълим ва фан олдида турган вазифалар белгилаб олиниб, уларни амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳаза ва тавсиялар билдирилди.
Тошкент давлат юридик университети Матбуот хизмати