У муҳим вазифалар дастури бўлиш баробарида сўнгги тўққиз йилда босиб ўтилган ислоҳотлар йўлини чуқур таҳлил қилиш, эришилган натижаларни холис баҳолаш ва янги Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги стратегик босқичини белгилаб беришга қаратилган мукаммал концептуал ҳужжатдир.
Мазкур Мурожаатнома мамлакатимиз иқтисодий моделининг эволюцияси, институционал ислоҳотларнинг самарадорлиги ва жаҳон иқтисодиётида юз бераётган кескин ўзгаришлар шароитида мамлакатимизнинг стратегик жавобини ўзида мужассам этган кенг қамровли дастур.
Янги иқтисодий модель: очиқлик, самарадорлик ва ижтимоий масъулият
Кейинги йилларда дунё миқёсида глобаллашув жараёни янгича мазмун касб этмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар, савдо урушлари, логистика занжирларининг узилиши, инфляция босими ва хавфсизлик таҳдидлари кучайиб бораётган бир пайтда миллий иқтисодиётдан нафақат ўсиш, балки барқарорлик, мослашувчанлик ва технологик рақобатбардошлик талаб этилмоқда. Ана шундай мураккаб шароитда иқтисодиётимизнинг изчил ўсишда давом этаётгани, макроиқтисодий мувозанат сақланаётгани ва ислоҳотлар ижтимоий натижа бераётгани Мурожаатномада асосли рақамлар ва далиллар билан кўрсатиб берилди.
2016-2017 йилларда мамлакатимиз олдида турган асосий вазифа иқтисодий очиқликни таъминлаш, бозор механизмларини жорий этиш ва давлатнинг иқтисодиётдаги ортиқча иштирокини қисқартириш бўлган, бугун кун тартибида эса мутлақо янги масалалар турибди. Яъни юқори қўшилган қиймат яратадиган иқтисодий ўсиш моделига ўтиш, инсон капиталига таянадиган тараққиёт, ижтимоий адолат ва ҳудудлар ўртасида мутаносиб ривожланишни таъминлаш.
Ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси ҳар бир инсон ҳаётида сезилаётганидадир. Бу эса иқтисодий сиёсатнинг тўғри йўналтирилгани, давлат бошқарувида қарор қабул қилиш жараёни тобора инсон манфаатига янада кўп хизмат қилаётганидан далолат беради. Бугун макроиқтисодий кўрсаткичлар, инвестиция ҳажми ёки экспорт ўсишига шунчаки мақсад эмас, балки аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётган восита сифатида қаралмоқда.
Мурожаатномада келтирилган ялпи ички маҳсулот ҳажмининг тарихий марраларга етиши, олтин-валюта захираларининг рекорд даражада ўсиши, суверен рейтингнинг яхшиланиши каби фактлар иқтисодчилар учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бундай кўрсаткичлар мамлакатнинг ташқи молия бозорларидаги ишончини, сармоя жалб қилиш имкониятлари ва узоқ муддатли барқарор ўсиш салоҳиятини белгилаб беради.
Шу билан бирга, Мурожаатномада келгуси беш йил учун жуда аниқ ҳисоб-китоб қилинган ва иқтисодий мантиққа асосланган марралар қўйилган. Айниқса, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий институт сифатидаги ролини кучайтириш, инсон капитали ва касбий таълимни янги босқичга олиб чиқиш масалалари стратегик аҳамият касб этади. Шу маънода, ушбу Мурожаатномани янги Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиш декларацияси деб баҳолаш мумкин.
Сўнгги тўққиз йил иқтисодий тарихимизда туб бурилиш даври сифатида баҳоланиши, ҳеч шубҳасиз, асослидир. Чунки айнан шу даврда иқтисодий ривожланишнинг маъмурий-буйруқбозлик қолипларидан воз кечилиб, бозор иқтисодиётининг институционал асослари шакллантирилди.
Иқтисодий фан нуқтаи назаридан қаралганда, ҳар қандай трансформациянинг муваффақияти учта асосий омилга боғлиқ. Биринчиси, сиёсий ирода, иккинчиси, тўғри танланган институционал ислоҳотлар, учинчиси эса жамиятнинг ушбу ислоҳотларни қабул қилиши ва қўллаб-қувватлаши.
Айнан шу уч омилнинг уйғунлиги иқтисодий ислоҳотларнинг барқарор ва қайтмас тус олишига хизмат қилди. Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси билан бошланган очиқ иқтисодий сиёсат, валютани либераллаштириш, ташқи савдони эркинлаштириш, солиқ ва божхона тизимини ислоҳ қилиш каби қарорлар қисқа муддатда иқтисодий муҳитни тубдан ўзгартирди. 2016 йилга қадар иқтисодиётдаги асосий муаммо ресурсларни тақсимлашда шаффофликнинг йўқлиги ва хусусий ташаббусларнинг чеклангани бўлган, кейинги йилларда эса асосий эътибор иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инсон манфаатини ислоҳотлар марказига қўйишга қаратилди.
Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 145 миллиард доллардан ошиши, экспортнинг 33 миллиард долларга етиши, инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши қарийб учдан бир қисмни ташкил этгани тасодиф эмас. Ушбу кўрсаткичлар иқтисодий сиёсатнинг тўғри йўналтирилгани, ички ва ташқи ресурслар самарали ишга солинганини англатади.
Айниқса, ЯИМ ҳажмининг қисқа даврда деярли 2 баробар ошиши иқтисодчилар учун муҳим сигналдир. Чунки бу ўсиш фақат нарх омиллари ҳисобига эмас, балки реал ишлаб чиқариш, хизматлар соҳаси ва инвестиция фаоллигининг кенгайиши орқали таъминланди. Энергетика, қурилиш, саноат ва хизматлар соҳасидаги ислоҳотлар иқтисодий ўсишнинг кўп тармоқли ва мувозанатли бўлишига хизмат қилди.
Бу жараёнда давлатнинг роли ҳам мутлақо янгича мазмун касб этди. Давлат иқтисодиётдаги бевосита ишлаб чиқарувчи субъект сифатида эмас, балки қоидалар яратувчи, бозор механизмлари ишлашини таъминловчи ва ижтимоий адолатни кафолатловчи институт сифатида намоён бўла бошлади. Солиқ юкининг пасайтирилиши, лицензия ва рухсатнома тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши, давлат хизматларининг рақамлаштирилиши иқтисодий фаоллик учун қулай муҳит яратди.
Шу билан бирга, трансформация жараёнида ижтимоий омил эътибордан четда қолмади. Мурожаатномада алоҳида урғу берилган камбағалликни қисқартириш сиёсати иқтисодий ислоҳотларнинг инсонпарвар моҳиятини яққол кўрсатади. Иқтисодий назарияда камбағалликни қисқартириш фақат ижтимоий харажатларни ошириш орқали эмас, балки аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат бозорини кенгайтириш ва даромад манбаларини диверсификация қилиш орқали самарали амалга оширилиши таъкидланади.
Маҳалла даражасида тадбиркорликни рағбатлантириш, иш ўринлари очиш, кредит ва субсидиялар орқали аҳолини иқтисодий фаолликка жалб қилиш натижасида кўплаб одамлар камбағалликдан чиқарилди. Бу эса иқтисодий ўсишнинг ижтимоий самараси борлиги, ислоҳотлар “қоғозда” эмас, балки одамлар ҳаётида намоён бўлаётганини англатади.
Трансформация жараёнининг яна бир муҳим жиҳати иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий барқарорлик ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолишдир. Кўплаб мамлакатлар тажрибасида тезкор ўсиш инфляция, ташқи қарзнинг ортиши ёки молиявий беқарорликка олиб келган ҳолатлар учрайди. Юртимизда эса пул-кредит ва фискал сиёсатнинг мувофиқлаштирилган тарзда юритилиши инфляцияни жиловлаш, бюджет интизомини сақлаш ва ташқи қарзни бошқариш имконини берди. Шу нуқтаи назардан, сўнгги тўққиз йилдаги иқтисодий трансформацияни фақат миқдорий ўсиш эмас, балки сифат жиҳатидан янги босқичга чиқиш деб баҳолаш мумкин. Бу жараён Мурожаатномада келгуси йиллар учун белгиланган вазифаларни амалга оширишда мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.
Бугун жаҳон иқтисодиёти беқарорликнинг янги даврига қадам қўйгани очиқ-ойдин сезилмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар, минтақавий низолар, санкциялар сиёсати, савдо чекловлари, логистика занжирларининг узилиши ҳамда молия бозорларидаги кескин тебранишлар миллий иқтисодиётлар учун жиддий синов бўлиб турибди.
Бундай шароитда иқтисодий ўсишни сақлаб қолишдан ҳам кўра муҳимроқ вазифа макроиқтисодий барқарорлик ва миллий иқтисодий иммунитетни таъминлашдир. Чунки ташқи хатарларга нисбатан чидамли бўлмаган иқтисодиёт ҳар қандай шок таъсирида ижтимоий мувозанатни йўқотиши, инфляция ва ишсизликнинг кескин ўсишига дуч келиши мумкин.
Тажриба сўнгги йиллардаги иқтисодий сиёсат айнан барқарорликни сақлашга қаратилган тизимли ёндашувга асосланганини кўрсатмоқда. ЯИМ ҳажмининг ўсиши билан бир қаторда олтин-валюта захираларининг 60 миллиард доллардан ошиши мамлакатимизнинг ташқи шокларга қарши “хавфсизлик ёстиғи”ни шакллантирганини англатади. Бу захиралар нафақат миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш, балки ташқи қарз хизматини ўз вақтида бажариш, стратегик импортни кафолатлаш имконини беради.
Суверен рейтингнинг “BB” даражасига кўтарилиши ҳам иқтисодий иммунитетнинг мустаҳкамланаётганидан далолат. Иқтисодий таҳлил нуқтаи назаридан, бундай рейтинг ўзгариши давлат қарзининг камайиши, инвестициявий лойиҳалар учун узоқ муддатли ресурсларнинг кўпайиши ва мамлакатнинг халқаро молия бозорларидаги ишонч даражаси ошишига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий ўсишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим шарт-шароит яратади.
Макроиқтисодий барқарорликнинг яна бир муҳим элементи ташқи савдо балансининг яхшиланишидир. Экспорт ҳажми 23 фоиз ўсиб, 33 миллиард доллардан ошди. Бу кўрсаткич фақат миқдорий ўсиш эмас, балки ташқи бозорларда Ўзбекистон маҳсулотларига ишонч ортганини ҳам англатади. Айниқса, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушининг ошиб бораётгани миллий иқтисодиётнинг хомашёга боғлиқликдан аста-секин чиқиб бораётганини кўрсатади.
Глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгариб бораётган бир пайтда ташқи бозорларни диверсификация қилиш масаласи стратегик аҳамият касб этади. Ташқи иқтисодий сиёсатда айнан шу йўл танлангани, яъни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини барпо этишга қаратилган мувозанатли ташқи иқтисодий стратегия амалга оширилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда фискал ва пул-кредит сиёсатининг уйғунлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда бюджет интизомининг кучайтирилиши, харажатларнинг мақсадли йўналтирилиши ва ижтимоий соҳаларга устувор аҳамият берилиши иқтисодий ўсишнинг ижтимоий самарадорлигини оширди. Шу билан бирга, инфляция даражасининг “бир хонали” кўрсаткичлар доирасида ушлаб турилиши аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолишга хизмат қилди.
Айниқса, аҳолининг реал даромадлари ўсиши ва ички талабнинг кенгайиши иқтисодий барқарорликнинг муҳим драйверига айланди. Ички бозорга таянадиган иқтисодиёт ташқи шокларга нисбатан анча барқарор бўлади. Бу жиҳатдан, уй-жой қурилиши, ипотека тизими, хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсат макроиқтисодий мувозанатни сақлашда муҳим роль ўйнамоқда.
Лўнда қилиб айтганда, эришилган макроиқтисодий кўрсаткичлар бу фақат ўтган ва жорий йил натижалари эмас, балки келгуси йиллар учун шаклланган мустаҳкам иқтисодий иммунитетнинг ифодасидир. Ана шу барқарорлик иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш учун зарур бўлган асосий пойдевор вазифасини бажаради.
Миқдор эмас, сифат муҳим
Иқтисодий тараққиётнинг замонавий босқичида инвестиция сиёсати мамлакат келажагини белгилаб берувчи омиллардан. Мурожаатномада хорижий ва ички инвестицияларни жалб қилиш масаласига алоҳида стратегик аҳамият қаратилиб, бу соҳадаги устувор ёндашувлар очиқ-ойдин белгилаб берилди. Айниқса, инвестицияларнинг миқдорий эмас, сифат жиҳатидан самарадорлиги биринчи ўринга қўйилаётгани энг муҳим жиҳатлардан бўлди.
Кейинги тўққиз йилда иқтисодиётга 130 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб қилингани, ўтган йилнинг ўзида эса 43 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритилгани юртимизнинг инвестициявий жозибадорлиги изчил ошиб бораётганини кўрсатади. Аммо энди ҳар бир инвестиция мамлакат иқтисодиётига қандай технология, билим ва қўшилган қиймат олиб келаётгани мезони билан баҳоланади.
Иқтисодий назарияга кўра, инвестициянинг узоқ муддатли самараси фақат капитал қўйилмалар ҳажми билан эмас, балки технология трансфери, инсон капитали ривожи ва ишлаб чиқариш занжирларига интеграция даражаси билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз етакчиси илгари сурган “юқори технология ва экспортга йўналтирилган инвестор — энг ишончли ҳамкор” тамойили мутлақо тўғри стратегик ёндашув.
Жорий йилда 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режаси қўйилди. Бу улкан рақам, аммо унинг мазмуни янада муҳим. Яъни инвестициялар энергия, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаши, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга хизмат қилиши ва маҳаллий мутахассисларни замонавий технологияларга ўқитиш билан боғлиқ бўлиши шартлиги аниқ белгиланди. Бу эса иқтисодиётни хомашёга боғлиқ моделдан инновацион тараққиёт моделига олиб чиқишга қаратилган стратегик бурилишдир.
“Ақлли ишлаб чиқариш” сари
Эркин иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш ва уларга етакчи брендларни жалб қилиш режаси ҳам шу мантиққа тўла мос келади. Бундай ҳудудларда халқаро стандартлар, экологик ва меҳнат меъёрларини қўллашга рухсат берилиши, махсус ҳуқуқий ва солиқ режимларининг жорий этилиши мамлакатимизни глобал ишлаб чиқариш занжирларига чуқурроқ интеграция қилиш имконини беради. Бу эса саноат тармоқларида технологик янгиланишни тезлаштиради.
Саноатни ривожлантириш бўйича белгилаб берилган аниқ кўрсаткичлар қўшилган қийматни 60 миллиард долларга етказиш, юқори ва ўртадан юқори технологияли маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар ошириш илмий ҳисоб-китобларга асосланган реал марралардир. Ушбу мақсадларга эришиш учун 2026 йилдаёқ 52 миллиард долларлик
782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилиши режалаштирилаётир. Бу ерда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳат саноат тармоқларида меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигини ошириш масаласи. Мурожаатномада келтирилган мисол — бир долларлик маҳсулот учун сарфланадиган энергия ҳажмини 13 фоиз камайтириш орқали 1 миллиард доллар қўшимча қиймат яратиш технологик янгиланишнинг иқтисодий самарасини яққол кўрсатади. Бу эса саноатда “кўп ишлаб чиқариш” эмас, балки “ақлли ишлаб чиқариш” моделига ўтилаётганидан далолат беради.
Шу маънода, “Тўртинчи саноат инқилоби маркази”ни ташкил этиш, робототехника, интернет буюмлари ва “ақлли фабрика” ечимларини жорий қилиш бўйича синов механизмларини йўлга қўйиш саноат учун мутлақо янги саҳифа очади. Ушбу марказ орқали корхоналар янги технологияларни жорий этишдан олдин уларни маҳаллий шароитда синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Бу эса инвестиция рискларини камайтириш ва технологик қарорларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва бозор назорати тизимига ўтиш режалари маҳсулотларимиз рақобатбардошлигини оширишга қаратилган муҳим институционал ислоҳотдир. Давлат назоратидан бозор назоратига ўтиш ишлаб чиқарувчиларга кўпроқ эркинлик бериш билан бирга истеъмолчилар манфаатларини ҳам ҳимоя қилади.
Умумий қилиб айтсак, белгилаб берилган инвестиция ва технологик ўсиш сиёсати иқтисодиётни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган аниқ, пухта ҳисобланган ва илмий асосланган дастурдир. Бу сиёсатнинг муваффақияти эса давлат, бизнес ва жамият ўртасидаги ҳамкорликнинг қанчалик самарали йўлга қўйилишига бевосита боғлиқ.
Ижтимоий масалалар: янги ёндашувлар ва мақсадлар
Сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг энг муҳим ва энг мураккаб йўналишларидан бири ижтимоий давлатни шакллантириш жараёнидир. Мурожаатномада камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадини ошириш ва инсон капиталига инвестиция киритиш масалалари алоҳида устувор йўналиш сифатида белгилаб берилгани бежиз эмас. Чунки замонавий иқтисодиёт назариясига кўра, барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишнинг асосий манбаи айнан инсон капитали.
Иқтисодий тараққиётнинг илк босқичларида давлатлар кўпинча саноат ва инфратузилмага эътибор қаратади. Бироқ муайян босқичдан кейин иқтисодий ўсишнинг сифати аҳоли саломатлиги, таълим даражаси, касбий малакаси ва ижтимоий фаоллиги билан бевосита боғлиқ бўлади. Мамлакатимиз айнан шу босқичга кириб бормоқда. Камбағаллик даражасининг 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушиши, 8,5 миллиондан зиёд кишининг камбағалликдан чиқарилиши иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлиги юқори эканини кўрсатади.
Шу ўринда муҳим бир жиҳатга эътибор қаратмоқ лозим. Камбағалликни қисқартириш сиёсати фақат ижтимоий нафақаларни ошириш ёки вақтинчалик ёрдам кўрсатиш билан чекланмади. Аксинча, асосий эътибор аҳолини доимий даромад манбалари билан таъминлашга қаратилди. Бу ёндашув иқтисодий нуқтаи назардан энг тўғри ва узоқ муддатли самара берадиган йўл. Маҳалла даражасида иш ўринлари очиш, микролойиҳаларни молиялаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, касбга ўқитиш тизимини кенгайтириш орқали аҳолининг иқтисодий фаоллиги оширилди. Бу эса камбағалликнинг сабаблари билан курашишга, яъни унинг оқибатларини эмас, илдизини бартараф этишга хизмат қилди.
Камбағалликни қисқартиришнинг маҳалла модели ўзига хос ва инновацион ёндашувдир. Чунки маҳалла нафақат ижтимоий институт, балки иқтисодий фаолликни ташкил этувчи, маҳаллий меҳнат бозорини шакллантирувчи муҳим платформага айланмоқда. Бу модель орқали давлат сиёсати энг қуйи бўғинга — инсоннинг кундалик ҳаётига бевосита етиб бораётгани ислоҳотларнинг энг катта ютуғи.
Ижтимоий давлат концепциясининг яна бир муҳим элементи таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилаётган инвестициялардир. Шу боис, камбағал оилалар фарзандларини давлат боғчаларига қабул қилиш, инклюзив таълимни жорий этиш, тиббий хизматларни кенгайтириш каби масалаларга алоҳида урғу берилди. Бу чора-тадбирлар қисқа муддатда бюджет харажатларини ошириши мумкин, аммо узоқ муддатда жамиятнинг меҳнат унумдорлиги, инновацион салоҳияти ва ижтимоий барқарорлигини таъминлайди.
Халқаро тажриба инсон капиталига сарфланган ҳар бир доллар келгусида бир неча баробар иқтисодий қайтим беришини кўрсатади. Таълим, соғлиқни сақлаш ва касбий тайёргарликка йўналтирилаётган ресурслар айнан шу мантиққа асосланмоқда. Давлатимиз раҳбари белгилаган мақсад — аҳолини “ижтимоий ёрдам олувчи” эмас, балки “иқтисодий фаол субъект” сифатида тарбиялаш ижтимоий давлатнинг замонавий моделига тўлиқ мос келади.
Шунингдек, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш масаласи ҳам Мурожаатномада марказий ўрин эгаллади. Ижтимоий ҳимоянинг рақамлаштирилиши, мақсадли ёрдам механизмларининг жорий этилиши давлат ресурсларининг манзилли ва самарали сарфланишига хизмат қилмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида давлат сиёсатига ишончни мустаҳкамлайди, ижтимоий келишувни кучайтиради.
Содда қилиб айтганда, камбағалликни қисқартириш ва инсон капиталига қаратилган сиёсат Ўзбекистонни ижтимоий давлат сифатида шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқда. Бу пойдевор эса иқтисодий ўсишни барқарор, инклюзив ва адолатли қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Аҳоли билан давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприк
2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш таклифини оддий ташкилий ёки маъмурий ташаббус сифатида баҳолаш хато бўлади. Аслида, ушбу қарор давлат ва жамият муносабатларини тубдан қайта англаш, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий тизимдаги ўрнини янги мазмунда белгилашга қаратилган стратегик қадамдир.
Иқтисодий назарияга кўра, жамият тараққиётининг муваффақияти кўп жиҳатдан ижтимоий капитал даражасига боғлиқ. Ижтимоий капитал деганда, одамлар ўртасидаги ишонч, ҳамкорлик, ўзаро ёрдам ва жамоавий масъулият тушунилади. Бизнинг шароитда маҳалла ана шу ижтимоий капитални шакллантирувчи энг муҳим институт. Мурожаатномада келтирилган ижтимоий сўров натижалари, яъни аҳолининг 90 фоиздан ортиғи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб билиши бу институтнинг жамият ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини тасдиқлайди.
Бироқ сўнгги йилларда маҳалланинг вазифалари сезиларли даражада кенгайди. У энди фақат ижтимоий назорат ёки анъанавий урф-одатлар сақловчиси эмас, балки иқтисодий фаолликни ташкил этувчи, иш ўринлари очувчи ва аҳолини даромадли қиладиган муҳим майдонга айланмоқда. Шу боис, маҳалла инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, маҳалла бюджети ва лойиҳавий молиялаштиришни жорий этиш орқали маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш галдаги мақсад қилиб белгиланди.
Мурожаатномада белгиланган рақамларга эътибор қаратсак, маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўмнинг бевосита ҳудудларга берилиши, туманлар бюджети даромадини оширишга қаратилган солиқ сиёсатининг ўзгартирилиши маҳаллий иқтисодий мустақилликни кучайтиришга хизмат қилади. Бу эса марказлашган тақсимотдан ҳудудий ташаббусларга таянадиган янги модель шаклланаётганини англатади.
Маҳалла даражасида лойиҳавий ёндашувни жорий этиш бюджет маблағларини самарали сарфлашнинг энг тўғри усулларидан. Чунки маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири ишлаб чиққан аниқ лойиҳалар орқали маблағ ажратилиши ресурсларнинг мақсадли ва натижадор ишлатилишини таъминлайди. Бу ёндашув давлат харажатларининг ижтимоий қайтимини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, маҳаллада тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш орқали иш ўринлари очиш сиёсати камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали механизмларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Мурожаатномада келтирилган “маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳалари, микролойиҳаларни молиялаштириш, имтиёзли кредитлар ажратиш каби чора-тадбирлар маҳаллий меҳнат бозорини фаоллаштиради. Бу эса аҳолининг ўз яшаш жойида иш топиши, ички миграция босимининг камайиши ва жамиятда ижтимоий барқарорликнинг мустаҳкамланишига олиб келади.
Маҳалланинг иқтисодий драйверга айланиши давлат бошқарувида янги масъулиятни ҳам тақозо этади. Маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкири институти самарали ишлаши учун уларнинг малакаси, иқтисодий билими ва ташаббускорлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис, кадрлар тайёрлаш, маҳалла тизимидаги раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Маҳалланинг ижтимоий институтдан иқтисодий тараққиёт драйверига айланиши янги Ўзбекистон моделидаги энг муҳим концептуал янгиликлардан биридир. Бу модель орқали давлат сиёсати энг қуйи бўғингача етиб бориб, ҳар бир инсон ҳаётида аниқ иқтисодий натижа бериши таъминланади.
Ҳудудлар ривожининг барқарор асоси
Иқтисодий тараққиётни ҳудудлар кесимида барқарор таъминлаш масаласи ҳар қандай давлат учун стратегик аҳамиятга эга. Мурожаатномада инфратузилма ва урбанизация сиёсатига кенг ўрин ажратилиши бежиз эмас. Чунки замонавий иқтисодий назарияга кўра, инфратузилма фақат йўл, сув ёки электр тармоқлари эмас, балки иқтисодий ўсишни тезлаштирадиган, ҳудудлар ўртасидаги номутаносибликни камайтирадиган асосий капиталдир. Сўнгги йилларда айнан шу йўналишда кенг кўламли ишлар қилинмоқда. 210 миллион квадрат метрдан зиёд турар ва нотурар жой объектларининг фойдаланишга топширилгани, энергетика қувватларининг кескин оширилгани, сув таъминоти қамровининг кенгайгани инфратузилма ислоҳотлари мамлакатимиз иқтисодиётини “очиб юборган” муҳим омил эканини кўрсатади.
Инфратузилмага йўналтирилган ҳар бир сўм инвестиция мультипликатив таъсирга эга. Яъни у фақат қурилиш соҳасида эмас, балки саноат, хизмат кўрсатиш, савдо, логистика ва меҳнат бозорида ҳам қўшимча иқтисодий фаоллик яратади. Уй-жой қурилиши ҳажмининг ўсиши, ипотека тизимининг кенгайиши натижасида қурилиш материаллари, мебелсозлик, электр техникаси ва сервис соҳаларида талабнинг ошиб бораётгани айнан шу иқтисодий қонуниятни тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбари урбанизация масаласига тўхталар экан, шаҳарнинг тартибсиз кенгайишининг олдини олиш, агломерацияларни белгилаш ва “барқарор шаҳар” платформасини жорий этиш ташаббусини илгари сурди. Бу шаҳарларни фақат аҳоли сони жиҳатидан эмас, балки иқтисодий самарадорлик ва ҳаёт сифати нуқтаи назаридан ривожлантиришга қаратилган замонавий ёндашувдир. Чунки тартибсиз урбанизация ер ресурсларининг йўқолиши, транспорт муаммолари ва экологик босимни кучайтиради. 45 та агломерация ҳудудини белгилаш ва “яшаш учун қулайлик индекси”ни жорий этиш орқали шаҳарларнинг ҳар бир маҳалласи кесимида муаммоларни аниқлаш ва мақсадли ечимлар ишлаб чиқиш имкони пайдо бўлади. Бу эса шаҳар бошқарувида маълумотларга асосланган қарор қабул қилиш маданиятини шакллантиради. Бундай индекслар шаҳарларни инвестициявий жозибадор қилишда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Энергетика инфратузилмасидаги ислоҳотлар ҳам иқтисодий ўсишнинг муҳим пойдеворларидан бири бўлди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг 85 миллиард киловатт-соатга етказилиши саноат ва хизматлар соҳасидаги ўсиб бораётган талабни қоплаш имконини берди. Агар бу қувватлар яратилмаганида иқтисодиёт ҳажмини икки баробар ошириш ҳақида гапиришнинг ўзи мушкул бўларди.
Сув таъминоти ва ирригация инфратузилмасидаги ислоҳотлар эса аҳоли ҳаётининг сифати билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мурожаатномада келтирилган 715 минг кишининг хонадонига биринчи марта тоза ичимлик сув кириб боргани, яна миллионлаб одамнинг сув таъминоти яхшилангани ижтимоий фаровонлик ошганини кўрсатади. Бу омиллар ҳам иқтисодий фаолликка бевосита таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, инфратузилма сиёсатининг янги жиҳати сифатида бюджет маблағларини маҳалла ва туман даражасида лойиҳавий асосда тақсимлаш механизмини алоҳида қайд этиш лозим. Бу ёндашув ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий номутаносибликни камайтириш, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли эҳтиёжларига яқин қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Белгилаб берилган инфратузилма ва урбанизация сиёсати иқтисодий ўсишни ҳудудий жиҳатдан мувозанатли таъминлаш, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги фарқни қисқартириш ҳамда аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини яратишга қаратилган. Бу сиёсат янги Ўзбекистон иқтисодий моделида стратегик аҳамиятга эга, келгуси йилларда ўсишнинг барқарор манбаига айланиши шубҳасиз.
Меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлиги ортади
Бугун жаҳон иқтисодиётида рақобат арзон ишчи кучи ёки табиий ресурслар ҳисобидан эмас, балки билим, технология ва инновация асосида кечмоқда. Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш масаласига алоҳида устувор аҳамият берилгани айнан шу глобал тенденцияларни чуқур англаган ҳолда қабул қилинган стратегик қарор эканини кўрсатади.
Иқтисодий назарияда “Индустрия 4.0” тушунчаси ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, автоматлаштириш, сунъий интеллект, робототехника ва катта маълумотлардан фойдаланиш орқали меҳнат унумдорлигини кескин оширишни англатади. Саноат тармоқларида меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигини икки карра ошириш вазифаси қўйилгани Ўзбекистон ҳам айнан шу йўлдан бораётганини тасдиқлайди.
Президентимизнинг “Тўртинчи саноат инқилоби маркази”ни ташкил этиш ташаббуси саноат учун концептуал янгиликдир. Бу ёндашув инвестиция хавфларини камайтиради, технологик қарорларнинг самарадорлигини оширади ва бизнес учун инновацияларга киришни осонлаштиради.
Рақамлаштириш сиёсати нафақат саноат, балки хизматлар соҳаси учун ҳам муҳим драйверга айланмоқда. АT, финтех, сунъий интеллект каби йўналишларда маҳаллий стартапларга хорижий инвестициялар жалб қилинаётгани, АT хизматлари экспортининг 1 миллиард долларга етгани иқтисодиётнинг янги сегменти шаклланаётганини кўрсатади. Бу сегмент анъанавий тармоқларга нисбатан кам ресурс талаб қилади, бироқ юқори қўшилган қиймат яратади.
“Рақамли стартаплар” дастурини кенгайтириш, инкубация марказларини ривожлантириш, венчур молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. Бу қарорлар инновацион экотизимни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Чунки стартаплар фақат янги бизнес эмас, балки янги фикрлаш тарзи, янги технология ва янги бозорлар демакдир.
Айниқса, сунъий интеллект соҳасида режалаштирилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Тошкент ва қатор вилоятларда дата-марказлар, суперкомпьютерлар ва олийгоҳларда сунъий интеллект лабораторияларининг ташкил этилиши соғлиқни сақлаш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва жамоат хавфсизлиги каби соҳаларда самарадорликни кескин ошириш имконини беради. Сунъий интеллектни кенг жорий этган мамлакатлар яқин ўн йилликда рақобатда устунликка эга бўлади.
Рақамлаштиришнинг яна бир муҳим жиҳати давлат бошқаруви ва давлат хизматларида инсон омилини қисқартиришдир. Электрон ҳукумат, проактив хизматлар ва маълумотлар интеграцияси коррупция хавфини камайтиради, бизнес учун транзакция харажатларини пасайтиради ва қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштиради. Бу эса иқтисодий муҳитнинг шаффофлиги ва ишончини оширади.
Шу билан бирга, инновация ва рақамлаштириш инсон капиталисиз самара бермайди. Ёшларни АT, инженерия ва юқори технологияли соҳаларга йўналтириш, таълим тизимини рақамли иқтисодиёт эҳтиёжларига мослаштириш вазифалари қўйилгани бежиз эмас. Бу, иқтисодий сиёсат билан таълим сиёсати ўртасидаги узвий боғлиқликнинг ёрқин намунасидир.
Қисқаси, инновация, рақамлаштириш ва “Индустрия 4.0” бўйича белгиланган вазифалар иқтисодиётни рақобатбардош, самарали ва келажакка йўналтирилган тизимга айлантиришга қаратилган. Бу йўлдан бориш танлов эмас, балки замон талабидир.
Инновация ва инсон капитали уйғунлиги
Иқтисодий тараққиёт тарихига назар ташласак, ҳар қандай узоқ муддатли ва барқарор ўсишнинг пойдевори инсон капитали эканини кўрамиз. Табиий ресурслар тугайди, технологиялар эскиради, аммо билим, кўникма ва тафаккурга сармоя киритган жамият доимо янгиланиш қудратига эга бўлади. Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш масаласининг алоҳида устувор йўналиш сифатида белгилангани айнан шу стратегик ҳақиқатдан келиб чиқади.
Бугун дунёда меҳнат бозори тубдан ўзгармоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти ва етакчи экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, яқин беш йилда мавжуд касбларнинг камида 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, яна 50 фоизи бўйича янги компетенциялар талаб қилинади. Бу жараён мамлакатимиз учун ҳам жиддий чақириқ, ҳам улкан имкониятдир. Чунки аҳолининг ёш таркиби, демографик ўсиш ва таълимга талаб мамлакатимизни рақобатбардош кадрлар етиштириш бўйича устун позицияга чиқариши мумкин.
Меҳнат бозорини “касб — малака — технология — таълим”ни бирлаштирган ягона механизм сифатида қайта қуриш ғояси илгари сурилди. Бу ёндашув меҳнат бозоридаги асосий муаммолардан бири — таълим тизими билан иқтисодиёт эҳтиёжлари ўртасидаги узилишни бартараф этишга қаратилган. Айнан шу узилиш кўплаб мамлакатларда ёшлар ишсизлиги ва малакали кадрлар етишмовчилиги муаммосини келтириб чиқаради.
Мурожаатномада 9-синф битирувчиларини касбий йўналтириш, фанларни ўзлаштириш даражаси ва қизиқишларига қараб саралаш тизимини жорий этиш таклифи жуда муҳим ислоҳотдир. Бу қарор ёшларни эрта босқичда ўз қобилиятига мос йўлни танлашга ундайди. Олий таълимга мажбурий равишда интилмасдан, талаб юқори бўлган амалий касбларни эгаллаш имконияти иқтисодий нуқтаи назардан ҳам, ижтимоий адолат нуқтаи назаридан ҳам тўғри қарор.
Касбий таълим тизимининг марказий бўғини сифатида техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқиш режалари алоҳида таҳсинга лойиқ. Ҳар йили камида 100 та техникумни тўлиқ модернизация қилиш, уларни Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари асосида қайта жиҳозлаш нафақат таълим ислоҳоти, балки иқтисодиётни қайта қуришдир. Чунки замонавий саноат, қурилиш, транспорт ва сервис соҳалари айнан шундай ўрта бўғин мутахассисларига суянади.
Дуал таълим тизимининг кенгайиб бораётгани эса ўқитиш билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни амалда таъминламоқда. Бугун 70 мингга яқин ўқувчининг ишлаб чиқариш корхоналарида ойига 10 миллион сўмгача маош олиб ўқиётгани таълимнинг иқтисодий самарадорлигига яққол мисолдир. Бу ёшлар ўқишни тугатгандан сўнг иш қидириб сарсон бўлмайди, балки тайёр мутахассис сифатида меҳнат бозорига кириб келади.
“Илғор касбий маҳорат техникумлари” ва “Касблар шаҳарчаси”ни ташкил этиш ташаббуси меҳнат бозорини узоқ муддатли режалаштиришга хизмат қилади. Айниқса, мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, “яшил” энергетика ва АT каби соҳаларга эрта йўналтириш орқали касбий танловни онгли қилиш мумкин. Бу эса меҳнат ресурсларининг нотўғри тақсимланиши хавфини камайтиради.
Олий таълим тизимида ҳам инсон капиталини чуқурлаштиришга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинмоқда. Жиззах политехника институтининг хорижий нуфузли университет бошқарувига ўтказилиши, Япония билан ҳамкорликда аниқ фанлар бўйича янги олийгоҳ очилиши билим сифатини халқаро стандартларга мослаштириш йўлидаги дадил қадамдир. Бу жараёнда университетлар фақат диплом берувчи эмас, балки инновация ва технология марказларига айланиши керак.
Меҳнат бозорига ҳар йили 300 мингга яқин олий маълумотли кадр кириб келаётган шароитда битирувчилар билан иш берувчилар ўртасида рақамли кўприк яратиш ғояси ҳам иқтисодий жиҳатдан ўта долзарб. Академик кўрсаткичлар ва бўш иш ўринлари онлайн тарзда боғланган экотизим меҳнат бозорида ахборот асимметриясини камайтиради, ишсизлик муддатини қисқартиради ва кадрлар сифатини оширади.
Инсон капитали ва меҳнат бозори бўйича белгиланган ислоҳотлар иқтисодиётни технологик ривожлантиришнинг асосий шарти. Агар инновация иқтисодиётнинг “юраги” бўлса, инсон капитали уни ҳаракатга келтирувчи қон томирларидир. Бу иккиси уйғун ривожланмас экан, барқарор ўсиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Ошаётган харид қобилияти
Иқтисодий ўсиш фақат ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши билан эмас, балки унинг аҳоли ҳаётида қандай акс этаётгани билан баҳоланади. Ички талабни рағбатлантириш, инфляцияни назорат қилиш ва аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки барқарор иқтисодий ўсишнинг энг муҳим шарти аҳолининг харид қобилияти ва бозорлардаги ишончли талабдир.
Иқтисодий назарияга кўра, ички талаб иқтисодиётнинг “ички двигатели”. Экспорт қанчалик муҳим бўлмасин, кенг ва барқарор ички бозорга эга мамлакатлар ташқи шокларга нисбатан анча чидамли бўлади. Келтирилган рақамлар юртимизда айнан шундай ички бозор шаклланаётганини кўрсатади. Аҳолининг харид қобилияти сўнгги йилларда икки баробар ошгани бу жараённинг энг ёрқин далилидир.
Инфляцияни “бир хонали” даражада ушлаб туришга эришилгани макроиқтисодий барқарорлик нуқтаи назаридан муҳим ютуқ. Чунки юқори инфляция, аввало, кам даромадли аҳолини камбағаллаштиради, жамиятда ижтимоий тенгсизликни кучайтиради ва инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Инфляцияни 6-6,5 фоизга тушириш мақсади қўйилгани давлатнинг аҳоли фаровонлигини ҳимоя қилишда қатъий позицияда эканини англатади.
Аҳолининг уй-жойга талаби ички талабни рағбатлантирувчи энг кучли омиллардан. 2026 йилда ипотекага 23 триллион сўм ресурс ажратилиши, бошланғич тўлов ва фоизларни субсидиялаш орқали уй-жой харид қилиш имконияти кенгайтирилиши нафақат ижтимоий, балки иқтисодий самара ҳам беради. Қурилиш соҳаси билан боғлиқ ўнлаб тармоқлар: қурилиш материаллари, мебель, электр техникаси, тўқимачилик ва сервис хизмати фаоллашади. Бу эса иқтисодиётда мультипликатив таъсирни кучайтиради.
Беш йил олдин 210 мингта квартира харид қилинган бўлса, бу йил 270 мингта уй сотиб олингани аҳолининг реал даромадлари ошганидан далолат беради. Шунингдек, автомобиль бозоридаги ўсиш ҳам истеъмол талабининг жадаллашганини кўрсатади. Бу жараёнлар фақат истеъмолни эмас, балки ишлаб чиқаришни ҳам рағбатлантиради.
Истеъмол кредитлари ҳажмини ошириш, уларни мақсадли ва оқилона йўналтириш сиёсати ҳам ички талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. 2026 йилда 125 триллион сўмлик истеъмол кредити ажратилиши бозорларда айланмани кучайтиради, бизнес учун янги имкониятлар яратади. Бироқ бу жараён инфляция хавфини оширмаслиги учун молиявий интизом ва макроиқтисодий назорат кучли бўлиши шарт.
Хизматлар соҳаси аҳоли фаровонлиги билан тўғридан тўғри боғлиқ иқтисодий сегментдир. Бу йил хизматлар ҳажмининг 82 миллиард долларга етгани ва 2026 йилда 100 миллиард доллардан оширилиши режалаштирилаётгани иқтисодиётнинг янги драйвери шаклланаётганини англатади. Таълим, тиббиёт, туризм, транспорт ва маиший хизматларга талаб ошгани жамиятда турмуш сифати яхшиланиб бораётганидан далолат.
Туризм соҳасида белгиланган йирик инфратузилма лойиҳалари: Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарлардаги мажмуаларни ривожлантириш ички ва ташқи талабни бир вақтнинг ўзида рағбатлантиради. Сайёҳлик хизматлари нафақат валюта тушуми, балки маҳаллий аҳоли учун минглаб янги иш ўринлари демакдир.
Ички талаб, инфляция ва аҳоли фаровонлиги ўртасидаги мувозанатни сақлашга қаратилган сиёсат иқтисодий ўсишнинг ижтимоий мазмунини таъминлайди. Иқтисодий рақамлар ортида инсон, оила ва маҳалла фаровонлиги тургани ушбу ёндашувнинг асосий ғояси.
Экологик мувозанат
XXI асрда иқтисодий ўсишни фақат саноат қувватлари ёки инвестиция ҳажми билан ўлчаш даври тугаб бормоқда. Бугун ривожланган давлатлар иқтисодий тараққиётни экологик барқарорлик, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва келажак авлодлар манфаатларини ҳимоя қилиш билан уйғун ҳолда олиб бормоқда. Мурожаатномада экология ва “яшил” иқтисодиёт масалаларига кенг ўрин берилгани Ўзбекистон ҳам глобал тараққиётнинг айнан шу йўлини танлаганини кўрсатади.
Экологик муаммолар, айниқса, иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши ва сув танқислиги каби масалалар иқтисодиёт учун ҳам жиддий хавф. Чунки экологик деградация меҳнат унумдорлигини пасайтиради, соғлиқни сақлаш харажатларини оширади ва инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Шу маънода, белгиланган экологик ислоҳотлар фақат табиатни муҳофаза қилиш эмас, балки иқтисодий барқарорликни таъминлашга ҳам қаратилган.
“Яшил” энергетика соҳасида сўнгги беш йилда 6000 мегаваттли қувватлар ишга туширилгани, умумий генерацияда қайта тикланувчи энергия улушининг 30 фоизга етгани тарихий ютуқдир. Бу натижалар нафақат энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, балки ташқи энергия ресурсларига қарамликни камайтиришга хизмат қилади. Қайта тикланувчи энергияга ўтиш узоқ муддатда давлат бюджети ва тўлов баланси учун ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Яна бир муҳим жиҳат, “яшил” энергия ҳисобига 7 миллиард куб метр табиий газ тежалиши ва ҳавога 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олиниши ҳақидаги прогноздир. Бу рақамлар экология ва иқтисодиёт ўртасидаги тўғридан тўғри боғлиқликни яққол намоён этади. Газни тежаш экспорт салоҳиятини ошириш, зарарли чиқиндиларни камайтириш эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш демакдир.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи эса стратегик аҳамиятга эга. Дунёда сув танқислиги кучайиб бораётган шароитда сув тежовчи технологияларни жорий этиш иқтисодий сиёсатнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Мурожаатномада 5,5 миллиард долларлик дастур доирасида сувни тежайдиган технологиялар қамровини 61 фоизга етказиш, йилига 2,5 миллиард куб метр сув тежаш режалари белгиланди. Бу рақамлар аграр иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ирригация тизимини модернизация қилиш, каналларни бетонлаш ва ёпиқ дренаж тизимларига ўтиш орқали сув йўқотишларни камайтириш ҳам иқтисодий самарадорликни оширади. Қўшимча экин майдонларининг очилиши, кафолатли сув таъминоти қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт салоҳияти учун муҳим омилдир.
Шаҳар экологияси масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам жуда муҳим. Автомобиллар чиқараётган зарарли моддаларга қараб экологик стикерлар жорий этиш, эски транспорт воситаларини алмаштиришни рағбатлантириш, жамоат транспортини ривожлантириш — буларнинг барчаси шаҳарларда яшаш сифатини яхшилашга қаратилган чоралар. Тирбандлик ва ҳаво ифлосланиши камайган шаҳарлар инвестор ва сайёҳлар учун ҳам жозибадор бўлади.
Экология соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига стратегик ёндашув таклиф қилинмоқда. Ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумларни ташкил этиш, экология менежерлари тайёрлаш янги меҳнат бозори сегментининг шаклланаётганини англатади. Иқтисодий нуқтаи назардан, бу “яшил” иқтисодиётда қўшимча қиймат яратиш, инновация ва хизматлар бозорини кенгайтириш имконини беради.
Экология ва “яшил” иқтисодиётга қаратилган сиёсат тараққиётнинг янги парадигмасини белгилаб бермоқда. Бу парадигмада иқтисодий ўсишга табиатни асраш, инсон саломатлигини ҳимоя қилиш ва келажак авлодлар олдидаги масъулият билан уйғун ҳолда қаралади.
Фаол, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат
Ҳозирги глобаллашув шароитида ҳеч бир мамлакат ташқи дунёдан айри ҳолда барқарор ривожлана олмайди. Айниқса, очиқ иқтисодиёт йўлини танлаган, экспорт ва инвестицияга таянаётган давлатлар учун ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия ички ислоҳотлардан кам аҳамият касб этмайди. Мурожаатномада ташқи сиёсат масалаларига кенг ўрин ажратилиб, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва роли мутлақо янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Кейинги йилларда ташқи сиёсатда очиқлик, прагматизм ва ўзаро манфаат тамойилларига асосланган йўл изчил давом эттирилмоқда. Бу сиёсатнинг иқтисодий самараси аниқ рақамларда намоён бўлмоқда. Хорижий инвестициялар ҳажмининг кескин ошиши, экспорт географиясининг кенгайиши ва халқаро рейтингларда мамлакат обрўсининг юксалиши айнан иқтисодий дипломатиянинг самарали эканини кўрсатади.
Марказий Осиёда интеграция жараёнларини янги босқичга олиб чиқиш ташаббуслари алоҳида таъкидланди. Минтақа давлатлари ўртасида чегара масалаларининг ҳал этилиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг фаоллашиши, қўшма инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳудуд барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Иқтисодий нуқтаи назардан, интеграция ички бозорни кенгайтиради, логистика харажатларини камайтиради ва инвестициялар учун катта ҳудудий бозор яратади.
Озарбайжоннинг Марказий Осиё ҳамжамияти форматига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши ҳам геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан тарихий қарордир. Бу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида транспорт, энергетика ва савдо йўналишларида янги имкониятлар очади. “Шарқ — Ғарб” ва “Шимол — Жануб” йўналишларидаги транзит салоҳиятининг ошиши Ўзбекистонни минтақавий логистика хабига айлантириш стратегиясига мос келади.
Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши иқтисодий дипломатиянинг яна бир муҳим ютуғидир. Бу ҳужжат савдо режимини либераллаштириш, техник стандартларни яқинлаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Европа бозорига чиқиш имкониятларининг кенгайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун сифат ва рақобатбардошликни оширишга туртки беради.
АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа етакчи давлатлар билан стратегик шерикликни чуқурлаштириш ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Токио, Брюссель, Санкт-Петербургдаги саммит ва учрашувлар натижасида эришилган келишувлар таълим, тиббиёт, рақамли технологиялар, инфратузилма ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Иқтисодий дипломатиянинг муҳим жиҳати халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдир. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби тузилмалар билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва “яшил иқтисодиёт”га ўтишда муҳим ресурсдир.
Шу билан бирга, ташқи сиёсатнинг муваффақияти ички барқарорлик ва қонун устуворлиги билан бевосита боғлиқ. Тинчлик ва хавфсизлик таъминланган мамлакатга инвестиция ҳам келади, туризм ҳам ривожланади.
Ташқи сиёсатга оид қарашлар иқтисодий манфаатлар билан чамбарчас боғланган прагматик ёндашувдир. Ўзбекистон ташқи сиёсат орқали ўз миллий манфаатларини илгари суриш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва глобал жараёнларда муносиб ўрин эгаллаш йўлидан бормоқда.
Мурожаатнома янги Ўзбекистонни даромади ўртадан юқори бўлган, технологик ривожланган, ижтимоий адолатли ва маънавий барқарор давлат сифатида шакллантиришга қаратилган тарихий дастур. Унинг муваффақияти эса фақат давлат органлари ёки парламент эмас, балки бутун халқимиз билан боғлиқ.
Биз бирлашиб ҳаракат қилсак, билим, меҳнат ва масъулиятга таянсак, Мурожаатномада белгиланган улкан марралар, албатта, рўёбга чиқади. Янги Ўзбекистон орзу эмас, биргаликда қурилаётган реал тараққиёт йўли.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор,
Эркин ГАДОЕВ,
Олий Мажлис Сенати қўмита раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, профессор