Президентимиз раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ишларини кучайтириш бўйича бир қатор топшириқлар белгилаб берилган эди.
Шу муносабат билан, Президент таълим муассасалари агентлиги жамоаси “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида истиқомат қилувчиларга ёрдам бериш мақсадида, улар билан биргаликда мазкур муассасада кўчат экиш ишларини ташкил этди. Лойиҳа доирасида муассаса майдонига манзарали Фотиния, оддий дарахтга нисбатан 4 баробар кўп кислород ишлаб чиқарувчи Павлония, маҳаллий ва Қрим қарағайи каби дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди.
Агентлик томонидан кўкаламзорлаштириш соҳасида кўп йиллар мобайнида олиб борилган тадқиқотларни, яъни манзарали дарахтзорларда кўчатларни экиш схемасини ўрганилди ва шунга амал қилган ҳолда иш кўрилди.
Манзарали дарахтлар кўчатлари барглар тўкилгандан сўнг кеч кузда ёки баҳорда вегетация бошланмасдан экилишини ҳисобга олиниб, “Мурувват” уйида тўрт фаслда ҳам кўзни қувнатадиган, ҳавони кислород билан бойитадиган дарахтлар танланди.
Айтиш жоизки, ушбу умуммиллий лойиҳа доирасида бутун Республика бўйлаб экилаётган манзарали ва мевали кўчатлар урбанистик иссиқлик таъсирини камайтиришга ҳамда ҳаво ҳарорати пасайишига қисман бўлсада ҳисса қўшади. Ушбу лойиҳанинг “Яхшидан боғ қолур” шиори остида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Ҳар бир экилган дарахт ҳавони чангдан тозалаши, кислород ишлаб чиқариши билан бирга ҳозир бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгаришларига ижобий таъсир этиб, келажак авлодга яшил макон улашади.
Ушбу лойиҳа доирасида Агентлик томонидан дарахт экиш ишларини давом эттириш режалаштирилган.