Умумтаълим мактабларида илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг 2-йўналиши, яъни «Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтириш» бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, улар орасидан ҳақиқий иқтидор эгаларини топиб, орзуларига етишлари учун керакли шарт-шароитларни яратиш борасида қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 238-сонли умумий ўрта таълим мактабида олиб борилаётган спорт тўгарак ва мусобақалар мисол тариқасида кўришимиз мумкин.
Мазкур мактаб ўқувчиларининг аксарияти жисмоний тарбия фанига нечоғлик муҳаббати баланд эканлиги ва спорт тўгаракларида фаоллигини кўриб кўзингиз қувонади.
Мен 10 йиллик педагогик фаолиятим давомида ёшларга таълим-тарбия бериб келаётганимдан фахрланаман. Мактабимизда мини-футбол, волейбол, баскетбол, шахмат ва гимнастика турлари бўйича спорт тўгараклари фаолият олиб борилмоқда. Айтиш жоизки, мактабимизда етишиб чиққан спортчиларимиздан Артём Салихов (сув спорти турлари бўйича Жаҳон чемпиони), Дониёр Нугуманов (қиличбозлик бўйича Осиё чемпиони), Артём Козлюк (сузиш бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони), Арам Варданян (кураш тури бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони) ва Нилуфар Зокирова (эшкак эшиш бўйича Осиё чемпиони) билан фахрлансак арзийди.
Ҳозирда таълим олаётган ўқувчиларимиздан Тошпўлатов Низомиддин, Абдуллаев Абдураҳим (3-"Д" синф), Ҳожиакбаров Бобуржон, Аҳмедов Санжар, Акрамов Муҳаммадали, Мўйсинов Алибек (3-д синф), Абдусатторов Беҳрўз, Ниёзов Орифбек (7-и синф), Абдуллаев Абдулазиз (1-е синф), Пўлатов Тоштемир, Мухторова Муштарий (3-е синф) ва Мухторова Муслима (1-г синф) Каратэ-до (ITKF) бўйича мусобақада беллашиб, 1-2-3-фахрий ўринларни эгаллаб Осиё чемпиони бўлишди.Келажакда ёшларимиз ҳар томонлама интеллектуал салоҳиятга эга бўлган турли касб эгалари бўлишига ишонч билдираман.
Дилмурод Яҳёев,
Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 238-сонли мактаб
Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси