Инсоният тарихидан маълумки, мустақилликка ўз-ўзидан эришилмайди. Бунинг замирида қанчадан-қанча заҳматкаш меҳнат ва қурбонлик ётади. Бундан 30 йил аввал биз ана шу мустақилликни қўлга киритдик. Aлбатта, бу жараён осон кечмади. Халқимизнинг ўз миллий қадриятлари ва руҳиятини сақлашда унинг матонати ҳамда жасорати беқиёс аҳамиятга эга бўлди.  Шу боис, ушбу байрам бизнинг энг улуғ ва энг азиз байрамимиз ҳисобланади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги “Янги Ўзбекистон” боғида, янги орзу ва истакларни бахш этган ҳолда тантанали равишда нишонланди. Aйниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг нутқлари қалбимизни фахр ва ифтихор ҳисларига тўлдирди. Шу жумладан, юртбошимизнинг “Барчамизга аёнки, эл-юртимиз асрлар давомида озод ва эркин ҳаётни, адолатли жамиятни орзу қилиб яшади. Бу муқаддас мақсад йўлида жон олиб, жон бериб курашди, машаққатли синовларни мардона енгиб ўтди. Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. Бугун биз ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак мақсадларимиз сари дадил бормоқдамиз. Вужудимизда, қонимизда аждодларимиздан мерос буюк қудрат жўш ураётган экан, биз эзгу орзу ва мақсадимиз бўлмиш янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз. Ўзбекистон ҳар томонлама обод ва фаровон, эркин демократик мамлакатга айланади” – деган сўзлари бизга ўзгача шижоат, ғайрат ва масъулият бағишлади.

Байрам тантанаси эса халқимиз учун ажойиб тухфа бўлди. Унда жуда кўплаб ўзига хос маънавий-маърифий саҳналар намойиш этилди. Хусусан, ушбу тадбир халқимизнинг   3 000 йиллик тарихини ёрита олгани ва томошабинга “Учинчи Ренессанс”нинг асл моҳиятини етказиб бергани менга жуда манзур бўлди. Умуман олганда, байрам тадбири жуда юқори савия ва эстетик дид билан ташкиллаштирилгани сезилиб турди.

Шундай улуғ шодиёна кунларда, Ватан равнақи йўлида қилинган ишларни ва ўзгаришларни эътироф этмаслик мумкин эмас. Бу борада юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг машаққатли меҳнати ва иштиёқи мамлакатимизда янги даврни – “Янги Ўзбекистон” даврини бошлаб берди. Давлат ва жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда. Демократиянинг асосий талаби бўлган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Юртимизда Парламент сайловларида илк бора сиёсий партиялар ўртасида очиқ мунозараларнинг ўтказилиши, сўз эркинлигининг янада ривожланиши, тадбиркорлар ва ёшлар қатламига бўлган эътиборнинг кучайиши, илм-фан ва спортга яратилаётган имкониятларнинг кўпайиши, буларнинг бариси ислоҳотларнинг самарасидан дарак бермоқда.

Ҳар бир мамлакат тараққиётида ёшлар муҳим қатлам ҳисобланади. Юртимизда яратилаётган имкониятлардан келиб чиқиб, бугунги ёшлар эртанги келажагимиз бунёдкори ва Ўзбекистоннинг “Учинчи Ренессанс” авлоди бўлишига умид қиламан. Бунинг учун эса ўз мустақиллигимиз, она Ватанимиз қадрига етиб унинг юксалиши йўлида ёниб яшамоқ лозим.

Жасур  Салихов, 

Тошкентдаги Сингапур менежментни

ривожлантириш институти ректори