Бугун янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан тиббиёт ва олий таълим соҳасидаги ўзгаришлар — мустақиллик мевасининг ёрқин ифодасидир. Президентимизнинг ташаббуслари билан илмий-тадқиқот жараёнларига эркинлик, халқаро ҳамкорликка кенг йўл очилиши, академик мустақиллик ва замонавий инфратузилмалар яратилиши — бугунги авлод учун жуда катта маънавий ва амалий бойликдир.

Илм учун очилган кенг йўллар

Мен умримни ортопедик стоматология ва ортодонтия соҳасига бағишлаб келаётган олим сифатида, сўнгги йиллардаги ўзгаришларни ўз фаолиятимда яққол ҳис қиляпман. Илмга йўналтирилган қўллаб-қувватлашлар орқали институтимизда амалга оширилаётган ишлар нафақат республика, балки хорижий майдонларда ҳам эътироф этилмоқда.

Бугун талабаларимиз аудитория билан чекланиб қолмаяпти. Улар дунё университетларида ўқиш, нуфузли халқаро анжуманларда қатнашиш имкониятига эга. Шуни фахр билан айтиш мумкинки, шогирдларим ўз билими ва салоҳияти билан хорижий олимларни ҳайратга солмоқда. Бу — мустақиллик бизга инъом этган энг катта неъматлардан биридир.

Шогирдлар — келажак бунёдкорлари

Тиббиёт — фақат назария ва амалиёт эмас. У ахлоқ, инсонийлик ва бағрикенглик уйғунлигини талаб қилади. Шу боис мен ҳар бир шогирдимни касбини юракдан севувчи, илмга чанқоқ, инсонпарвар табиб сифатида тарбиялашга ҳаракат қиламан.

Ҳозирга қадар менинг раҳбарлигимда ўнлаб ёшлар магистрлик ва клиник ординатура йўналишларини муваффақиятли якунлади. Улар орасида PhD диссертацияларини ҳимоя қилганлар ҳам кўп. Бугунги кунда 6 нафар шогирдим илмий изланиш олиб боряпти. Бу йўлда уларга фақат устоз сифатида эмас, балки ҳаётий маслаҳатчи сифатида ҳам ҳамроҳлик қиламан.

Мустақилликнинг шахсий туҳфаси

Шахсий ҳаётимдаги бир қувончли воқеани ҳам ўртоқлашмоқчиман. Фарзандимнинг давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиниши — мен учун мустақиллик байрамига муносиб туҳфадир. Бу орқали мустақил юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳаётимда яна бир бор ўз ифодасини топди.

Ота сифатида фарзандимга доим ибрат кўрсатишга ҳаракат қиламан. Унинг ва барча ёшларнинг билимга чанқоқлиги — юртимиз келажаги учун энг катта кафолатдир.

Янги давр йўлида

Бугунги тиббиётдаги ислоҳотлар нафақат соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлайди, балки халқ саломатлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин тутади. Инновацион дастурлар, рақамлаштириш жараёнлари, замонавий ускуналар билан жиҳозланган клиникалар орқали шифокорнинг ҳам, беморнинг ҳам ишончи ортиб бормоқда.

Мустақилликнинг 34 йиллик тантанаси арафасида барча ҳамкасбларимга, устоз ва талабаларимга мурожаат қилар эканман, шуни айтмоқчиман: ҳар бир ҳаракатингизда янги Ўзбекистон руҳи, ҳар бир изланишингизда илм нафаси уфуриб турсин.

Табрик ва тилак

Муҳтарам ватандошлар! Азиз ҳамкасблар ва шогирдлар!

Мустақиллигимиз байрами барчамизга муборак бўлсин. Янги тараққиёт йўлида барчангизга куч-қувват, олий мақсадларингизда бардавомлик тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

Акбар Саидов,

Бухоро давлат тиббиёт институти профессори