Танловнинг мақсади хотин-қизларнинг кийиниш услубини янада такомиллаштириш, улар ўртасида миллий ва замонавийлик уйғунлигидаги, маданиятимиз ҳамда менталитетимизга мос либосларни кенг тарғиб қилишдир. Шунингдек, ушбу тадбир орқали хотин-қизларнинг кийиниш маданиятига янги услуб ва тамойилларни жорий қилиш ҳам кўзда тутилган.

Танловда миллий ва замонавий қадриятлар уйғунлигида либослар лойиҳалари ва тўпламларини яратаётган 8 нафар дизайнер иштирок этди. Тадбир доирасидаги давра суҳбати ҳамда кўргазмада эса ҳакамлар ҳайъати қатори пойтахтимиз маҳаллаларидаги хотин-қизлар қатнашдилар.

Танловга тақдим этилган ишлар “Ишбилармон ва етакчи аёл тимсоли”, “Талаба қиз тимсоли”, “Ижодкор аёл тимсоли” ҳамда “Ўзбек аёлининг рўмол ўраш санъати” номинацияларининг шартларига мувофиқ кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, парламент юқори палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мутахассисларидан иборат комиссия хулосасига кўра, ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланишди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.