Тадбирда Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат техника университети ҳамда Тошкент давлат юридик университети вакиллари ҳам иштирок этди.

Онлайн-мулоқотда томонлар фан ва таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат юридик университетининг таълим тизимлари ҳамда илмий фаолиятини такомиллаштириш  бўйича тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.

Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония томонидан Нагоя университети профессор-ўқитувчиларини Тошкент давлат техника университетида маслаҳатчи ва проректор лавозимига тайинлаш масаласи ўрганилаётгани таъкидланди.

Тадбирда “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида мамлакатларимиз техник фанлар бўйича интенсив ўқув дастурининг дастлабки лойиҳасини амалга ошираётганига эътибор қаратилди. Ушбу “Йўл харитаси”га кўра 2020 йил апрель ойидан бошлаб Тошкент давлат техника университетининг 50 нафар талабаси математиканинг асосий курси бўйича 30 соатлик  масофавий ўқишга жалб этилган.

Ўз навбатида Тошкент давлат юридик университети Нагоя университети билан биргаликда халқаро ва Япония ҳуқуқини ўрганиш, академик алмашинув ҳамда қўшма тадқиқотлар асосида ўқишни ташкил этишни режалаштирмоқда.

Нагоя университети Олий ҳуқуқ мактаби декани, профессор T.Maсуда Ўзбекистон давлат юридик университети билан алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, академик алмашинувлар ва илмий тадқиқотлар бўйича  ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини таъкидлади.