Меҳмонга Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ёшлар форуми президенти Таҳа Айҳан, Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси раиси Ойбек Норинбоев ҳамроҳлик қилди. 

Учрашув аввалида Ўзбекистон ва Туркия дўстлиги ҳамда “Ичан қалъа”да бўлиб ўтаётган Халқаро этноспорт фестивали манзаралари акс этган видеоролик намойиш этилди. 

Мамлакатларимиз тарихан туташ ривожланиб келади. Ўзбек ва турк халқлари турмуш тарзи, маданияти, урф-одат ва анъаналари уйқаш. Тилимиз ўхшаш, халқларимиз бир-бирини тилмочсиз тушунади.

Ўзбекистон ва Туркия дўстлиги кейинги йилларда янги – кўтаринки босқичда давом этмоқда. Бу жиҳатлар барча жабҳаларда, хусусан илм-фан, маданият ва санъат, туризм, спорт, ёшлар мулоқотида ҳам кўзга ташланади.

Нажмиддин Билол Эрдоған дастлаб ёшлиги ҳақида гапириб берди. Хусусан, дунёнинг илғор университетларида таҳсил олгани, бугунги кунда ёшларга боғчадан то университетигача бўлган узлуксиз таълим бериш борасида йўлга қўйган ишлари ҳақида сўзлади. 

– Туркий давлатлар кўп йиллар бир-биридан узоқлашиб яшади. Аллоҳга шукрки, бугун яна меҳрдошлик толесига эришиб турибмиз. Бу Туркий давлатлар етакчиларининг дўстлиги билан юзага келаётган ғоят хайрли тақдир. Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида ҳам самимий ишонч руҳи уфуриб турибди. Бу ҳам икки давлат Президентлари дўстлиги мевасидир. Бугун барча соҳаларда яхши натижаларга эришиб турибмиз. Биз истардикки, Туркия ва Ўзбекистон ёшлари ҳам дўстона алоқаларни давом эттириб, туркий дунё тараққиётига биргаликда ҳисса қўшсин.

Шундан сўнг учрашув савол-жавоб шаклидаги мулоқот билан давом этди. Ёшлар таълими, тарихий дўстлигимизни янада мустаҳкамлаш, янгиланаётган дунёда туркий макон ривожига ҳисса қўшиш, маррани юксак олиш ҳикмати ҳақида фикрлар билдирилди.

Нажмиддин Билол Эрдоған, шунингдек, Халқаро этноспорт фестивали ҳақида ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди.

– Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган этнофестиваль дунё халқларини бирлаштириш, ўз навбатида, мамлакатда туризм ривожига ҳам хизмат қилади. Сизнинг чет тилларини билишингиз эса, шаҳрингизга келадиган меҳмонларга қулайлик яратишда жуда муҳимдир, – деди Билол Эрдоған ёшларга қарата.