Наманган шаҳар ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан пора сўрайди.
ДХХнинг хабар беришича, улар шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган, маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб Жамият раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ДХХ томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Шаҳар ҳокимига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилдан буён Анвар Хўжахонович Отахўжаев Наманган шаҳар ҳокими вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.