Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Украинанинг мамлакатимиздаги элчиси Николай Дорошенко, Хмельницкий шаҳар мери Александр Симчишин бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Вилоят ҳокими меҳмонлар билан 60-халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтаётган бир пайтда Наманганда учрашиб турганидан мамнунлигини изҳор қилди ҳамда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий потенциали ҳақида сўзлаб берди ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари борасида таклифларини билдирди. Жумладан, савдо, логистика, ишлаб чиқариш, туризм соҳаларини ривожлантириш борасида кўп ишларни амалга оширишимиз мумкинлигини таъкидлади.
Ўз навбатида Хмелниский шаҳар мери Александр Симчишин Наманган билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини айтиб, вилоят ҳокимига ўз ташаккурини изҳор қилди.
Наманган ва Хмельницкий шаҳарлари ўртасида иқтисодий муносабатлардан ташқари, олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик, талабалар алмашинуви, стипендиялар жорий этиш ва тақдим қилиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.
Сўнгра Хмельницкий шаҳар мери Александр Симчишин ва Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Джамалов икки шаҳар ўртасидаги илк «Биродар шаҳар» келишувига имзо қўйдилар, деб хабар беради Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.