Бу борадаги ишларнинг дебочаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 4947-сонли Фармонидада ўз ифодасини топган эди. Фармонда 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгилаб берилган бўлиб, унинг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган тўртинчи йўналишида таълим ва фан соҳасини ривожлантириш масалалари  акс эттирилган.

Дарҳақиқат, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва ушбу муассасаларда болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олинишини жиддий ошириш ва фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, педагог ва мутахассисларнинг малака даражасини юксалтириш айни пайтдаги энг долзарб вазифа.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021-йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида  республикада мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия  жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини тадбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интелектуал,ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш йўналишлари бўйича пухта режалар ишлаб чиқилди ва амалга оширишга киришилди.

Мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасига замонавий талабларга жавоб берадиган малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш мактабгача таълим тизими тараққиётининг  асосий омили ҳисобланади.  Бу омилнинг самарадорлиги эса айни пайтда олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш мақсадида амалга оширилаётган таълим-тарбия ишларига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида мактабгача таълимни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини муваффақиятли юритишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар сифатида мактабгача таълим муассасаларининг малакали педагог кадрлар билан жамланмаганлиги ҳамда мактабгача таълим тизимида бошқарув кадрларининг танқислиги ва улар малакасининг пастлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган эди.

Замонавий малакали кадрлар тайёрлаш борасида Наманган давлат университетида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Университетда МТТлар учун мутахассис тайёрлайдиган таълим йўналишлари сони ортиб бормоқда. Жумладан, мактабгача таълим, психология, ижтимоий иш (оилалар ва болалар билан), дефектология, мусиқа таълими ва санъати, педагогика ва психология каби таълим йўналишларида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Мактабгача таълим соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш жараёнида таълим – фан ва ишлаб чиқариш интерациясини таъминлаш мақсадида университет қошида 50 ўринга мўлжалланган “Инновацион мактабгача таълим ташкилоти” ташкил этилди. Инновацион мактабгача таълим ташкилотини ташкил этишнинг асосий мақсади кенг қамровли бўлиб, жумладан, фарзандли талабалар ва ўқитувчиларнинг учун қулайлик яратиш, талабаларнинг мутахассислик бўйича олганназарий билимларини амалиётда қўллаш ва МТТда ўтказилаётган педагогик жараёнларни кузатиш, малакавий амалиётларни бевосита МТТда ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари бўйича тажриба-синов ишларини ўтказиш, мактабгача ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш усулларини қўллаш ва уларнинг самарадорлигини аниқлаш, янги методикаларни амалиётга татбиқ йўналишида педагогик-тажриба синов майдончаси бўлиб хизмат қилади.

-   “Инновацион мактабгача таълим ташкилоти”нинг келгусидаги  истиқболари сифатида шуларни айтиб ўтишим мумкинки, - дейди Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов. - 2021 йил август ойида Инновацион МТТ базасида қисқа муддатли тайёрлов гуруҳини, 2022 йил Инновацион МТТ давоми сифатида бошланғич синфларни,  2021 йил сентябрь ойидан бошлаб методист-тренер тарбиячилар тайёрлаш курсини ташкил этиш режалаштирилган. Инновацион МТТда ва бошланғич синфларда инновацион педагогик технологиялар асосида педагогик жараёнлар ташкил этилади ва ўқучилар вилоятдаги Президент мактаби ва Ижод мактабларига мақсадли тайёрланади.

Университет қошида ташкил этилган “Инновацион МТТ”нинг очилиш маросими тантанали руҳда ўтказилди. Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқулов, Мактабгача таълим вазири  ўринбосари М. Йўлдошевлар иштирок этди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.