Йиғилишда саноат ва инвестиция масалалари кўриб чиқилди.
Наманган саноат зоналари бўйича намуна бўлгани – сўнгги йилларда вилоятда 72 та кичик ва ёшлар саноат зоналари ишга тушгани қайд этилди. Шу билан бирга, Наманган шаҳри, Наманган, Янги Наманган ва Давлатобод туманларидаги 16 та саноат зонасида қўшимча лойиҳа жойлаштириш имконияти бор.
Тадбиркорлар ҳам хорижий ва маҳаллий сармоя киритиш ташаббуси билан чиққан. Бунга қўшимча равишда маҳаллий 7 та йирик лойиҳага Саноат жамғармасидан 37 миллион доллар ажратиш топширилди.
Вилоятда 129 та норуда конидан 29 тасига саноат кириб бормаган. Бу конларда янги лойиҳа қиламан, деган тадбиркор кўп.
Жумладан, улар керамогранит ва базальт тола ишлаб чиқармоқчи. Бундан ташқари, Чустдаги “Аличелек” мис конига Хитойлик инвесторлар 200 миллион доллар сармоя киритишга тайёр.
Вилоятдан қўшни давлатларга экспортнинг ҳозирги кўрсаткичлари бор имкониятга мутлақо тўғри келмаслиги кўрсатиб ўтилди. Қўшни давлатларда савдо уйларини очиш бўйича музокара ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.