Туман вилоят марказидан тахминан 100-110 километр узоқликда жойлашган. Транспорт инфратузилмаси нисбатан ривожланган, ҳудуддан халқаро ва ички аҳамиятга эга автомобиль йўллари ўтади. Бу эса иқтисодий ва логистика алоқаларини ривожлантириш борасида катта имкониятлар мавжудлигидан далолат. Ҳудуднинг иқтисодий тузилмаси сўнгги йилларда диверсификациялашиб, саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги бир-бирини тўлдирувчи йўналишларга айланмоқда.
Жорий
йил 18 март куни давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида
Нарпай туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий
ислоҳотларнинг бориши, янги лойиҳалар ҳамда аҳоли кайфияти, шунингдек, келгуси
режалар тақдимоти билан танишган эди. Шу ернинг ўзида Президентимиз раислигида
вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтган ва унда Самарқанд
ишсизлик, камбағаллик, инвестиция ва экспорт каби барча йўналишда намунавий
вилоят бўлиши шартлиги қайд этилганди.
Хусусан, бунинг учун
вилоят маҳаллалари инфратузилмасини яхшилашга 100 миллион доллар, умуман,
вилоятга барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилмоқда.
Тадбиркорларга кредит ресурслари учун яна 18 триллион сўм берилаётгани
таъкидланди. Ушбу маблағ, энг аввало, туманларда ишсизлик ва камбағалликни
қисқартириш, пировардида ҳудуд иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилиши даркор.
Йиғилишда туманларнинг
саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари, ер ости ва ер усти захиралари,
меҳнат ресурслари, аҳолининг бизнес ва касбий кўникмаларини сунъий интеллект
ёрдамида таҳлил қилиш, маҳаллалар имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар бир
туманнинг ички ривожланиш моделини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Мазкур
таҳлиллар асосида туман ҳокимлари, “маҳалла еттилиги” ва маҳалла банкирлари
ресурсларни энг кўп иш ўрни очадиган ва бюджет тушумларини оширадиган
лойиҳаларга йўналтириши лозим. Ушбу тизим 1 майга қадар Нарпай ва Термиз
туманларида жорий қилиниб, бутун республика учун намуна сифатида татбиқ этилиши
белгиланди. Айниқса, Нарпай тумани мисолида саноат ва сервисни ривожлантириш,
ҳудудларга янгича қиёфа олиб кириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.
Шунингдек,
мутасаддиларга даромадни кўпайтириш бўйича Нарпай тажрибасини яратиш
топширилди. Тумандаги 100 гектар майдонда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар
ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилиши эълон қилинди. Қайд
этилишича, бу ерда жорий йилнинг ўзида 500 миллион долларлик лойиҳалар
бошланади. Бундан ташқари, сунъий интеллект ёрдамида ҳар бир маҳалла
имкониятини диагностика қилиш, ўсиш нуқталарини аниқлаб, туманни ишсизликдан
холи ҳудудга айлантириш, даромадни кўпайтириш бўйича Нарпай тажрибасини яратиш
масалалари хусусида сўз борди.
Демак, бугун Нарпай
ҳақида гап кетганда, масала одатдагидек фақат ер, сув ёки экин-тикин билан
боғлиқ чекланган аграр тушунчалар атрофида кечмайди. Бу ерда замонавий фикрлаш
тарзи, янгича қарашлар синовдан ўтмоқда. Бу жараён қандай қилиб ривожланамиз,
бунда асосан нималарга таяниш лозим, нималарни қай йўсин ўзгартиришимиз керак
деган муҳим саволларга жавоб излашдан бошланади. Ўз навбатида, тумандаги яширин
имкониятларни очиш, тўғри ҳисоб-китоб қилиш, муҳими, реал ҳаётга кўчиришдан
иборат.
Туманда кейинги
йилларда айрим кўрсаткичлар аста-секин юқорилай бошлади. Хусусан, хизмат
кўрсатиш соҳасида ўсиш тезлашган — 119,8 фоизлик кўрсаткич шундан далолат
беради. Экспорт ҳажмининг 125,7 фоиз ўсиши ҳам тасодиф эмас. Демак, ташқи
бозорга чиқиш йўллари аста-секин очилмоқда. Энг муҳими, камбағаллик даражасини
қисқартириш бўйича катта силжиш кузатилмоқда. Бу эса иқтисодий ўзгаришлар оддий
рақам билан тугамай, одамлар ҳаётига таъсир қила бошлаганидан дарак.
Шу билан бирга, ҳали
тўлиқ ишга солинмаган имкониятлар ҳам бисёр. Ана шу вазиятда асосий бурилиш
фикрлаш даражасида юз берди. Ҳудудни умумий кўрсаткичлар орқали баҳолаш етарли
эмаслиги аён бўлди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ҳар бир маҳалла алоҳида
ўрганилмаса, унинг ўзига хос кучли жиҳатлари очилмай қолади. Мисол учун,
қаердадир сабзавотчилик яхши ривожланган, бошқа жойда иссиқхона учун шароит
бор, яна бир ҳудуд хизмат кўрсатиш ёки кичик саноатга ихтисослашган.
“Нарпай тажрибаси”
деган тушунча айнан шу нуқтада бор моҳияти билан намоён бўлади. Бу алоҳида
лойиҳа номи эмас, балки қарашлар ўзгариши. Яъни ҳар бир ҳудудни ўз имкониятидан
келиб чиқиб ривожлантириш, ресурсларни пухта таҳлил орқали йўналтириш,
қарорларни аниқ ҳисоб-китобга таянган ҳолда қабул қилиш демакдир.
Уч устун ва ички мувозанат
Нарпай инфратузилма
имкониятларига кўра ўта экстраординар, яъни ўзига хос ҳудуд, юртимизнинг бошқа
туманларида деярли учрамайдиган ноёб ўсиш нуқталари уйғунлигига эга. Туманни
ривожлантириш борасида ишлаб чиқилаётган стратегияда унинг иқтисодиёти уч
асосий устунга таяниши қайд этилган.
Биринчиси — қишлоқ
хўжалиги. Бу йўналиш ҳудуд учун нафақат даромад манбаи, балки турмуш
тарзининг бир қисми ҳамдир. Ҳудуд азалдан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган,
ҳосилдор ер мўл, аҳолида агромаданият, деҳқончилик характери шаклланган. Бир
сўз билан айтганда, далада суяги қотган меҳнаткаш қатлам — катта салоҳиятга эга
ишчи кучи мавжуд. Шу боис, умумий иқтисодий кўрсаткичларда ҳам айнан шу соҳа
энг катта улушни эгаллаб турибди. 2025 йил якунларига кўра, қарийб 2 миллиард
950 миллион сўмлик маҳсулот етиштирилган бўлса, бу йил 105 фоиз ўсиш суръати
билан 3 миллиард 440 миллионлик маррага етиш мақсад қилинган.
Иккинчи устун — саноат.
Ушбу йўналишда ҳам ҳали тўлиқ очилмаган имкониятлар талай. Ҳолбуки, туманнинг
маъмурий маркази — Оқтош шаҳри бир вақтлар энг яхши саноатлашган ҳудудлардан
бири бўлган. Ўнлаб завод ва фабрикалар, жуда катта инфратузилма ишлаган. Деярли
ҳар бир объектга алоҳида темир йўл ётқизилган. Бу эса жуда катта салоҳият
деганидир.
Аммо айни кунга келиб,
уларнинг аксарияти маънан эскирган, яъни замон талабларига тўлиқ жавоб
бермайди. Саноатнинг туман иқтисодиётидаги ҳозирги ҳажми 2025 йил маълумотлари бўйича
1 миллиард 280 миллион сўм. Прогнозларга кўра, 2026 йил якунида мазкур
кўрсаткич салкам 1 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этиши кутиляпти. Бу ишлаб
чиқариш сектори аста-секин ривож топаётганини англатади. Мисол учун, яқиндагина
ушбу ерда пахта толасидан чигитини ажратиб берадиган завод қурилиб,
фойдаланишга топширилди.
Учинчи устун — хизмат
кўрсатиш. Нарпай ҳудудий жиҳатдан Ўзбекистоннинг қоқ марказида
жойлашган. Масалан, газни мамлакатимизнинг у чеккасидан бу чеккасига — Нукусдан
то Фарғонагача пуркаб ҳайдаб берадиган марказий газ қувурлари тармоғи айнан шу
ерда бунёд этилгани бежиз эмас. Бундан ташқари, ҳудуддан темир йўл ва М-37
халқаро магистрали ўтган. Эътиборлиси, темир йўл билан магистрал орасидаги
масофа бор-йўғи беш-олти километр ва уларга яқин жойда каттагина бозор мавжуд.
Бозор инфратузилмасини
яхшилаш орқали катта миқдорда қўшимча қиймат олиб келиш, жуда кўп одамни иш
билан таъминлаш мумкин. Ушбу ҳудудда ҳозир логистика маркази барпо қилиняпти.
Илгари бозор тўлиқ давлат назоратида бўлган, чироқ деярли ҳар куни ўчар, катта
миқдорда қарзга кириб қолган эди. Тартиб, санитария ва хавфсизлик масалалари
ҳам талаб даражасида эмасди. Масалан, ўтган йили бозор ҳудудида 30 та жиноят
содир бўлган ва “қизил” тоифадаги ҳудудлар сирасига кирарди.
Ҳозир ушбу бозор
республикадаги энг намунали, рақамлашган, сунъий интеллект бўйича ишлайдиган,
хавфсиз комплексга айлантириляпти. Арзон ва хавфсиз, сифатли бозор моделини
яратиш мақсадида ҳудудда дастлаб сунъий интеллект асосида ишлайдиган 250 га
яқин камера ўрнатилди. Натижада бозор қисқа муддатда “қизил”дан “яшил” тоифага
ўтди. Бундан ташқари, рақамли бозор тизимига ўтиш ишлари кетмоқда. Ҳар бир
раста шартнома асосида берилиши туфайли давлатга тушум анча ошди. Хусусан,
илгари 85-90 миллион патта пули йиғилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич ўрта ҳисобда
500 миллион сўмни ташкил қиляпти.
Бу ерни Тошкентдаги Абу
Сахий бозори каби кенг тармоқли, улгуржи савдо майдонига айлантириш
режалаштириляпти. Шу мақсадда Хитойдан тўғридан тўғри кийим олиб келиш масаласи
кўриб чиқилмоқда. Бунинг учун бозор ёнидаги 3,5 гектар ерда карго хизмати йўлга
қўйиляпти. Пировардида бозорни ривожлантириб, тадбиркорлар сонини кўпайтириш,
шу орқали аҳоли фаровонлигига хизмат қилиш кўзланган. Ҳозир ҳудудда 3500 дан
зиёд тадбиркор фаолият юритади. Янги лойиҳа бўйича бозор қайта реконструкция
қилингач, 9800 дан ортиқ ишбилармон фаолияти учун шароит ҳозирланади.
Демак, тузилма мавжуд.
Уч асосий тармоқнинг ҳар бири ҳозирча алоҳида йўналишда ривожланмоқда. Энди
масала шу ҳаракатни бир ўзанга солишда. Қаерда ишлаб чиқариш тараққий этса, ўша
ерда қайта ишлаш пайдо бўлиши, ундан кейин хизмат кўрсатиш тизимига уланиб
кетиши керак. Ушбу занжир тўлиқ ишласа, тараққиёт суръати ҳам шунга яраша
бўлиши шубҳасиз. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни — ички тузилмани ташқи
имкониятлар билан боғлаш заруратини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Бу
эса, ўз навбатида, инвестиция, экспорт ва янги лойиҳалар билан боғлиқ.
Имконият йўналишлари
Туман ички имкониятлари
ҳисобига аста-секин олға силжияпти. Шу билан бирга, катта ўсиш фақат ички
имконият ҳисобига юз бермаслигини ҳам унутмаслик лозим. Бунда ташқаридан кириб
келадиган молиявий оқим, инвестициялар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Нарпайда
бугун ана шу жараённинг янги нафаси сезила бошлаган. Жумладан, кейинги даврда
туманга йўналтирилган инвестиция ҳажми 155 миллион долларга етди. Шундан 88
миллиони тўғридан тўғри инвестиция. Бу эса ҳудуднинг экспорт салоҳиятига ҳам
ижобий таъсир ўтказяпти. Туман бўйича экспорт ҳажми 16,2 миллион долларга
етган, ўсиш суръати 123 фоизни ташкил этади.
Экспорт таркибига
қараганда, асосий улуш ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри
келади — 11,1 миллион доллар. Саноат маҳсулотлариники эса 5 миллион доллар
атрофида. Бу маҳсулотларнинг катта қисми хом ёки ярим тайёр ҳолатда экспортга
чиқарилаётганини англатади. Шу ўринда муаммо ҳам, имконият ҳам бир нуқтада
кесишишини кузатиш мумкин. Яъни инвестицияни маҳаллий маҳсулотларни шу ернинг
ўзида қайта ишлаб, тайёр ҳолатда экспортга чиқариш билан боғлиқ лойиҳаларга
жалб қилиш галдаги вазифалардан. Шунда даромад ҳажми бир неча баробар ортади.
Бу ўринда яна бир нозик
савол юзага чиқади: бу маблағ ва имкониятлар қайси нуқталарга йўналтирилса,
катта натижа беради? Айтганимиздек, Нарпай тажрибаси айнан мана шу савол
негизида таркиб топмоқда. Зеро, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос кучли жиҳати бор.
Ана шуни топиб, таяниб ҳаракат қилиш ўсиш нуқталарини аниқлашда муҳим омилдир.
Асосий мезон эса ички иқтисодий айланишнинг шаклланиши. Шу жараён билан бирга
инвестиция лойиҳалари ҳам табиий равишда пайдо бўлади. Янги ишлаб чиқариш,
хизмат кўрсатиш нуқталари ва қайта ишлаш йўналишлари иқтисодий бўшлиқларни
тўлдириб боради. Ҳар бир лойиҳа умумий тизимнинг узвий қисми сифатида ишлайди.
Шундай экан, Нарпай
тажрибасининг энг муҳим қатламларидан бири ҳудудда йиллар давомида кўзга
ташланмай келган имкониятларни очиш, лойиҳадан аниқ натижага айлантириш
жараёнидир. Таҳлиллар туман иқтисодиётининг кейинги сакраши мавжуд ишлаб
чиқариш қувватларини кенгайтиришдан кўра кўпроқ ишга солинмаган ресурслар
ҳисобига юз беришини кўрсатади. Ер, сув, инфратузилма, бозор ва меҳнат
салоҳияти бир тизимга боғланганда Нарпайда янги иқтисодий ҳаракат йўналишлари
вужудга келади.
Энг
аввало, туман учун йирик инвестиция портфели шакллантирилган. Умумий қиймати
276,1 миллион доллар бўлган 54 та лойиҳа саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ
хўжалиги кесимида жойлаштирилган. Бу йўналиш оддий лойиҳалар йиғиндиси эмас,
балки ишлаб чиқариш занжирини тўлиқ ёпиш ғоясига таянган яхлит тизимдир. Хомашё
ҳудуднинг ўзида қайта ишланади, хизмат кўрсатиш эса шу жараённи тўлдирувчи
бўғинга айланади. Натижада жорий йилнинг ўзида 1540 та янги иш ўрни очилиши,
16,2 миллион долларлик экспорт салоҳияти юзага чиқиши, саноат ва хизмат
кўрсатиш ҳажмида сезиларли ўсиш кутилмоқда.
Иккинчи йўналиш ер
ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган. Сув таъминоти мураккаб,
ҳосилдорлиги паст 1080 гектар майдон қайта кўриб чиқилиб, унда анъанавий пахта
ва ғалла экинларидан воз кечган ҳолда юқори даромадли йўналишларга ўтиш таклиф
этилган. Бу ҳудудларда чорвачилик, интенсив боғдорчилик ва экспортбоп экинлар
етиштириш асосий йўналишга айланади. Мазкур модель орқали 20,7 миллион
долларлик инвестиция жалб қилиниши, 250 та янги иш ўрни очилиши, ернинг
иқтисодий самарадорлиги кескин ошиши кўзда тутилган.
Учинчи йўналиш
инфратузилма билан боғлиқ. Туман марказига олиб борувчи 36 километр йўл тармоғи
11 та маҳалла ва 45 минг кишининг иқтисодий ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади.
Узоқ йиллар таъмир кўрмаган ушбу йўлларни янгилаш орқали ҳудуднинг ички
ҳаракатчанлиги ошади, логистика харажати камаяди, бизнес фаоллиги эса кучаяди.
Шу жараёнда 11 та янги лойиҳа шаклланиши, 50 та иш ўрни очилиши, транспорт
оқими тартибга тушиши кутилмоқда. Бу йўналиш иқтисодий фаолликнинг ҳудуд ичида
эркин айланишига хизмат қилади.
Тўртинчиси
— ер ва хизмат кўрсатиш бозорини жонлантириш. Туман ҳудудида саноат ва хизмат
кўрсатиш учун ажратилган 9,9 гектар майдон, М-37 йўли бўйидаги 1,6 гектар ҳудуд
ҳамда Нарпай канали бўйидаги 1,6 гектар ер аукцион орқали тадбиркорлик
субъектларига ажратилиши режалаштирилган. Бу жараён туфайли 37,3 миллион
долларлик инвестиция жалб қилинади, 488 та янги иш ўрни очилади, 24,4 миллиард
сўмлик қўшимча солиқ базаси юзага келади. Шу билан бирга, саноат, хизмат
кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмида ҳам сезиларли ўсиш кузатилиши
прогноз қилинган.
Бешинчи йўналиш
замонавий аграр технологиялар билан боғлиқ. Гидропоника усулида ташкил
этиладиган иссиқхона кластери 60 гектар майдонни қамраб олади. Сув таъминоти
чекланган ҳудудлар учун бу моделга энг мақбул ечим сифатида қаралмоқда. 20 ва
40 гектарли ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳалар натижасида 12 миллион
долларлик инвестиция жалб қилинади, 305 та янги иш ўрни очилади. Энг муҳим
жиҳати, йил давомида барқарор маҳсулот етиштириш имконияти мавжуд. Ушбу йўналиш
бугун Нарпай аграр тизимининг энг инновацион тармоғи сифатида машҳур бўлиб
улгурди.
Олтинчи йўналишга кўра,
энергетика ва савдо-логистика тизими модернизация қилинмоқда. “Тинчлик”
подстанциясининг қувватини ошириш орқали 45 минг кишига, саноат зоналарига ва
йирик савдо мажмуаларига узлуксиз электр етказиб берилади. Шу билан бирга,
“Мирбозор” бозори ва логистика маркази реконструкция қилиниб, 76,4 миллион
долларлик ва 4,7 миллион долларлик лойиҳалар ишга туширилади. Бу тизим
иқтисодий жараёнларнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди, бозор фаолиятини
барқарорлаштиради.
Еттинчи йўналиш ер ости
ресурсларини аниқлаш ва геологик салоҳиятни очиш имкониятларини кўзда тутади.
Ҳудуднинг геологик тузилмаси тўлиқ ўрганилмагани сабабли янги қидирув ишлари
бошланган. Ҳозир мавжуд салоҳиятдан максимал фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.
Айтилганидек, гранит тошларини қайта ишлашга мўлжалланган янги завод қурилиши
аллақачон бошлаб юборилган.
Саккизинчи йўналиш
сифатида эса фойдаланилмаётган бино ва ер майдонларини иқтисодий айланишга
қайтариш масаласи белгиланган. Бунда бўш турган объектлар аниқланиб, янги
инвестиция лойиҳаларига жалб қилинади. Яъни ҳудуддаги ҳаракатсиз капитални
иқтисодий фаолиятга йўналтириш орқали саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларини
кенгайтириш мақсад қилинган. Бу эса ўз-ўзидан бюджетга тушумнинг ошишига хизмат
қилади.
Умуман олганда,
Нарпайда шаклланаётган инвестиция модели алоҳида лойиҳалар йиғиндиси эмас. Бу
ҳудуднинг барча ресурсини яхлит занжирга боғлайдиган тизимдир. Ер, сув, йўл,
энергия, бозор ва инсон ресурслари бир марказда бирлашса, иқтисодий ҳаракат
янги босқичга чиқади. Шу нуқтаи назардан, Нарпай тажрибаси ҳудудий
ривожланишнинг янги модели сифатида ўзига хос йўлдан бормоқда.
Иқтисодий тизим билан боғлиқ категория
Ўзгаришлар оддий
одамлар турмушида акс этмагунча ҳеч қандай амалий қийматга ҳам, айтгулик
аҳамиятга ҳам эга бўлмаслиги аён. Шу маънода, Нарпайни камбағалликдан холи
ҳудудга айлантириш масаласи устида жиддий ва изчил ишлар бажарилмоқда.
Туман бўйича иқтисодий
фаол аҳоли сони 102 мингдан ошади. Шундан 97 мингдан ортиғи банд. Ишсизлар сони
5000 атрофида. Мазкур кўрсаткични йил якунига қадар 3700 гача тушириш
режалаштирилган. Фоиз ҳисобида қаралса, ишсизлик даражаси 4,9 фоиздан 3,3
фоизгача пасайиши кутилмоқда. Шунингдек, туман бўйича камбағаллик даражаси 5 фоиз
атрофида. Бу 2800 дан ортиқ оила дегани. Йил якунига бориб, ушбу рақамни 1400
тага тушириш кўзда тутилган. Айни мақсадда “Бандлик дастури” доирасида 38
мингдан ортиқ фуқаро қамраб олинган бўлиб, бу олдинги даврдаги ҳолат билан
солиштирганда қарийб икки баравар ўсиш демакдир.
Бу ўринда масала фақат
иш ўрни очишда эмас, балки қандай иш ўрни экани ҳам муҳим. Оддий мантиққа кўра,
паст даромадли, мавсумий ишлар узоқ истиқболда камбағалликни камайтирмайди. Бу
билан ҳаёт сифатини тамоман ўзгартириб юбориш имконсиз. Шу жараёнда энг муҳим
ўзгариш камбағалликнинг ижтимоий ҳолат эмас, иқтисодий тизим билан боғлиқ
категория сифатида қайта талқин қилинишидир. Содда қилиб тушунтирганда, агар
ишчи кучи юқори самарадор соҳаларга йўналтирилса, натижа тез сезилади. Акс
ҳолда, мавжуд ҳолат узоқ вақт ўзгармай қолиши эҳтимоли юқори.
Демак, ҳар бир ҳудудда
даромадни тез оширадиган, кўп иш ўрни очадиган йўналишларни аниқлаш зарурати
туғилади. Ана шу ёндашув “ўсиш нуқталари” деган тушунчани юзага чиқарди. Нарпай
тажрибасининг энг муҳим жиҳати ҳам шунда — бошқарувнинг маълумот, таҳлил ва
сунъий интеллект асосида идора қилиш тизимига ўтилишида. Бу ерда гап шунчаки
рақамлаштириш ҳақида эмас, балки қарор қабул қилиш маданиятининг ўзгариши,
ресурсларни бошқариш ва тақсимлашнинг янги услуби ҳақида кетмоқда.
Шу асосда ҳар бир ҳудуд
учун ички ривожланиш модели яратилади. Унда қайси маҳалланинг қандай йўналиш
бўйича салоҳияти юқори экани сунъий интеллект технологиялари асосида
аниқланади. Илгари умумий ёндашув устун бўлган бўлса, энди ҳар бир маҳалла ўз
характери, таъбир жоиз бўлса, иқтисодий ДНКси билан ажралиб туради. Сунъий
интеллект асосидаги таҳлил тизими ҳудуддаги ўзгаришларни реал вақт режимида
кузатиш имконини беради.
Шу
тариқа Нарпай модели пилот лойиҳа сифатида шаклланмоқда. Аввал туман даражасида
синовдан ўтадиган бу тизим кейинчалик бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилиши
режалаштирилган. Шу маънода, Нарпай тажрибаси оддий ривожланиш лойиҳаси
бўлибгина қолмай, янги бошқарув моделига, ўзига хос “йўл харитаси”га айланиши
кутилмоқда. Президентимиз ташрифидан сўнг бу борадаги ишлар янги тўлқинда,
янада юқори суръатда авж олди. Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллалардан
иккитаси айни шу ҳудудда бунёд этилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, Нарпай бугун
ўз тараққиётининг кейинги босқичига ўтиши баробарида янги иқтисодий фикрлаш
майдони ўлароқ, Учинчи Уйғониш нафасининг энг чекка ҳудудларгача етиб бориб,
керак бўлса, уни ривожланиш драйверларидан бирига айлантириш мумкинлигини
кўрсатади.
Аслиддин
АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири