Таъкидланишича, 2022 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилояти ИИББ томонидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган тадбирлар давомида 2002 йилда туғилган, Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи фуқаро "У.Ж." ижтимоий тармоқлар орқали тақиқланган диний материалларни тарқатиб келиш билан шуғулланаётгани хусусида маълумотлар олинган.

Тезкор-қидирув тадбирлар давомида аниқланишича, мазкур шахс Сурияда фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушган ва ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган.

У, халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида Интернет орқали “жиҳод” ва “шаҳидликка чорлов” маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган.

Хусусан, “У.Ж.» томонидан тарқатилган материаллар орасида “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли нашида ҳам бўлиб, унда ўзбек тилида “мужоҳид бўлиш насиб қилгани, карвондан қолмасдан уларга эргашиш кераклиги, шаҳид бўлиб кетиш орзулари экани, Аллоҳ берган жонни Аллоҳга сотишлари, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишлари, тоғутларга қарши курашиш ва мужоҳид бўлиб уларга эргашиш керак экани” мазмунидаги чорлов сўзлари келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг экспертлик хулосасига кўра, ушбу маълумотлар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг 20 февраль куни фуқаро “У.Ж.» га нисбатан Жиноят кодексининг 244 (1)-моддаси учинчи қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, жорий йилнинг 8 май куни Тошкент вилояти Оққўрғон туман суди томонидан “У.Ж.»нинг шахси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда, белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ бўлган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган. 

Бугунги кунда кўплаб ёшларнинг муқаддас ислом дини ниқоби остида фаолият юритаётган турли тақиқланган ташкилотлар таъсирида сохта “жиҳод”, “ҳижрат” ва “шаҳидлик”  ғоялари билан, Сурия, Ироқ ва бошқа, жанговар ҳаракатлар давом этаётган мамлакатлар ҳудудига чиқиб кетиш ҳолатлари давом этмоқда.

Охирги йилларда “Меҳр” инсонпарварлик операциялари доирасида юзлаб Ўзбекистон фуқароларини, асосан аёл ва болаларнинг, ушбу уруш ўчоқларидан Ватанга қайтарилгани, олиб келинган аксарият аёлларнинг турмуш ўртоқлари Сурияда жанговар ҳаракатлар давомида йўқ қилинганлиги бунинг яққол мисолидир.

Ҳозирда айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан “У.Ж.» телеграм-гуруҳига гўёки “YouTube” платформасидаги оддий диний қўшиқ ҳаволасини тарқатганлиги учун ёки диний нашида эшитганлиги учун жавобгарликка тортилгани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда. 

Таъкидлаш лозимки, “У.Ж.» шаҳид бўлишга (жанг майдонларида худкушлик содир қилиш, ўзини ўзи ўлдириш) даъват этувчи ўзбек тилидаги “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли диний қўшиқ ва бошқа бир қатор диний материаллар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда ушбу ғояларни танишларига ҳам етказиш мақсадида Телеграмʼ ижтимоий тармоғи орқали тарқатган.

Бундай ҳаракат Ўзбекистон ҳудудида жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланиб, тергов идоралари томонидан “У.Ж.»нинг ҳаракатлари тўғри малакаланган. 

Шу билан бирга, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 121-моддасига биноан, Интернет тармоғидан жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш ёки қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўйилмайди. 

“Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида эса журналистнинг мажбуриятлари қаторида ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги кўрсатилган.

Хулоса ўрнида, мамлакатда қонун устуворлиги тамойилига қатъий риоя қилган ҳолда, диний радикализм ва экстремизмнинг ҳар қандай шаклига қарши муросасиз кураш олиб борилиши ҳар томонлама таъминланишини эслатиб ўтилди!