Ўзагроинспекциянинг Самарқанд туман бўлими томонидан Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси назоратга олинган.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида тумандаги “Навобод Наслли Парранда” фермер хўжалиги томонидан Венгрия давлатининг “АВИАГEН К.Ф.Т.” компаниясидан жами 216 минг 465 бош РОСС-308 кроссли наслли жўжалар келтирилган. Ўрнатилган тартибга мувофиқ, ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 9 минг сўмини қоплаш учун давлат томонидан 1 милиард 948 милион 185 минг сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, “Навобод наслли парранда” кўп тармоқли фермер хўжалиги йирик экспортёр корхоналардан бири саналади. Айни кунларда бу ерда 300 минг бош наслли парранда парваришланмоқда. Корхона томонидан ойига 2 миллион донадан ортиқ наслли жўжалар етиштирилиб, республикамизнинг қарийб барча паррандачилик корхоналарига етказиб берилмоқда.
Корхона филиаллари Андижон, Хоразм, Сурхондарё, Тошкент вилоятида ҳам фаолият юритмоқда. Дастлаб наслли жўжалар германиялик ҳамкорлар томонидан етказиб берилган бўлса, бугунга келиб корхона қошидаги инкубация цехида жўжаларни очириш йўлга қўйилган. Хорижнинг замонавий ускуналари ёрдамида ҳар 100 та тухумдан 90-95 та жўжалар очиришга эришилмоқда, деб хабар беради Инспекциянинг Самарқанд туман бўлими катта инспектори Хуршид Хуррамов.