Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Қарши ҳамда Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган «Афросиёб» поездларининг мунтазам қатнови амалга оширилади. «Тошкент – Самарқанд – Мароқанд» участкаси 2 йўналишли пўлат излардан ташкил топган бўлса, Навоий – Бухоро йўналиши бир изли темир йўл участкасидан иборат.
Шу боис Ўзбекистон темирйўлчилари томонидан 1 изли «Навоий – Бухоро» участкасида 2-йўналиш учун темир йўлни бунёд этилиши натижасида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатновини қулай, хавфсиз ва ишончли бўлишига замин яратади. Энг муҳими йўловчи поездлар қатнови вақтини янада қисқартиришга эришилади.
«Навоий – Бухоро» участкасининг 2-йўналиши узунлиги 92,3 километрдан иборат бўлиб, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобига барпо этилмоқда. Белгиланган лойиҳага кўра ушбу участкада 3та разъезд, 1та темир юл ўтказгичини қуриш, 12та темир-бетон кўприк, 49та сунъий иншоот қурилиши ҳамда 3та техник хизмат кўрсатиш биносини қуриш кўзда тутилган.
Бугунги кун ҳолатига кўра «Навоий – Бухоро» участкасида ер ишлари бўйича умумий 92,3 километрдаги жами 2107,2 минг м3 тупроқ кўтарма ишларидан 1562 минг м3 тупроқ кўтарма ишлари амалга оширилиб, қолган 545,2 минг м3 тупроқ кўтарма ишларида қурилиш жараёни давом этмоқда. Мазкур темир йўл участкасида 47та сунъий иншоот қурилиб, яна 2тасида ишлар давом эттирилмоқда.
«1-сонли Энергомонтаж поезди ” унитар корхонаси мутахассислари томонидан 10кВ ли электр таъминот ҳаво линиясини кўчиришда СВ110-3,5 1605та темир-бетон таянчлар ўрнатилди, 60 километр симлар тортилди. 3та қўриқланадиган темир йўл кесишмасида «Бухоро минтақавий темир йўл узели» унитар корхонаси ходимлари томонидан қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда. Янги қурилаётган темир йўл линиясида 55,6 километр тупроқ кўтарма ишлари тугатилди. 47 километрга қум шағал тўшамаси ётқизилди.
Айни пайтда лойиҳадаги 5та темир-бетон кўпригини қуриш учун пойдевор тайёрлаш ишлари бажарилмоқда. «Қуйимозор – Разъезд-40» оралиғида эса 2 километр темир йўл излари ётқизилди. Бунинг учун қурилиш объектларида юздан ортиқ замонавий техникалардан унумли фойдаланилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгач, эксплуатасион харажатларни камайтиришга эришилади. Ҳаракат тезлигини ошириш ҳисобига истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш имконияти яратилади. Янги темир йўл участкасини қуриш орқали ўтказувчанлик қобилиятини кўтариш, янги иш жойларини ташкил қилиш, юк вагонлари айланмасини ортиши ҳисобига ҳаракат таркибига бўлган талабни қисқартириш, лойиҳа ҳудуди экологик муҳитини яхшилаш, замонавий коммуникасия тизимини ва ресурс тежаш технологияларини ривожланишини таъминлашга муваффақ бўлинади.