Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Тило Клиннер раҳбарлигидаги ишбилармонлар делегациясини қабул қилди.

Учрашувда Германия иқтисодиёти ваколатхонаси раҳбарияти ҳамда ГФР капитали эвазига Ўзбекистонда фаолият юритаётган ўнга яқин йирик компаниялар вакиллари иштирок этди. Мулоқот давомида мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хусусан, немис инвесторларини Навоий вилоятига кенгроқ жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоят раҳбари ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берар экан, Навоийда айнан Германиялик ишбилармонлар билан бошқа йўналишлар қаторида “яшил” энергетика йўналишида лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат университетлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, вилоятдаги касб-хунар мактаб ва коллежларида Германия тажрибасини жорий этиш борасидаги имкониятлар ҳақида тўхталди.

Жумладан, мамлакатимизда ёшларни касбга йўналтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини, шу сабабли таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустахкамлаш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, германиялик мутахассисларни жалб эткан ҳолда Навойи вилоятида инженерлар мактабини ташкил этиш таклифини берди.

Ўз навбатида Германия элчиси Тило Клиннер Навоийда инвестиция жозибадорлигини ошириш ва инвесторларга қулай имкониятлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, инновацион, юқори технологияли, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш учун мавжуд шароитларни алоҳида эътироф этди. Вилоятда инвесторларга имтиёз ва преференциялар тақдим этилгани, уларнинг қонуний манфаатларининг ҳимояланишини юқори баҳолади. Шунингдек,  Германия элчиси «Навоий» эркин иқтисодий зонасида хорижлик сармоядорларга яратилган имкониятлар, солиқ имтиёзлари, қулай инфратузилма ва логистика шароитлари албатта германиялик ишбилармонларда қизиқиш уйғотишига ишонч билдирди.

Учрашувда томонлар соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, туризм соҳасида ҳамкорликни яна кучайтириш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар. Музокаралар якунида икки мамлакатнинг ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш борасидаги истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.