Хизмат моҳиятининг ўзи аҳолини бир ҳужжатни деб овора қилмаслик, фуқароларга қулайлик яратишдан иборат. Мақсад халқ рози ризолигини олиш.

Қизилтепа тумани Давлат хизматлари маркази “Консурун” филиалининг биринчи мижози “Арабон” қишлоғилик Наргиза Эргашева бўлди. Фарзандлари ёш бўлгани учун марказга бориб давлат хизмати олишга имкони бўлмаган фуқаро ҳовлисида газ ўрнатишга рухсат олиш учун давлат хизматини олди.

Мурожаати қабул қилинганидан хурсанд бўлган фуқаро ўзи сингари ҳудуддаги 18 минг аҳолининг давлат хизматига бўлган эҳтиёжи ҳеч қандай оворагарчиликсиз қишлоқнинг ўзида ҳал бўлишини таъкидлади.

Тошработлик отахон Баҳодир Исмоиловнинг айтишича, марказ филиаллари туфайли энди одамлар узоқ йўлда маблағ йўқотмайди, ортиқча вақт сарфламайди. Чунки, “Тошработ” массивида 8 та маҳаллада 35 минг аҳоли яшайди.  8 та мактаб ва 6 та қишлоқ врачлик пункти мавжуд. Маҳалла фаолларининг фикрича, аввал бир ҳужжатни олиш учун кунни кеч қилишга тўғри келган.

Энди тошработликлар туман марказига бориш учун 40 километрлик йўлни босишмайди.

ДХА Навоий вилояти ахборот хизмати