Маълум бўлишича, 2023 йил ёз ойларида Навбаҳор туманидаги «Қалқонота» маҳалласи ҳудудида жойлашган Сармишсой тоғ тизмасида бир гуруҳ шахслар қонунга хилоф равишда олтин қазиш ишларини бошлаган. Улар бир неча ой давомида сунъий ҳовузлар ва ағдарма майдонларини ташкил этиб, олтин сақланган тоғ жинсларини йиғиб келган.
2023 йил октябрь ойида ички ишлар органлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида ушбу ҳолат фош этилди. Ҳодиса жойида қум уюмлари, ҳовузлар, ағдармалар ва турли ашёлар далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди.
Текширувлар давомида жиноий гуруҳ томонидан таркибида 9 килограмм 928 грамм олтин мавжуд бўлган, умумий қиймати 15 миллиард 551 миллион сўмдан ортиқ тоғ жинслари ўзлаштирилгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 196²-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда гуруҳ аъзоларининг бошқа жиноятларга алоқадорлиги бўйича тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.