Ижтимоий тармоқда «Кечки вақтда Навоий шаҳри «леон остановка»да дахшатли авария бўлгани айтилмоқда» сарлавҳаси билан тарқалган хабар юзасидан маълумот берилди.
Жорий йилнинг 15 январь куни соат 02:00ларда, Навоий шаҳар «И.Каримов» кўчасида ЙҲТ содир бўлди.
Таъкидланишича, «Матиз» русумли автомашина ҳайдовчиси А.Н. светофорнинг қизил чироғига келиб тўхтаган. Айни шу вақтда «Volkswagen» русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси О.Н автомашинани И.Каримов кўчасининг «Макро» савдо мажмуаси йўналиши бўйича бошқариб келиб, «Матиз»нинг орқа қисмига тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида «Матиз» автомашинасининг орқа ўриндиғида бўлган йўловчилар Э.У ҳамда О.Ғ лар олган тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.