Айниқса, спортнинг яккакураш турлари ёшлар орасида оммалашиб бормоқда. Хусусан, қўл жанги ҳам тез суръатларда ривожланмоқда.
Беллашувларда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан етакчи спортчилар иштирок этди. Баҳсларда ўзбекнинг мард ўғлонлари ҳам муносиб қатнашиб, мухлисларни хушнуд қилди. Хусусан, Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси ходими, сержант Олимжон Нормуродов ўз вазн тоифасида жаҳон чемпиони деган юксак унвонга сазовор бўлди.
Олимжон Нормуродов Ўзбекистон кубоги ва чемпионатлари, бир неча халқаро турнирлар ғолиби, 2 карра жаҳон чемпиони ва 2 карра жаҳон кубоги эгаси, қўл жанги бўйича халқаро тоифадаги спорт устасидир. Унинг бу ютуқлари эътироф этилиб, 30 июнь — Ёшлар куни арафасида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
— Қўл жанги мураккаб спорт турларидан. Сабаби, қўл ва оёқ зарбалари, йиқитиш ва оғритиш усуллари кўп. Ҳозир бу спорт турига қизиқаётган ва шуғулланаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Тошкентда ўтказилган жаҳон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритганим ҳаётимдаги энг катта ютуқларимдан бири бўлди. Турнир давомида тўртта рақиб билан жанг қилдим, ва улар ҳам кучли спортчилар эди. Болаликдан мақсадим жаҳон чемпиони бўлиш эди, бунга эришиш учун бор кучим билан ҳаракат қилдим ва ғалаба қозондим. Қолаверса, ўз Ватанимизда мухлислар ишончини оқладик. Албатта, бунинг учун кўп меҳнат, кучли жисмоний тайёргарлик ва мураббийларнинг тавсияларига қатъий амал қилиш талаб этилади. Давлат мукофоти билан тақдирланганим ота-онам ва устозларимнинг меҳнати самараси, — дейди Олимжон Нормуродов.
Дарҳақиқат, “Мард ўғлон” давлат мукофоти янги Ўзбекистонни барпо этиш ва унинг халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган Олимжон Нормуродов каби иқтидорли йигитларга берилади.
— Бу ютуқларим ҳали бошланиши, олдинда улкан орзуларим бор. Аввало, жонажон юртимга хизмат қилиш ва спортда навбатдаги ютуқларни қўлга киритиш олий мақсадим, — дейди қаҳрамонимиз.
Бугунги Ўзбекистон ёшлари шундай ютуқларга қодир. Фикримизнинг яна бир исботи жорий йилда Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган навоийлик Дилдора Раҳматовадир.
“Ҳаракат — бу ҳаёт”, дейди файласуфлардан бири. Мутахассислар эътирофича, болаликдан жисмоний фаолликда ўсиб-улғайган қизларда ўзига ишонч юқори бўлади. Дилдора ҳам гимнастика бўйича кўплаб ютуқларни қўлга киритган.
Дилдорани машғулотлардан кейин кутубхонада учратдик. Спорт билан шуғулланиб, китоб мутолаасини ҳам канда қилмайдиган қаҳрамонимиз илми, тафаккурини мунтазам бойитиб бормоқда.
Бир неча марта Ўзбекистон, икки карра Осиё чемпиони, кўплаб халқаро турнирлар ғолибаси, XVIII Осиё ўйинларининг кумуш медали соҳибаси Дилдора Раҳматова айни вақтда ёш йигит-қизларга ҳам гимнастика сирларини ўргатиб келмоқда.
— Бу спорт турини танлашимнинг асосий сабабларидан бири унинг нафислиги ва жозибадорлигидир. Унинг ўзига хос мураккаб жиҳатлари бор ва жуда нозик ҳаракатларни ҳам талаб этади. Ҳозир олтмишдан ортиқ ёшга мураббийлик қиляпман. Кутубхона эса севимли масканим ва бўш вақтимни шу ерда ўтказаман. Бадиий китоблар ва Зулфияхоним шеърларини севиб ўқийман, — дейди Дилдора.
Ҳа, юртимизда, хусусан, Навоийда Олимжон ва Дилдора каби иқтидорли йигит-қизлар жуда кўп. Уларнинг давлат мукофотига лойиқ топилгани эса камолот остонасидаги бундай ёшларни порлоқ манзилларга бошлаши шубҳасиз.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири