У қачон, қандай вужудга келганидан қатъи назар, ҳар томонлама илмий асосланиб, коинот ва табиат қонуниятлари ҳисобга олинган ҳолда яралган. Чунончи, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кундузнинг узая бошлаши, ёруғликнинг кучайиши, табиатнинг жонланиши Наврўз деб қабул қилинган.

Баҳор — фасллар маликаси, келинчаги, сулуви ва гўзали! Оламнинг барча рангларини фақат кўкламда кўрамиз. Табиат уйғониб, гул-чечаклар очилиб, атроф-теварак яшил либосга бурканган бир паллада юртимиз бўйлаб ўзгача шукуҳ кезади. Тинчлик-омонлик ҳукм сураётган ватанимизнинг ҳар гўшасида шарқона йилбоши — Наврўз кенг нишонланади: карнай-сурнай овозлари, шодон яллаю лапарлар, болажонларнинг шўх кулгуси яқин-йироқлардан эшитилиб, кўнгилларга кўклам нашидасини индиради. Шу тариқа халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналари қайта жонланади, янгича қиёфа касб этади. Қолаверса, азалий қадриятларимиз келажак авлодлар онгу шуурига сингиб боради.

Халқимиз бу кунни нишонлашга азалдан алоҳида тайёргарлик кўради. Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари имзолаган “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор ҳам юртдошларимиз орзиқиб кутаётган уйғониш фаслининг асосий шодиёнаси кўтаринки руҳда нишонланишидан дарак беради.

Мамлакатимиздаги улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда юксак савияда ўтказишга ҳар қачонгидан ҳам ўзгача шукуҳда тай­ёргарликни бошлаб берган ҳужжатга кўра, бу йил баҳор айёми “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояга эш тарзда ўтади.

Нима учун тантаналар руҳини белгилашга “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” шиори бош ғоя сифатида танланди? Юртимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида улкан қадамлар ташланмоқда. Буларнинг барчаси қадимий тарих ва анъаналарга эга шарқона янги йил — Наврўзи оламнинг инсонпарварлик моҳияти, унинг бағрикенглик, саховат ва меҳр-оқибат каби азалий қадриятлари аҳамиятини янада юксалтирмоқда.

Аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва ­эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан, барча табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш, жойларда аҳиллик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш устувор вазифамизга ­айланмоқда. Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида нишонланадиган бу йилги Наврўз шодиёналари шу боис, янгича руҳ ва мазмун касб этади.

— Халқимиз асрий орзулари ва даврлар синовидан ўтган одамийлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат каби фазилатлари, шунингдек, бағрикенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурмат сингари миллий қадриятларини ушбу байрам сайилларига сингдириб юборган, — дейди Олмазор туманидаги “Хастимом” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Саноат Яҳёева. — Мустақилликдан кейин қайта туғилган Наврўз ҳам барча қадимий қадриятларимиз қатори кенг нишонланадиган бўлди. Бу байрам юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари билан биргаликда тантана қилинади. Дунё сиёсий харитаси турли таҳликалардан титраётган бир паллада жонажон Ўзбекистонимизда барча миллат вакиллари томонидан турли тиллардаги куй ва қўшиқларнинг янграши — тинчлик ва осойишталик меваси.

Бугун республикамизда 150 дан зиёд миллий-маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Марказларнинг ташаббуси билан Наврўз сайиллари ташкил этилмоқда. Ҳар бир миллий маданий марказ ўз анъаналари, маросимларини Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллат вакилларига яқиндан таништиришга эътибор қаратади. Бадиий жамоалар, ҳаваскорлар ва халқ ардоғидаги санъаткорлар концертлари, миллий таомлар, миллий либослар, ҳунармандлар кўргазмалари намойишлари кишига олам-олам завқ беради. Миллати, тили, дини ва ирқидан қатъи назар, ҳар бир кишининг қалбига янгилик, қувонч олиб киради.

Наврўз хайру саховат ишларига даъват ҳамдир. Шу кунлари ногиронлиги бор юртдошларимизга, бемору ночор кишиларга саховат кўрсатилади, ҳолидан хабар олиниб, имкон даражасида моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади. Юртимиз Наврўзи ана шундай эзгуликлар тимсоли. У шунчаки намойиш, байрам эмас, балки одамнинг инсоний туйғуларига қувват бергувчи, уларни яқинлаштиргувчи, жипслаштиргувчи, ягона ватан туйғусини мустаҳкамлагувчи бебаҳо омилдир.

Қарорда сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган том маънодаги тарихий ўзгаришларга мос ҳолда маъно-мазмуни тобора чуқурлашиб бораётган Наврўз айёмини барча шаҳар ва қишлоқларимизда, бутун юртимизда умумхалқ сайли сифатида, юксак ташкилий савияда ва кўтаринки руҳда нишонлаш мақсадида тегишли масалалар белгилаб берилган.

Шунингдек, жойларда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган барча тадбирларни юксак даражада ташкил этиш, уларда юртдошларимизнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу йилги Наврўз муборак Рамазон ҳайити байрами билан ҳамоҳанг тарзда нишонланиши унинг инсонпарварлик тамойилларини янада кучайтиришини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун байрам дастурхонларини ташкил этиш ҳамда турли хайрия тадбирларини маҳалла фаоллари, ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари иштирокида уюшқоқлик билан ўтказиш назарда тутилмоқда.

— Наврўз байрами кунлари Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз!” байтларини қайта-қайта тилга оламиз, — дейди Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. — Унинг моҳиятига бугунги кун нуқтаи назаридан ўзгачароқ назар ташласак, қадр туни — муборак Рамазон ойи ичра эзгу дуолар, ниятлар ила бедор ўтказиладиган тун. Бу тун тонгга қадар қилинган ибодат, минг ойлик ибодат савобини беради, эзгу ниятлар, дуолар қабул бўлади дейдилар. Наврўз — Янги кун эса уйғониш, яшариш фасли баҳорга йўлдош, тун ва кун адолат тарозуси ичра тенг келган муддат, борлиқ, боғ-роғлар жаннатий ифорларга тўлган, далаларда деҳқон ер ҳайдаб, барака уруғини сочадиган палла. Қарангки, қадр тунидаги яхшилик соғинчи, табиатдаги уйғониш замиридаги барака ва хайрли оқибат илинжи Ўзбекистондаги бугунги давр, ислоҳотлар руҳига қанчалар уйғун.

Дошқозонлар атрофида сумалак, ҳалим тайёрлаш, ўйин-кулгилар моҳиятида, аввало, халқимизнинг бир-бирига меҳр-оқибати, бирлиги, ҳамжиҳатлиги, елкадошлиги, бир мақсад йўлида бир-бирига суянчиқлиги намоён бўлади. Бугун ҳам бизга Наврўзнинг бу каби инсонпарварлик тамойиллари жуда зарур.

Наврўзнинг инсонпарварлик моҳияти, азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг экани жойларда, катта майдон ва сайилгоҳларда, барча маҳаллаларда нишонланадиган шодиёналар моҳиятини белгилаб беради. Мамлакатимиздаги туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар меваси сифатида бўй кўрсатади.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири