Бешариқ туманидаги “Ўктамов Зоҳиршоҳ”, “Ўткир Умурзоқов”, “Иброҳимжон Балиқлари”, “Эргаш ҳосилот файзи” номли фермер хўжаликлари 2020-2021 йиллар учун туман сув истеъмолчилари уюшмаси билан шартнома тузмасдан сувдан ноқонуний фойдаланиб келишган.
Фермер хўжаликлари раҳбарларига сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги низомнинг тегишли бандларига асосан молиявий жарима санкциялари қўлланилди, тўпланган ҳужжатлар туман судига юборилди.
Тошлоқ тумани “Бесаранг Гулшани”, “Бекмурод баракали саховати” фермер хўжаликларида ўтказилган назорат тадбирларида фермер хўжаликларининг рухсат этилмаган жойлардан ноқонуний сув йўллари очиб олиш, ундан шартномасиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Риштон туманида сув истеъмолчилари уюшмаси мироблари гидротехник ишларни ўзбошимчалик билан бажариб, ҳудуддаги истеъмолчиларга талабномасиз сув очиб берган. Пахта мойдонларини суғориш учун ажратилган сувни бир нечта фуқаролар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, томорқа экин майдонларини суғораётганликлари аниқланди.
— Мазкур ҳолатлар бўйича 38 та ёзма кўрсатма ва 74 та тақдимнома киритилган, 334 та ҳолат юзасидан маъмурий чоралар кўрилиб, 106,8 млн. сўм жаримага тортилди. 206 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар судга, 2 таси прокуратура органларига юборилди, — дейди “Агроинспекция” Фарғона вилоят бошқармаси бош инспектори Жаҳонгир Эҳсонов. — Ўтган 9 ой давомида сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, сув олиш миқдорлари ва режаларининг бузилиш билан боғлиқ 722 назорат тадбирлари ўтказилиб, 654 дан ортиқ қонунбузарлик аниқланди.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири