Бир марта билиб-билмай жиноят содир этган кимсанинг бу ишга бошқа қўл урмаслиги учун қатъий назорат зарур. Айниқса, ҳуқуқбузарга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо берилган бўлса, у ҳолда махсус кузатув ва назорат зарурати янада ошади. Мамлакатимизда бу каби ҳолатларни тартибга солиш, жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ташкил этилиши мана шу йўлдаги муҳим қадамлардандир.
Пробация “синов” деган маънони англатиб, халқаро амалиётда ҳам мавжуд бўлган бу хизмат озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижросини таъминлаш ва назорат олиб бориш билан шуғулланади. Айни кунда Пробация хизматида назорат остидаги шахсларни электрон мониторинг қилиш тизими — электрон браслет жорий этилмоқда.
— Назоратнинг мазкур усулини жорий этишдан олдин маҳкумлар ҳамда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланилган шахсларни назорат қилиш борасидаги дунё тажрибасини ўргандик, — дейди ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи, полковник Маҳамадали Исмоилов. — Хорижий давлатларда назорат электрон браслетлар ёрдамида самарали амалга ошириб келинмоқда. Электрон қурилма назоратдаги шахснинг хулқ-атвори, ҳаракатланиш ҳудудини мониторинг қилиб боради.
Электрон браслетлар жазони ижро этиш тизими фаолиятига икки босқичда жорий этиш режалаштирилди. Биринчи босқич — 2020—2021 йилларда Пробация хизмати назоратидаги, яъни озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахсларга электрон браслетлар жорий қилинади.
Маълумот учун айтиш мумкинки, айни кунда Пробация хизмати назорати остида жами 59 611 нафар шахс бўлиб, улар орасида ахлоқ тузатиш ишлари, мажбурий жамоат ишларига жалб қилинган, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган, озодлиги чекланган, шартли ҳукм қилинган, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинганлар бор. Ўтган йил якунига кўра, Пробация назорат остидаги шахслар томонидан 192 та жиноят содир этилган. Гап шундаки, электрон браслет ёрдамида назоратни кучайтириб бунинг олдини олиш мумкин. Тўғри, жиноятчилар қилмашига яраша жазосини олади. Лекин жиноятчини жазолагандан кўра, унинг жиноят содир этишига йўл бермаслик, ахлоқан тузатиш минг карра афзалдир. Зотан, жаҳоннинг 60дан ортиқ давлатлари, хусусан, Буюк Британия, Россия, Швеция Швецария, Франция, Австрия, АҚШ, Жанубий Корея, Канада, Нидерландияда назорат остидаги шахсларнинг хатти-ҳаракатлари электрон браслетлар ёрдамида мониторинг қилиб борилади.
Иккинчи босқичда жазони ижро этиш тизимидаги манзил-колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга электрон браслетлар тақдим этилади. Айтиш лозимки, жазони ижро этиш тизимида 9 351 нафар маҳкум жазо муддатини ўтамоқда. Уларнинг маъмурият рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юриши ҳамда шартнома асосида корхона ва ташкилотларга ишга жалб қилинишини инобатга олган ҳолда, уларнинг белгиланган ҳудудни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этиши кузатилади. 2019 йил давомида манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар томонидан 22 та жиноятлар содир этилгани фикримиз далили.
Ёпиқ турдаги жазони ижро этиш колонияларида оғир ва ўта оғир жиноят содир этган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақланиб, улар жазо муддатини қўриқлов остида ўтайдилар. Бундай ўринларда ҳозирда 16 162 нафар маҳкум жазо муддатини ўтамоқда. Мазкур колониялар деворлар билан ўралиб, ИИВ Қоровул қўшинларининг қуролланган соқчилар ҳамда муҳандислик техник қўриқлов воситалари ёрдамида қўриқланади. Шунингдек, ёпиқ турдаги жазони ижро этиш колонияларида маҳкумлар колония маъмурияти ва ҳарбий назоратчилар томонидан узлуксиз назорати остида бўлиб, барча ҳудудлари видеокузатув воситалари билан жиҳозланган. Шу сабабли, ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни назоратини амалга оширишга электрон браслетларни жорий қилишга эҳтиёж йўқ.
Хуллас, электрон браслет назорат остидаги шахсга тузалиш йўлига ўтиш, жамиятга ижтимоий мослашиш, касб-ҳунар ўрганиш ва ишга жойлашишдан ўзга имкон қолдирмайди. Тузалиш йўлига ўтганлар бир умр электрон браслет тақиб юришга мажбур эмас, улар вақти-соати билан назоратдан чиқарилади.
Санобар ЖУМАНОВА