Миллий гвардиянинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси биносига етиб борганимизда ҳовлида “Очиқ эшиклар куни” бошланган экан. Бизга бошқарма масъул ходими Умиджон Авезов ҳамроҳлик қилди. Дастлаб Ички ишлар вазирлиги қарашли Наманган академик лицейи ўқувчилари учун  қишки таътил даврида режалаштирилган тадбирни кузатдик, ёшлар билан суҳбатлашдик.

Президент Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизматининг “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчилари билан мулоқот чоғида “Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан!” дея таъкидлаганди.

Дарҳақиқат, куч – билим ва адолатда. Замон шиддатига ҳар томонлама мос ва шай бўлган Ўзбекистон армиясининг салоҳияти ҳам унинг жанговор қудратида, ҳарбийлар юксак билими ва маънавиятидадир. Жисмонан ва ақлан етук, энг муҳими, она Ватанига садоқатли, халқига фидойи аскарларни асло енгиб бўлмайди. Юрт дахлсизлиги, аввало, ватанпарварлик руҳида камол топган жамики фуқаролар ва тинчлик-осойишталикни таъминлашга дахлдор барча орган ходимларининг туғилиб ўсган диёрини чин дилдан севиши, асл фарзанд сифатида хизмат қилишига бевосита боғлиқ. Айни ҳаётий ҳақиқатни қўшни мамлакатларимиз ва дунёдаги беқарор ижтимоий-сиёсий вазият яна бир марта исботлаяпти. 

- Ҳарбий форма кийишга кичиклигимдан қизиққанман. Наманган туманидаги 15-умумтаълим мактабининг 9-синфини аъло баҳога тугатиб, тест имтиҳони, суҳбат ва жисмоний топшириқларни муваффақиятли бажариб, 1-босқичга қабул қилиндим, - дейди ИИВ Наманган академик лицейи ўқувчиси Исломжон Исмоилов. – Бугунги “Очиқ эшиклар куни”да саволларимга жавоб олдим. Миллий гвардия бўлинмаларида йигитлик бурчини ўтаётган акаларимизнинг жанговор машғулотлари, айниқса, ҳарбий хизмат ҳайвонларининг чиқиши катта таассурот уйғотди. Худо хоҳласа, болаликдаги орзуим ушалиши учун астойдил ўқиб-ўрганаман ва ота-онам, устозларим ишончини оқлайман.

Янги механизм ва тартибда ишлаётган Миллий гвардия

Мамлакатимизда аҳолининг осойишта умр кечириши йўлида жамиятда қонун устуворлигини, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, барқарор ривожланишимизнинг гарови – тинчликни асраб-авайлашда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси муҳим ўрин тутади. Миллий гвардиянинг устувор вазифа сифатида белгиланган “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида мутлақо янги механизм ва тартибда, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлик самараси сезиларли ошди.

Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси томонидан ҳам ҳудудда маҳаллаларда уюшмаган ёшлар ва таълим муассасалари ўқувчи ёшларини ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни турли хил ёт ғоялар таъсиридан сақлаш мақсадида вилоятимиздаги дахлдор идоралар маъсуллари билан ҳамкорликда 2021-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”га мувофиқ қатор тадбирлар ташкил этилди. Якунланган 2022 йилдаги айрим мисолларга тўхталсак.

Таълим муассасаларида ёшлар, энг намунали ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, вилоят тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ҳамкор ташкилотларнинг фидойи вакиллари билан ҳисобот йили мобайнида 532 минг 661 нафар келажагимиз эгаларини жалб этган ҳолда жами 3 минг 334 маротаба маънавий-маърифий, спорт ва ватанпарварлик тадбирлари уюштирилди. “Уч авлод учрашуви”, “Беш ташаббус”, “Эъзоз ва эҳтиром” тадбирлари ҳам шулар жумласидан. Миллий гвардия ташаббуси билан қўл жанги (22 та), камондан отиш (35 та) ва от спорт бўйича (22 та) секциялар йўлга қўйилган ва уларга қарийб 1 минг 800 нафар ёш қамраб олган. Вилоятда миллий гвардия ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларининг 7-9- ва 10-11-синфлари ўртасида “Ватанпарварлар” ҳамда “Ёш гвардиячи” ҳарбий спорт мусобақалари босқичма-босқич ўтказилди ва ғолибликка эришган жамоалар республика босқичига йўлланма олишди.

- Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва маҳаллардаги ёшларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар олдини олишга қаратилган турли мусобақа ва фестивалларда ҳам Миллий гвардия бошқармасининг иштироки фаол бўлди, - дейди бошқарма бошлиғи, полковник Собитхон Мирзаев биз билан суҳбатда. - “Дуатлон” бўйича бошқарма бошлиғи кубоги, ёшларнинг Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси тасарруфидаги, ҳарбий қисм ва ҳудудлардаги бўлинмаларга саёҳатлари, хусусан, 36 маротаба “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Ёшларни қўшинлар ҳаётидаги асосий байрамларга (қасамёд қабул қилиш, ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар, имтиёзли тавсияномаларни топшириш маросимлари, ҳарбий қисм ташкил топган ва мутахассислар кунлари) ташрифлари амалга оширилди.

Ватан учун кўксим тоғ, қалқондир шаъним...

Бошқарманинг оммавий ахборот воситалари ва ҳужжатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим Муниса Тўраеванинг айтишича, бу каби тадбирлар ҳар ҳафтада нафақат вилоят, туман ва шаҳарлар марказларида, балки чекка қишлоқлар, чегараолди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли ва ёшлар учун ҳам ҳарбий техника, қурол-аслаҳалар намойиши, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги ва саф қўшиқлари, ҳарбий оркестр ва ансамбл жамоаларининг концерт дастурларидан иборат ҳарбий ватанпарварлик фестиваллари эсда қоларли бўлмоқда. Бошқарма ҳарбий хизматчи ва ходимлари жавобгарлик ҳудудида жамоат жойларида, хиёбонларда ҳамда оммавий тадбирлар (футбол, концерт, маданий ва бошқалар)да жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ҳам жонбозлик кўрсатмоқда.

Бошқарма батальонидамиз. Байрамона кайфияти ва жиддий қиёфаси билан диққатимизни тортган икки барваста аскарни командирлар рухсати билан суҳбатга чорладик. Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур ва Яшнабод туманларидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигирма ёшли азаматлар дарров ўзларини таништиришди.

- Мен, оддий аскар Зуҳриддинов Ғиёсиддин, мен, оддий аскар Қурбонбоев Зафарбек! Улар билан эркин ҳолатда ва самимий сўзлашдик.

- Доимо оиламиздаги ҳарбий акаларимдек бўлишга интилганман, - гап бошлади салобатли оҳангда Ғиёсиддин. - Келгусида Давлат хавфсизлик хизмати институтида таҳсил олмоқчиман ва шу тизимда ишламоқчиман. Қатъий ҳарбий тартиб-интизомни ёқтираман. Айни пайтда давлат имтиҳонлари учун қизғин тайёргарлик жараёнидамиз. Ҳар бир йигит, албатта, армияга бориши керак, деган якдил фикрдаман.

- Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида чавандозликни ўзлаштирганим бу ерда роса қўл келяпти, - деди дадиллик билан Зафарбек. – Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлиги йўналишида ишда қолиш ниятидаман. Тўғри, бир йил муқаддам мусофирлик нималигини яхши англамасдик. Қолаверса, ўн ойда ватанпарлик туйғуси ва жанговор салоҳиятимиз юз карра ўсди.

Таъсирли чора-тадбирлар инсон қадрини улуғлашга қаратилган

Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан биргаликда аҳоли ва ёшлар ўртасида ёшларни турли хил ёт ғоялардан асраш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ўғил-қизларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида қирқдан зиёд профилактик тадбирлар ўтказди. Маҳаллалар кесимида жиноят содир этган 113 нафар вояга етмаганлар, 1 минг 315 нафар ёшлар ва 453 нафар хотин-қизлар, ҳуқуқбузарликка мойил ўсмирларга таъсирли чоралар қўлланди. Вилоят қўриқлаш бошқармаси томонидан ҳудудда вояга етмаганлар томонидан ўғирлик ҳолатларига қарши курашиш бўйича мазкур жиноятларнинг олдини олиш учун фуқароларимиз хонадонлари ҳамда тадбиркорлик бинолари видеокузатув мосламалари ўрнатилиб, қўриқловга олинди.

- Миллий гвардия тизимига давлатимиз раҳбарининг қаратаётган алоҳида эътиборига жавобан изчил саъй-ҳаракатларни сифатли давом эттирмоқдамиз, - дейди батальон командири, майор Қамариддин Турсунов. - Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд муаммолар ечимини излаш ва келгусидаги ишларни чуқур таҳлил қилиш баробарида тизимда ҳали олдимизда турган устувор вазифалар кўлами ҳамда моҳияти нақадар катта эканини ҳис этамиз.

Инсон қадрини улуғлаш, айнан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга, уларни оила муҳитига яқинлаштириш, ота-она, ака-ука, опа-сингил даражасида яшашларини таъминлашга киришилгани жуда аҳамиятли. 2021 йил август ойида муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари Миллий гвардияга бириктирилган эди. Сўнгра қисқа фурсатда Наманган шаҳридаги 26-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини орзу-истакларини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси масъуллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан 41 нафар тарбияланувчидан 5 нафари ўз оиласига қайтарилди, 19 нафари оилавий болалар уйига жойлаштирилди, қолганлари патронатга берилди, васийликка олинди. Шу муносабат билан улар ҳисобдан чиқарилди ва даргоҳида болалар қолмагани учун сабабли юқоридаги давлат меҳрибонлик уйи ўша йил ноябрь ойида бино дарвозаси ёпилди ва фаолиятини расман тамомлади. Ҳозирда вилоятда 3 та оилавий болалар уйларида 12 нафар тарбияланувчи бор. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорларига асосан вилоят ҳокимлиги ва бошқарма томонидан 2022 йилда меҳрибонлик муассасаларининг 7 нафар тарбияланувчисига барча қулайликларига эга бўлган шинам хонадонлар тантанали тарзда топширилди.

“Ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимиз хавфсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга қодир бўлган, ҳар томонлама замонавий қуролланган, қудратли армиямиз шаклланмоқда. Аниқ мақсадга қаратилган ана шундай ишлар натижасида армиямиз қиёфаси ҳам, ҳарбий хизматнинг маъно-мазмуни ҳам тубдан ўзгармоқда. Қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлик даражаси кескин ошмоқда... Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз”, – деганди Ўзбекистон Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони, Республика Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида.

Ҳа, хотиржамлик ҳукм сурар экан, диёримиздан файз-барака аримайди, одамлар орасида меҳр-оқибат, хайру саховат, ўзаро ҳурмат қарор топади. Зеро, Ватан тинчлиги ва осойишталиги – улуғ неъмат, уни кўз қорачиғидек авайлаш ҳамда мустаҳкамлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Таниқли шоир Иқбол Мирзо битганидек, “Неки азиз бўлса, шартдир ҳимоя!”

Орифжон ЖЎРАЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.